Нукусда Савдо-саноат палатасининг янги биноси фойдаланишга топширилди


Нукусда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга ­топширилди. Бу ерда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ­намойиши учун “Кўргазма саройи” ҳам барпо этилди. 

Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Нукус шаҳридаги “Строй Вектор” масъулияти чекланган жамияти раиси Қ.Панаев, Тахтакўпир туманидаги “Тайимбет” фермер хўжалиги раиси, Ўзбекис­тон Қаҳрамони С.Сейтназаров ва бошқалар мамлакатимизда ­Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Ўқитувчи ва мураббийлар кунида фойдаланишга топширилаётган Ўзбекистон Савдо-саноат ­палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг янги биноси бунинг яққол исботидир. Бугунги кунда Оролбўйида қарийб 17,5 мингдан зиёд кичик ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсаётган бўлса, шундан тенг ярми сўнгги уч йил мобайнида ташкил этилди. 

Янги бинода тадбиркорлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бинонинг  биринчи қаватида тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси учун экспозиция зали бўлиб, иккинчи қаватида эса Ўзбекистон Савдо-саноат ­палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бош­қармаси ва Ҳунармандлар уюшмаси жойлашган. Кўргазма саройида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳар ва тумани учун алоҳида ўрин ажратилган бўлиб, келгусида бу ерда тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари кўргазмаси ­намойиш этиб борилади.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган корхонамизда 10 турдаги телевизор ва 8 турдаги чангютгич ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Нукус Самсунг” заводи муҳандис-технологи Еркинбой Джанабоев. 

– Жами 300 нафар киши, асосан ёшлар меҳнат қилаёт­ган корхонамиз маҳсулотлари ички бозоримиздан ташқари, Қозоғистон Республикасига ­экспорт қилинмоқда. Мақсадимиз экспорт кўламини янада кенгайтиришдан иборат.

Маросим иштирокчилари янги бинода тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан ­танишди. 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев сўзга чиқди. 

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.