НАВОИЙШУНОСЛИК — НАВОИЙНИ ЗАМОНДОШ ЎҚУВЧИГА ЯҚИНЛАШТИРАДИ


Қарийб олти асрдирки, “Сўз аҳли хирмонининг бошоқчиси ва сўз қиммат баҳо тошлари хазинасининг пойлоқчиси ва назм гулистонининг сайроқи булбули”  Алишер Навоий ўз ташбеҳига монанд, бир дурдир. Унинг  дарёси эса бадиий сўз ҳисобланади. Чиндан ҳам улуғ мутафаккир соҳанинг “соҳибу ихтисос”лари — навоийшунос олиму адиблари воситасида шуҳрат қозониб, шараф топиб келаётир. ХХ аср ўзбек навоийшунослигида Ойбек ҳам бу мавзуни ўз асарлари билан бойитган. Навоийнинг ўз таъбири билан айтганда, гўё ғаввос бўлиб, бу гавҳарни денгиздан олиб чиқишда катта ҳисса қўшган. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида ёзилган “Бола Алишер” қиссаси шу маънода диққатга сазовор. Аввало, қисса Ойбек “навоийнома”лари орасида болалар китобхонлиги намунаси эканлиги билан эътиборни тортади.

Унда адиб Ойбек бўлажак сўз султони истеъдодининг энг ёрқин қирралари, хусусан, профессор Н.Каримов эътироф этганидек, “Навоий” романида “четлаб ўтган” “инсон ва шоир сифатидаги шакл­ланиш босқичларини” акс эттиришни мақсад қилиб олган. Шунингдек, Ойбек қиссада улуғ мутафаккирнинг туркий тилга юксак муҳаббати ва бунга туртки бўлган омилларни навоиёна талқин этади.

Табиийки, Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари ва унда келтирилган туркий сўзларнинг маъновий товланишлари, бўёқдорлиги Ойбекдек ижодкорни бефарқ қолдирмаган. Шу сабабли, бу ҳодиса қиссада ҳам деталь, ҳам услуб сифатида ўз ­инъикосини топади. Масалан, кичкина Алишер тоғаси, отаси ва унинг дўстлари ҳузурида ғазал ўқиганда, Қуръоннинг мағзини чақишга киришганида туркий тилга алоҳида муҳаббат билан қараши таърифланади.

Хусусан, тоғаси Мирсаид “гўё Алишернинг қалбига кирмоқчидек” шундай дейди: “ …Форс ­шоирлари юксак туйғулар, теран фикр­лар ила тўла ажиб шеърлар яратмишлар. Бизнинг турк шоирлари ҳам уларга эргашиб, форсий шеър­лар ижод этишни одат қилиб олмишлар. Туркистон ўлкамиз ­водийлари, саҳролари кенг, тоғлари буюк, аҳолиси турк-ўзбекдур. Ўзимизга хос одатларимиз, ­анъаналаримиз, қўшиқларимиз, ­достонларимиз, эртакларимиз бор. Булар — чексиз бойлигимиз.

Айниқса, тилимиз гўзал, ширин ва рангли! Жиян, ўз йўлингни топсанг, бас. Қиссада бу тафсилотнинг икки-уч марта келтирилиши бежиз эмас, албатта.

Биринчидан, Ойбек  бу асарни  Навоий ҳақидаги теран тадқиқотларидан сўнг, бадиий ижодининг камолот даврида ёзган. Яъни, адибни улуғ мутафаккир асарлари тили, руҳиятига анчайин ошно эди, дейиш мумкин. “Ойбек олтмиш ёшга тўлиши муносабати билан, -деб ёзади Н.Каримов,-ўз ҳаёт йўлини қайта назардан ўтказиб, бу йўлнинг машаққатли томонларини файласуф шоир сўзи билан мунаввар этиш, улардан фалсафий хулосалар чиқаришга уринди”.

Англашиладики, адибнинг бу қиссаси айнан шу ёш мезонларида ёзилган. Иккинчидан, Ойбек қиссада дастлаб, Алишернинг ёшлигидаёқ қулоғига қуйилган ўгитлар кейинчалик, “Муҳокамат ул-луғатайн”дек юксак асарлар яратилишига замин яратди, деган ғоя илгари сурилади.

