Нукусда «Адлия сайли»


Аҳолининг ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятини ошириш, бу борада давлат органлари, ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий ёрдам бериш адлия органларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.  Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган

«Адлия сайли» ҳам мана шу эзгу мақсадга хизмат қилди.

Тадбир тўлиқ карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилди.

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик ­руҳида тарбиялаш, шу муқаддас заминнинг ҳар қарич ерини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг асосий бурчимиз эканлигини тарғиб қилувчи ҳарбий чиқишлар, ­санъат усталари томонидан ташкил этилган концерт ­дастури барчага хушкайфият бағишлади. 

30 дан ортиқ ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда нотариуслар, адвокатлар, давлат хизматлари агентлиги, судлар, тижорат банклари, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан 200дан ортиқ фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўш иш ўринлари ярмаркаси билан иштирок этди. Адлия сайлида Давлат хизматлари агентлиги томонидан 40 га яқин давлат хизматлари кўрсатилди.  Аҳолига ҳар хил фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутишни тушунтириш мақсадида сайлга Фавқулодда вазиятлар бошқармаси жалб этилди.

Соғлиқни сақлаш ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ходимлари тадбирда «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз. Сиз ҳам бизга қўшилинг» шиори остида иштирок этишди. Энг аҳамиятлиси, Адлия сайлида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол қатнашди.

“Биз биргамиз” акцияси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамияти ва Ҳунарманд уюшмаси аъзолари ҳам ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмасини намойиш этишди.

Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоқ давлат университети талабаларидан ташкил топган “Street law” гуруҳи, Қорақалпоғистон Республикаси Юридик техникуми ўқувчиларидан иборат “Адолат қанотлари” гуруҳи аъзолари томонидан ташкил этилган ҳуқуқий викториналарда ёшлар фаол қатнашиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан  @huquqiyaxborot телеграм каналида ташкил этилган “Совринли викторина”да ғолиб бўлган иштирокчилар ҳам муносиб тақдирланди.

Китоб – бу ҳар биримиз учун энг бебаҳо ва қадрли совғадир. Адлия вазирлиги тизимидаги ходимлар “Истиқлол” истироҳат боғида жойлашган “Болалар кутубхонаси”га ана шундай совғалар билан ташриф буюрди. “Street law”, “Адолат қанотлари” гуруҳи аъзолари қонунчиликдаги янгиликлар акс этган буклет, флаерларни тарқатиб, ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боришди.

Сайлга ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Ҳаётий муҳим масалалар бўйича ҳуқуқий қўлланма” китобчалари тарқатилди.

Насиба ҚУТЛИМУРАТОВА,

Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси.