Нодавлат нотижорат ташкилотларига эътибор кучайтирилади


Дунёнинг ривожланган кўплаб мамлакатларида давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари олдида долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик тараққий эттириш юзасидан Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида илк марта Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаган эди. Шундан буён бу анъанага айланди.

Мурожаатнома фуқароларимизда эртанги кунга ишонч туйғусини янада мус­таҳкамлади, барчамизни эзгу мақсадлар йўлида фидойиликка, ўз вазифамизга янада масъулият билан ёндашишга ундади. Чунки, ушбу Мурожаатномада мамлакат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга ошириладиган энг асосий мақсад-вазифалар, аниқ таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Жумладан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарур. Айниқса, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюрт­ма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилади – дея таъкидлади Президент.

Демак, бундай буён ННТларнинг фаоллигини ошириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда ННТларнинг ролини кучайтириш талаб этилмоқда. Шунингдек, ННТларнинг ­таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳалар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, ­Президентимиз томонидан Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этиш таклиф этилди. Эндиликда, ННТларнинг фаолиятини кучайтириш, уларга кенг имкониятлар яратиб бериш давр талабига айланди десак ­муболаға бўлмайди.

Мурожаатномада кўп соҳалар қатори туризмни ривожлантириш, бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш тўғрисидаги фикрлар бизни бефарқ қолдирмади, албатта. Маълумки, коронавирус пандемияси жамиятнинг барча соҳаларига, хусусан, туризм соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Сўнгги йилларда тезлик билан тараққий этаётган туризм соҳаси катта зарар кўрди. Шу маънода, Мурожаатномада туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмасини яхшилаш учун бюджетдан 1  триллион сўм ажратилиши қайд этилди.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлиши, бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Президентимизнинг ­Мурожаатномасини чуқур ўрганиш, тарғибот-ташвиқот қилиш, унда илгари сурилган таклиф ва ғояларни ҳаётга татбиқ қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллик кўрсатиши керак.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Мурожаатномаси барчамизга янги куч-ғайрат, келажакка мустаҳкам ишонч, юқори марраларни кўзлаб ҳаракат қилиш лозимлигини англатади. Зеро, давлатимиз раҳбари айтганидек, қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ­демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга ­қайтмаймиз. Шундагина кўзланган барча мақсадларга, албатта, эришамиз.

Тажибай Романов,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Жўқорғи Кенгес депутати.