Маҳаллада ўзгариш бўлса — бутун жамият ўзгаради


Юртимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик, тинчлик-тотувликни асрашда маҳалланинг ўрни беқиёс.

Айниқса, кейинги тўрт йилда мамлакатимизда маҳалла инс­титутининг ўрни ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, соҳани ривожлантиришга оид 50 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бутун юртимиз бўйлаб “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим яратилди.

Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, муҳтарам нуронийларимизнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеи ва таъсирини кучайтиришга кўмаклашиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Фуқаролар йиғинлари раисларининг қатор йўналишлар бўйича ўринбосарлари лавозими жорий қилиниб, соҳа ходимларининг маошлари оширилди. «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис қилинди.

«Маҳалла обод бўлса — юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса — бутун жамият ўзгаради», — дея таъкидлади Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига йўллаган табригида.

Бугунги кунда юртимизда маҳаллаларнинг қиёфаси тубдан ўзгармоқда, ҳудудларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги корхоналарни ишга тушириш орқали, янги иш ўринлари яратиш бўйича бир қанча ижобий натижаларга эришилмоқда.

— Ҳудудимизда 331 хонадон бўлиб, уларда икки мингга яқин турли миллат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда, — дейди «Аспантай» овул фуқаролар йиғини раиси Амангелди Темиров. — Ҳудудимизда иккита мактаб жойлашган, фарзандларимиз қорақалпоқ ва қозоқ тилларида таълим олмоқда. Жорий йилда овулимиз «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, ҳозирда  йўллар, кўча ва хиёбонларимизда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларимизни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, шу йилнинг январь ойида  6 нафар аёл-қизларга тикув машиналари, 64 нафар ёшларга 0,5 гектар экин майдонлари ажратиб берилган бўлса, бир нечта фуқароларнинг банклардан имтиёзли кредитлар олишига амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

— Халқ банкидан 80 миллион сўмлик  кредит олиб, «Мурат-Алпомиш» жамиятини ишга туширдим ва ҳозирча иккита иш ўрни яратилди — дейди ҳудуд фуқароси Муратбой Хўжаназаров. —  Кейинчалик хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишни режалаштирмоқдаман.

Мана бугун, шу каби эзгу ишларни республикамизнинг барча овул ва қишлоқларида кўриш мумкин. Албатта, бу эзгу ­ишларда маҳалла тизимида ­фаолият юритувчиларнинг ҳиссаси катта.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.