ОЧИҚ МУСТАҚИЛ ТАНЛОВ — ИСТИҚБОЛЛИ КАДРЛАР ТАНЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР


Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳар бир соҳада очиқлик ва шаффофлик тамойиллари жорий қилиниб, бу борада муҳтарам Президентимиз томонидан қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Айниқса, бу кадрлар сиёсатида муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2019 йил 3  октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агент­лиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатлари билан мамлакатимизда кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати соҳасида давлат сиёсатини олиб борадиган махсус ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ҳамда Агентликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларга очиқ мустақил танлов асосида номзодларни ишга қабул қилишни жорий этиш эканлиги белгиланди.

Хўш, очиқ мустақил танловда қандай ­тушунчалар қўлланилади ва танловни ўтказиш жараёнлари қандай тартибда олиб ­борилади?

вакант лавозим – давлат органи ва ташкилотлар тузилмасида белгиланган, тегишли малакага эга ходим қабул қилиниши мумкин бўлган маъмурий бошқарув ходимлари тоифасидаги бўш лавозим;

номзод – вакант лавозимга ишга кириш учун ташкилотга электрон тарзда мурожаат қилган жисмоний шахс ёки мазкур лавозимга ишга кириш хоҳишини билдирган тизимда фаолият юритаётган ходим;

танлов – бунда энг иқтидорли, ташкилот олдига қўйилган вазифаларни самарали бажариш бўйича талабларга билими, малакаси, касбий кўникмаси, шахсий-психологик хусусиятлари мослигини аниқлашга қаратилган, меҳнат шартномасини тузишдан олдинги ҳолатлар мажмуи.

Танловда иштирок этиш учун, қоида тариқасида, давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш ҳуқуқи қонунчилик билан чекланмаган ва тегишли лавозимни эгаллаш учун малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қўйилади.

Очиқ мустақил танловлар қуйидаги босқичларда ўтказилади:

биринчи босқич – танлов ўтказилиши тўғрисида эълон (10 кун);

иккинчи босқич – ҳужжатларни қабул қилиш ва саралаш (3 кун);

учинчи босқич – номзодларни тест синовларидан ўтказиш;

тўртинчи босқич — суҳбат ўтказиш;

учинчи ва тўртинчи босқичларга (7 кун)

бешинчи босқич – номзодни ишга қабул қилиш ёки рад этиш бўйича хулоса бериш.

Танлов ўтказиш тўғрисида эълон вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” аппарат-дастурий комплексига (vacancy.argos.uz) (кейинги ўринларда – портал) чиқарилади.

Танловда иштирок этиш бўйича номзодларнинг аризаларини қабул қилиш муддати танлов эълон қилинган кундан бошлаб 10 кунни ташкил қилади.

Танловда иштирок этиш бўйича аризалар келиб тушмаган тақдирда, аризаларни қабул қилиш муддати автоматик тарзда 10 кунга узайтирилади.

Танловда иштирок этиш бўйича аризаларни қабул қилиш фақат номзодлар томонидан порталдаги электрон сўровномани тўлдириш орқали амалга оширилади.

Бунда номзодга бир вақтнинг ўзида учтадан ортиқ бўлмаган давлат вакант лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Номзод хоҳишига кўра, аризага ўз малакасини тасдиқловчи диплом, сертификат ва бошқа ҳужжатларнинг электрон нусхаларини ҳам илова қилиши мумкин.

Аризалар қабул қилишда номзодлардан ҳужжатлар ва уларнинг нусхалари қоғоз шаклида талаб қилинмайди.

Ариза қабул қилиш муддати тугаган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида:

номзоднинг тақдим этган ҳужжатларини вакант лавозимни эгаллаш бўйича малака талабларга мослиги ўрганиб чиқилади;

ўрганиш натижасида малака талабларига мувофиқ бўлган номзодлар танлов иштирокчилари рўйхатига киритилади, малака талабларига мувофиқ бўлмаган номзодлар танлов ишчирокчилари рўйхатига киритилмайди ва ўрнатилган тартибда хабардор қилинади;

номзодлар рўйхати танлов комиссиясига тақдим қилинади ва танлов комиссияси танлов ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилади;

портал орқали танлов босқичи ўтиш жойи ва вақти тўғрисида номзодларга хабар берилишини таъминлайди.

