Миллий мерос ва бебаҳо қадриятлар тимсолига айланган фестиваль


Президентимиз ташаббуси билан юртимизда сўнгги йилларда қадимий санъат тури ҳисобланган бахшичиликни ривожлантириш, унинг халқ маданиятини юксалтиришдаги аҳамияти, бахшичилик мактабини яратиш, мазкур санъат турига қизиқувчан истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2019 йилда Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган I Халқаро бахшичилик санъати фестивали, юртимизда «Алпомиш» достонининг минг йиллиги кенг нишонлангани, Термиз шаҳрида бу улуғ бадиий обида шарафига, Самарқанд шаҳрида атоқли бахшиларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуалари бунёд этилгани,  мамлакатимизда «Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси» фахрий унвонининг таъсис этилгани бу борадаги амалий ишларнинг ёрқин намунасидир.

Шунингдек, бугунги кунда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида “Достон ижрочилиги” кафедраси, Термиз шаҳрида бахшичилик мактаби, Нукус шаҳрида опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб,  болалар мусиқа ва санъат мактабларида фольклор синфлари фаолият кўрсатмоқда. Олимларимиз томонидан кўп томлик «Қорақалпоқ фольклори» тўплами чоп этилди. 100 томлик «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» мажмуаси нашр этилмоқда. Бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари мунтазам давом этмоқда.

Буларнинг барчаси юртимизда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат, муҳаббат руҳида тарбиялаш,  эзгулик,  адолат, мардлик, ватанпарварлик каби ҳислатларни шакллантириш, шунингдек, миллий анъана ва қадриятларимизни янада бойитиш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 апрелдаги “II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёр­гарлик кўриш ва бахшичилик санъатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Нукус шаҳрида шу йилнинг 17-20 сентябрь кунлари II Халқаро бахшичилик санъати фестивали катта кўтаринкилик руҳда ўтказилди.

Фестиваль доирасида бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, сайллар, юртимиздаги таниқли инсонларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги дастурлар, бахшичилик санъати тарихига оид ўзбек, рус, форс, араб,  инглис тилларида нашр этилган илмий асарлар ва илмий–маърифий адабиётлар кўргазмалари ташкил этилди.

Фестиваль доирасида «Орол балиқларидан 99 хил таом» халқаро гастрономик тадбири ўтказилиб,  унда республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан мутахассислар, ошпазлар иштирок этди. Иштирокчилар  балиқ маҳсулотларидан ранг-баранг  овқатлар тайёрлашди ва мусобақа якунида ғолиблар аниқланди.

Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ  давлат санъат музейи атрофидаги майдонда турли ҳудудлардан келган тадбир иштирокчилари томонидан  маҳаллий урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган кўргазмалар, саҳналаштирилган концерт дастурлари намойиш этилиб, халқ ­сайллари ўтказилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, фестиваль доирасида «Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида II халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Мазкур анжуманда Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли илм масканларидан ташриф буюрган таниқли фольклоршунос олимлар бахшичилик санъатининг тарихи ва жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ҳақида маърузалар ўқиди.

II-Халқаро бахшичилик санъати фестивали нафақат санъат тури, балки илм қилиниши лозим бўлган, Марказий Осиё маданияти цивилизациясида муҳим аҳамиятга эга санъат йўналиши эканлигини кўрсатди.

Конференцияда бахшичилик санъати келажагига оид муҳим резолюция қабул қилинди.

II Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли бастакор, театрнинг бош дирижёри Қурбанбай Заретдиновнинг «Халқ учун» операси, таниқли ёзувчи Ч.Айтматовнинг “Жамила” асари асосида тайёрланган спектакл (саҳналаштирувчи режиссёр М.Усенов) ҳамда театрнинг симфоник оркестри ижросида концерт, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида “Ромео ва Джульетта” спектакли  намойиш этилиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун  Мўйноқ туманига саёҳат уюштирилди. Улар сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишларнинг гувоҳи бўлишди.

Нукус шаҳридаги Очиқ театрда II Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг якунига бағишланган гала концерт ва танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, халқаро танловнинг ҳайъат аъзолари раҳбари, IOV Халқаро фольклор ташкилотининг Осиё минтақаси бўйича директори, доктор Мун Хюнг Сук сўзга чиқиб, мазкур фестиваль дунё халқларининг бахшичилик санъати, маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш, тарғиб этиш, тили, дини, миллатидан қатъий назар барча халқларни санъат орқали бирлаштириш ва улар орасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Фестиваль ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳомийлигида ўтказилиб келинаётган йирик халқаро фестиваллардан  бирига айланди.  Унда 60 дан ортиқ давлат, кўпгина нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этгани аҳамиятлидир.

Нукус шаҳрида ўтказилган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига 22 давлатдан 100 дан зиёд бахши, оқин, жировлар, санъат жамоалари, шунингдек, юртимизнинг барча ҳудудларидан ижрочилар ташриф буюриб, ўз санъатини намойиш этишди.

Танлов якунида II Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг бош соврини-Гран-при Жанибек Пиязовга (Ўзбекистон) насиб этди.

1-ўринни Юлиана Кривошапкина (Россия, Якутия), Феруз Норматов (Ўзбекистон), 2 –ўринни  Элмира Жанаберген (Қозоғистон), Мубариз Алиев (Озарбайжон), Алексей Ховаляг (Россия, Тува),  Гулбаҳор Ахимбетова (Ўзбекистон), 3 –ўринни  Самад Кочобаев (Қирғизистон), “Каукасус” гуруҳи (Грузия), Хоссейин Гейлан (Эрон) ҳамда  Бахшиқул Тоғаев (Ўзбекистон) эгаллади.

Фестивалнинг бош соврини-Гран-при ғолиби  Жанибек Пиязовга 7000 АҚШ доллари, 1-ўрин соҳибларига 5000 АҚШ доллари, 2-ўрин соҳибларига 1750 АҚШ доллари, 3-ўрин соҳибларига 1250 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари ва махсус  диплом, эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, бир қатор номинациялар ва йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди. Македониялик Тимко Чичаковски “Фестивалда миллий санъат тарғиботи учун”, сербиялик Дражик Бугарин “Бахшичилик санъати фестивалининг ёши улуғ иштирокчиси”, ҳиндистонлик  Нусрат Ансарий “Халқларнинг қадимий мерос тарғиботчиси”,  туркиялик Толгахан Тикташ “Аждодларнинг унутилаётган урф-одатларини тараннум этгани учун”, Ўзбекистондан  Талгат Уринбеков “Бахшичилик санъати орқали дўстлик ришталарини тараннум этгани учун”, Тожикистондан Мукимжон Камолов “Ҳайъат аъзоларининг меҳрини қозонган иштирокчи”, Ўзбекистондан  Қаҳҳор Рахимов “Анъаналарга содиқ бахши”, Мадагаскардан Келема “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, Ўзбекистондан Равшан Маматмуратов “Қадриятлар давомчиси”, Баҳром Раҳимов “Бахшичилик санъати жонкуяри”,  “O’zbekiston-24” телеканали муҳаррирлари Карина Низамудинова,  Зебо Тўхтаева, операторлар Аҳмад Байзуллаев, Аббос Абдусатторовлар  “Бахшичилик санъати фестивалининг энг яхши тарғиботчиси” номинациялари бўйича  ғолиб бўлишди.

Номинация ғолибларига пул мукофотлари, махсус диплом ва совғалар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.