«Мурувват» уйига байрам совғаси тақдим этилди


Ўтган йилнинг 30 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Нукус “Мурувват”  аёллар интернат уйида бўлиб, жамоани янги йил байрами билан табриклади.

Республика раҳбари бу ерда даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мурувват уйида бугунги кунда ўзгалар парваришига, тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож, руҳиятида сезиларли нуқсони бўлган 18 ёшдан юқори  I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар яшаб келмоқда. Интернатнинг янги биноси 2017-2018 йиллар давомида Инвестиция дастурига мувофиқ қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ерда яшовчилар учун барча шароитлар яратилган. Улар малакали шифокорлар томонидан йилига икки марта чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилиб турилади. Хотин-қизлар керакли протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалар билан етарли даражада таъминланган. Бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кутубхона, спорт ўйинлари хоналари, зарур инвентарлар билан таъминланган. Шунингдек, очиқ ҳавода  баскетбол, волейбол ва югуриш майдончаларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш имкониятига эга. Бундан ташқари, тикиш, ашула ва рақс санъати каби кўплаб тўгараклар ташкил қилинган. Бу ерда байрам кунлари турли тадбирлар ўтказиб турилади.

Меҳмонларга янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган концерт дастури намойиш этилди.

Тадбир сўнгида муассаса раҳбари Лидия Романовна Ким сўзга чиқиб, бундай эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга, республика раҳбарларига миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камалов Хўжайли туманидаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида бўлиб, бу ерда тарбияланаётган ўғил-қизларни янги йил байрами билан табриклади ва Президент совғаларини топширди.

Меҳмонларга “Тонг ғунчалари” ансамбли томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.