Маънавият — инсон куч-қудратининг асоси


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2020 йил “Илм, маърифат ва сонли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланиб “Сен – қудрат  манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий-маърифий видеоконференция бўлиб ўтди.

Маънавият ва маърифат маркази, унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Маданият вазирлиги билан биргаликда ташкил этилган тадбирда Оролбўйи ҳудудида яшайдиган аҳолининг маънавий-маърифий алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Уларнинг маданияти, анъана ва қадриятлари, тилини ривожлантириш мақсадида кўпгина миллий маданий марказлар фаолият олиб бормоқда.

2019 йилда “Жамоатчилик фикри” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 98 фоиздан ортиқ иштирокчилар юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари Ўзбекистонни ўз уйи сифатида билишини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланганлигини қайд этган.

Конференция давомида Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор М.Хожиматовнинг “Маънавий ислоҳотлар-дўстликни, тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар  ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбоновнинг “Миллатлараро тотувлик – юртимизнинг катта бойлиги”, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Э.Дурдиевнинг “Қорақалпоғистон Республикасидаги миллий-маданий марказлар” мавзусидаги ва бошқа маърузалар тингланди. 

— Бугунги кунда Қорақалпоғистонда қозоқ, туркман, рус, корейс, украин миллий  маданий марказлари фаолият олиб бормоқда. Улар билан биргаликда ҳар йили анъанавий тарзда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида маданият ва дўстлик фестивали ўтказилиб келинмоқда. Фестиваль доирасида республикамизда яшовчи турли миллат вакилларининг ўзига хос миллий қадриятлари, анъана ва урф одатларини сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган кўргазмалар, миллий маданий марказлар ҳузурида ташкил этилган фольклор гуруҳларнинг гала концертлари, “Ҳаракатлар стратегиясининг Миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди. Шунингдек, ўтган йили 18-19 сентябрь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда Қорақалпоғис­тон Республикаси Маънавият ва маърифат кенгаши билан биргаликда “Маънавият фестивали” ўтказилди. Бугунги онлайн конференция ҳам мана шундай фестивалларнинг узвий давомидир, — дейди Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Қ.Юсупов. 

Конференция давомида Давлат дастурининг 260-банди ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилган ишлар, Оролбўйи ҳудудида яшайдиган аҳолининг маънавий ва маърифий алоқалари, келажаги, ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашлари фаолияти муҳокама қилиниб,  энг намуналилари тарғиб этилди.

Карантин талабларига амал қилган ҳолда ташкил этилган тадбир давомида миллий маданий марказлар вакиллари   ижросидаги куй-қўшиқлар барчага бирдек  завқ улашди.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.