Танлов унда иштирок этиш бўйича аризалар қабул қилиш муддати тугаган кундан бошлаб 7 иш куни ичида ўтказилиши лозим.

Тест синовлари номзодларнинг шахсий ва касбий компетенцияларини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Тест саволлари (топшириқлари) тегишли давлат органи ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади ва доимий равишда янгилаб борилади. Бунда, саволлар ташкилотнинг даражаси (республика, ҳудуд ва туман)га мувофиқ ҳамда вакант лавозимнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади.

Тест синовлари ишчи орган томонидан алоҳида бино ёки иншоотда ёҳуд онлайн тарзда ташкил қилинади.

Номзоднинг тест саволлари умумий кўрсаткичининг камида 55 фоизига тенг балл тўплаши имтиҳон натижаларини ижобий деб топиш учун асос бўлади.

Тест синовлари натижалари танлов комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади ва тест синовлари ўтказилган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмасдан порталда эълон қилинади.

Суҳбат танлов комиссияси томонидан ўтказилади. Суҳбатда танлов комиссияси аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шарт.

Тест-синовлари ва суҳбат орқали номзодни баҳолаш унинг касбий маҳорати ва шахсий фазилатлари вакант лавозимни эгаллаш бўйича малакавий талабларга мос келишини баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Танлов комиссияси аъзолари ҳар бир номзодга кўпи билан бешта савол беради. Танлов комиссияси аъзолари ҳар бир саволга берилган жавобни баҳолайди.

Ҳар бир номзод билан ўтказилган суҳбат натижалари бўйича намунавий шаклда суҳбат варақаси тўлдирилади.

Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси суҳбат варақасида қуйидаги жумлалардан бирини танлаш орқали ўз тавсияларини кўрсатади:

меҳнат шартномасини тузиш тавсия этилади;

дастлабки синов муддати билан меҳнат шартномаси тузиш тавсия этилади;

меҳнат шартномаси тузиш тавсия этилмайди.

Ишга қабул қилишда устунлик меҳнат шартномаси тузиш бўйича танлов комиссияси аъзоларининг энг кўп ижобий тавсияларини олган номзодга берилади ва намунавий шаклдаги баённома билан расмийлаштирилади.

Агар танлов комиссияси аъзоларининг ижобий хулосалари тенг бўлса, танлов комиссияси раиси ва аъзолари хулосаларига асосланиб якуний хулоса берилади.

Агентлик ўз вакили орқали суҳбат вақтида тартиб-таомиллар танловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш коидаларига риоя килинишини таъминлаш мақсадида кузатувчи сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан юқорида қайд этилган Фармон талаблари асосида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Хусусан, филиал томонидан ҳозирги кунга қадар Фармон ижросини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари билан “Вакант лавозимларга ишга қабул қилиш учун танлов асосида саралаб олиш тўғрисидаги ТАРТИБ”лар ишлаб чиқилиб, вакант лавозимларга vacancy.argos.uz портали орқали очиқ мустақил танловлар эълон қилиниб, муносиб номзодларни ишга қабул қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозим, муҳтарам Президентимиз 2020 йил 29 декабрдаги  Олий Мажлис ва бутун халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишдаги ушбу очиқ тизим аҳамиятига янада алоҳида урғу берди. Яъни, кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этиш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизимининг йўлга қўйилиши таъкидланди.

Албатда, мазкур чора-тадбирлар давлат ва хўжалик бошқарув органларига ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар муносиб кадрларни танлаш, уларнинг захирасини яратиш, ушбу жараёнда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, айниқса, коррупция илдизини йўқ қилишга хизмат қилади. Зеро, мазкур очиқ мустақил танловлар юртимиз равнақи ва кадрлар истиқболининг калитидир!

Е. Давлетияров,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали бош инспектори.