Чунки, мазкур асарда юзлаб сўзларнинг ранг-баранг маъно касб этиши, масалан, ичмоқнинг “сипқармоқ”, “томшимоқ”, йиғламоқнинг “йиғламсинмоқ”, “инграмоқ”, “синграмоқ”, “сиқтамоқ”, “ўкурмак”, “инчкурмак”, “ҳой-ҳой”лаб  йиғлаш  лафзлари чиройли мисоллар воситасида асосланиб, бу тилнинг, элнинг улуғлиги таъкидланган. Ойбек бу манбадан ижодий илҳомланиб, “Бола Алишер” қиссасини қадимги туркий сўзлар билан жилолантиришга эришган. Бинобарин, қиссада ёзувчи туркий-ўзбек тилининг деярли барча имкониятларидан фойдаланиб, сўзлашмоқнинг “жавраш” (биров супургининг таърифини айтиб жавриса), “суханварлик”, “шивирлашиш” (гоҳо улар ўзаро шивирлашиб қўюрлар; омад, деди кимдир шивирлаб); емоқнинг “кемириш” (чорикорлар кесакни кемирурлар), “шимимоқ” (Алишер тоғаси тут-қизган бир қобирғани аста шимгани ҳолда), “ошаламоқ” (ўғил бола деган ошни ошалаб-ошалаб ейди-да!), “чимдимоқ” (ҳушёр от таққа тўхтаганича туриб қолди. У боланинг бошига узоқ турди-да, атрофда оҳиста айлана-айлана ўт чимдий бошлади); қарамоқнинг “анграймоқ” (чол бир он анграйиб қолгач), “ҳайратланмоқ”, “томоша қилмоқ” (Алишер саҳифаларнинг нозиклиги, нақшларнинг нафислиги, оятларнинг хушхат битилганига ҳайратланиб, завқ ва мароқ ила томоша қиларди), “разм солмоқ” (Алишерга бошдан оёқ разм солди), “бошини кўтариб” (Алишер тўсатдан сесканиб бошини кўтарар экан, бепоён саҳрода ёлғиз ўзию саман отидан ўзгани кўрмади.), “кўзи йўлда тўрт” бўлмоқ,  “интизор”, “пойлаб” сингари турли-туман маъноларда қўллайди. Қиссада бундай сўзлар ўша давр бадиий адабиётига монанд услубда ёзилгани ҳам Ойбек ижодий мақсадини ойдинлаштиради.

Чунончи, “Кафтига қуёш қўндирилгандай чарақлаган, кенг чорхари меҳмонхонада янги явмуд гилам устида тиғиз давра қурган қўноқлар, яқин дўстлар самимий суханварлик ила суҳбат қурурлар. Катта кашмирий шол дастурхон узра писта-бодом, мағиз, асал, хилма-хил  ҳолвалар тўкилган. Меҳмонлар ошаб ичиш ила турли қизиқ воқеалардан гаплашурлар; мажлисда хуш суҳбат бир дам узилмас эди”. 

Таъкидлаб кўрсатилган сўзлар ҳамда ифода усули Навоий даври руҳини бериши билан бирга, Ойбекнинг бадиий сўзга эътиборини ёрқин кўрсатади. Қолаверса, ўзбек тилининг жозибадорлигини мустақиллик туфайли англаётган бугунги авлод унинг бардавомлигини теран ҳис қилади. Бундан ­ташқари, улуғ шоирнинг туркий ­халқларга юксак эътибори орқали муаллиф ўзининг ватанпарварлик ғояларини баён эта олган.

Бинобарин, Н.Каримов “Навоий — Ойбек ижодининг қалби”, -деганда кўпроқ ана шу туйғуларни назарда тутган бўлса, ажаб эмас. ­Муҳими, Ойбек ўз асарлари орқали Навоийни замондош ўқувчига яқинлаштиришдан ташқари, ўзининг долзарб ижтимоий-сиёсий қарашларини, тилимизнинг, халқимизнинг маънан юксак ва серқирра эканлигини ёш авлодга “бадиий васият” қилиб қолдирганига шубҳа йўқ.

Башорат Жамилова,

БухДУ доценти.