Мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги  Халқ қабулхонаси ташаббуси билан Беруний туманининг чекка ҳудудларидан бири “Олтинсой” овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.

Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари С.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Д.Елмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Ерниязов, туманнинг 4 та сектор, корхона, муассаса, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимиз раҳбарлигида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида ўтказилаётган сайёр қабуллар ­халқимизнинг кундалик  ҳаётида учраётган ҳар қандай муаммоларнинг жойида ижобий ҳал этилишига, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашларига хизмат қилмоқда. Туманда бўлиб ўтган навбатдаги сайёр қабул давомида фуқаролар асосан, ишга жойлашиш, кредит маблағларини олиш, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви билан таъминлаш ва бошқа муаммолар юзасидан мурожаат қилишди. Уларнинг кўпчилиги тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

Жумладан, Абай овул фуқаролар йиғини ҳудудида умумтаълим мактаби директори О.Батированинг ўқувчиларнинг сони ошганлиги натижасида ўқув хоналари етишмаслиги юзасидан қилган мурожаати эътиборга олиниб, қўшимча бино қуриш бўйича кўрсатма берилди. Ноанъанавий ­тарзда мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш борасидаги таклиф ҳам қўллаб-қувватланди.

Қабул доирасида 3-сектор раҳбари томонидан бир гуруҳ ёшларга ­фуқаролик паспорти, ёрдамга муҳтож оилаларнинг болаларига бадиий адабиётлар ва ўқув қуроллари топширилди. Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.