МАЪНАВИЯТ – ВАТАН, ЭЛ-ЮРТ КЎРКИ


Тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов муаллифлигида “Маънавиятни англаш – инсонни англаш ёхуд “огоҳлик қўнғироғи”га қандай муносабат билдиряпмиз” номли танқидий-таҳлилий мақоласига муносабат

Доно халқимизда “Ватанни севмоқ иймондандир”, деган мақол бор. Инсон ўзи вояга етган, дўсту-биродарлари, ака-ука, опа-сингиллари камол топаёт­ган она-Ватанини севиши, уни авайлаб асраши юксак маънавият, иймон эътиқод белгисидир.

Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган  “Маънавият фестивали” доирасида олим, тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов муаллифлигида “Маънавиятни англаш – инсонни англаш ёхуд “огоҳлик қўнғироғи”га қандай муносабат билдиряпмиз” ­сарлавҳасида (“Янги Ўзбекис­тон газетаси”, 2021 йил 29 июнь. 131-сон) чоп этилган танқидий-таҳлилил мақола бутун ўқувчиларни фикр юритишга чорлайдиган, маънавият ва тарғиботчиларни янгидан-янги изланишларга бошлайдиган руҳда ёзилганлиги билан эътиборимизни тортди.

Биз бугун янги Ўзбе­кистонни барпо қилмоқдамиз, яратмоқдамиз. Ушбу йўлда маънавият – инсон қадри ва Ватан кўрки сифатида хизмат қилиши аниқ. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: “Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳеч ким четда турмаслиги, «Ўз болангизни, ўз уйингизни, ўз Ватанингизни кўз қорачиғидек асранг!” деган шиор одамларимиз қалбидан чуқур жой олиши зарур”.

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Маънавият фестивали” доирасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус туманидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган ота-оналар ва ёшлар иштирокидаги “Очиқ эшиклар куни” учрашувида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда иштирок этган Фалсафа фанлари доктори, профессор Ж.Шермухаммедова,  юридик фанлари доктори, профессор Ф.Мухитдинова ва бошқа олим, санъаткорлар томонидан она-Ватанимизни, унинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек асраш шу юрт фарзанди бўлган ҳар бир инсоннинг муҳим бурчи экани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг таниқли ёзувчи-шоирлари ва санъаткорларининг чиқишлари ёшларга маънавий завқ бағишлади.

Албатта, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳар доим ҳам, жамиятдаги муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.

Демакки, кун тартибидаги маънавият ва маърифат масаласи эл-халқ, миллат тақдири билан ҳамоҳанг бўлиб, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, у “Биз учун “огоҳлик қўнғироғи” сифатида хизмат қилади”.

Мақолада биз эришган ютуқлар билан бирга, жамиятимизда юз бераётган камчиликлар, эътибордан четда қолган ва албатта эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар ҳам тилга олинган.

Ватан ўз остонанг, оиланг, маҳаллангдан бошланади. “Бир фарзандга етти маҳалла ота-она”, деганларидек, ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ташкиллаштириш, уларда бузғунчи ғоялар, турли таҳдидлардан химояланиш иммунитетини шакллантириш ва шу орқали она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда маҳалланинг ўрни ва роли ғоятда катта.

Жорий йилнинг 28 июнь ва 2 июль кунлари Қорақалпоғистонда ўтказилган “Маънавият фестивали” доирасида мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” ва “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” мавзуларида чекка овуллар, маҳаллалардаги нуроний ва зиёлилар иштирокида онлайн семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда қатнашган эл ҳурматидаги устозлар, жумладан таниқли профессор-ўқитувчилар, меҳнат фахрийлари ҳамда ота-оналар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига оддий тилда баён қилди.

Мақолада гап маънавий қадриятларимизга қарши таҳдид ва хатарлар, жумладан бузғунчи ғоялар ҳақида кетганда профессор Президентимизнинг қуйидаги фикрларини келтиради: “Миллий маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан, таъбир жоиз бўлса, “чақирилмаган меҳмон” бўлиб хонадонимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болаларимизнинг покиза қалби ва юрагига кириб келмоқда”.

Чиндан ҳам, ахборот технологиялари кенг оммалашиб бораётган бугунги глобаллашув даврида Интернет тармоғининг айниқса ёшлар тарбиясига кўрсатаётган салбий таъсири ҳамда уларнинг хавфли оқимларга кириб кетиш ҳолатларига афсуски, гувоҳ бўлмоқдамиз. Профессор А.Маврулов ўз мақоласида келтирганидек, ушбу муаммони концептуал равишда тизимли ҳал қилишнинг ягона йўли – фуқаролар, айниқса ёшларда ахборотлашган жамоат қонуниятларига амал қилиш кўникмасини, ёлғон хабарни тўғрисидан фарқлай олиш маданиятини ҳамда маълумотларни таҳлилий-танқидий ўрганиш амалиётини шакллантиришдан иборат.

Фестивал доирасида Нукус шаҳри ва туманларда амалга оширилган “Фаол фуқаро”, “Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри”, “Маърифат тур”, “Миллий ва тарихий кинофильмлар намойиши” ва “Бахши-жиров ва қиссахонлик кечалари” каби лойиҳалар ҳам юқорида қайд этилган ёшлар тарбиясига хавф солаётган турли иллатларга қарши ҳамкорликда курашишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Негаки, маънавий-маърифий тарғибот ишларидаги муҳим мақсадлар ўзагини фарзандлар қалбида она-Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, бу борада тегишли ташкилотлар, жумладан ота-она ва устозлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш ташкил этиши зарурдир.

