Мудофаа вазири ўринбосари ёшлар билан учрашди


Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг моддий таъминот масалалари бўйича ўринбосари полковник Зоир Бозорбоев Хўжайли тумани ёшлари билан учрашди.

“Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўзгача кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Тадбирда келтириб ўтилган, Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, армиямизнинг куч-қудрати, ҳарбий хизматчиларнинг жаҳон ареналарида қўлга киритаётган улкан ютуқлари, юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларига берилаётган имтиёзлар, ижтимоий ҳимоя масалаларига оид маълумотлар ёшларнинг ҳарбийликка бўлган қизиқишларини янада оширди. Шунингдек, суҳбатда мудофаа вазири ўринбосари ички ва ташқи меҳнат бозорларида кундан-кунга талаб ортиб бораётган қурилиш соҳаси мутахассисларини қисқа ўқув курси доирасида тайёрлаб берувчи Нукус шаҳридаги Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази фаолияти ва имтиёзлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбирда ёшларнинг фикр-таклифлари тингланиб, фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари тақдим этилди.