Умуман олганда, мақола биз кутган ва режа қилган ишларнинг самараси аниқ баён қилинганлиги билан эътиборни ўзига жалб қилади. Жумладан, жамоат жойларида ёшларнинг ҳатти-ҳаракатларида кузатиладиган ўзгаришлар хусусида сўз юритилган. Мақолада шунингдек, “гедонизм”, “консерватизм”, “радикализм” ва “технократик маданият” каби  баъзи терминлар мазмун-моҳияти кенг ва оддий тилда очиб берилган.

Масалан, олимнинг айрим ёши катталардаги “консерватизм” ва баъзи ёшлар онгига ўрнашиб қолаётган “радикализм” ўртасидаги зиддиятли ҳолатларга эътибор бериши жуда ўринлидир. Ёши улуғ ота-она ва “кўчанинг таъсирига тушиб қолган” ўғил-қизлар ўртасидаги бир-бирини тушунмовчиликлар чиндан ҳам жамиятимизда тез-тез учрамоқда. Бундан кўриниб турибдики, Интернет тармоғида бизнинг менталитетимизга зид ахборотлар билан ўралашиб қолган фарзанд “радикализм” билан оилавий, миллий қадриятлар ва урф-одатларни ҳамма нарсадан устун тутадиган ўз ота-онасига қарши бормоқда. А.Маврулов шу тариқа ҳаётий муаммоларни ўртага ташлаб, ўз навбатида масаланинг ижобий ечимини ҳам кўрсатиб беради.

Шунингдек, профессор А.Маврулов таъкидлаганидек, китоб ўқиш, билим олиш, тажриба орттириш, ўзини ўзи ривожлантиришга интилиш инсон маънавий эҳтиёжининг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. “Маънавият фестивали” доирасидаги лойиҳалардан яна бирининг “Янги уйғониш даври китобхонлик ва кутубхоналардан бошланади”, деб номланиши ҳам бежизга эмас, албатта. Ижодий гуруҳ аъзолари, жумладан шоир ва адиблар ҳамда қатор санъаткорларнинг мазкур шиор остида қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашуви, китобхонликни тарғиб қилиб, ёш авлод вакилларига китоблар тўпламини совға қилиши ёшларга бир дунё завқ бағишлади. Ўйлайманки, Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу тарғибот ишлари бундан буён ҳам давом этади.

Яна бир бор таъкидлаш жоизки, Ватан – остонадан бошланади. Ватанга муҳаббат ва садоқат инсоннинг ўз атроф-муҳити, ҳурмат-иззати ва қадрлаш туйғусини асрашидан шаклланади. Таълим-тарбияда узлуксизлик ва кетма-кетлик босқичлари ўз самарасини бериши ҳаётий тажрибалардан маълум. Ушбу нуқтаи назардан мақола муаллифи, ҳурматли профессор тарихий ўтмишга назар солиб, теран фикр юритади. Ва унда илмий аспектда фалсафий ва тарихий  қарашларини аниқ содда тилда ифодалаб берган.

Умуман олганда Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган “Маънавият фестивали” ўз мақсадларига эриша олдими? Албатта, маълум даражада. Негаки, бу ҳали бошланиши. А.Маврулов  мақоласида айни пайтда бутун Республика миқёсида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар самараси ва келгусида уни ташкиллаштиришда нималарга аҳамият қаратиш зарурлигига ҳам алоҳида урғу беради.

Хусусан, маънавий-маърифий ишларимизни режалаштиришда жамият аъзоларининг маънавий эҳтиёжларини эътиборга олиш, жамотчиликка одамлар маънавият фидойиларидан кутган нарсаларни бериш ва бу борадаги энг устувор вазифаларни аниқлаш каби фикрлари жуда ўринлидир.

Мазкур фикрлардан хулоса шуки, биз маънавият ва маърифатчилар тарғибот ишларини олиб бориш ва ушбу йўлда турли тадбирларни ташкиллаштиришда профессор таъкидлаганидек, юқоридаги жиҳатларни инобатга олишимиз, аҳоли маънавий эҳтиёжларини аниқлашда керак бўлса, ижтимоий сўровномалар ўтказиб, аҳолининг кенг қатламига кириб боришимиз, муҳими фидойилик билан изланишлар олиб бориб, тинимсиз ҳаракатда бўлишимиз зарур.

Ўйлайманки, тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов муаллифлигидаги айни мақола номида, яъни “Маънавиятни англаш – инсонни англаш ёхуд “огоҳлик қўнғироғи”га қандай муносабат билдиряпмиз” мавзусида республика, ҳаттоки, халқаро миқёсда семинар-тренинг, анжуман ўтказиш ғояси бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.

Сўзимнинг якунида муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги сўзларини келтирмоқчиман. “… Маънавият масаласи —  бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши деб ўйласа хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий,  энг муҳим вазифалардан биридир…”

Шунингдек, мақола муаллифи, профессор А.Маврулов мазкур йўналишда бугун биз қилишимиз зарур бўлган самарали ишларимизга концептуал таклифлар бердики, мазкур таклифларни методологик қўлланма сифатида ҳам фойдаланиши мақсадга мувофиқдир.

Татлимурат АТАМУРАТОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, Тарих фанлари номзоди.