ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЙМАН


Президентимиз фармонига мувофиқ, Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Ушбу юксак мукофотларни Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари тантанали равишда топширдилар. Ушбу маросимда мен ҳам “Жасорат” медали  билан тақдирландим. Президентимизнинг менга билдирган катта ишончлари келгуси мусобақаларда шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллашимга руҳлантиради.

Айниқса, Президентимизнинг мен ҳақимда айтган ­гаплари мусобақадаги мағлубиятимдан бироз тушкун кайфиятимни унитиб, келгуси мусобақаларга янада кучлироқ тайёргарлик кўришимга мотивация берди.

— Бу галги мусобақада Янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонлари кашф этилди, хусусан, 18 ёшли спортчи қизимиз, қорақалпоқ элининг муносиб фарзанди Зайнаб  қиличбозликнинг сабля йўналишида Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада қатнашчиси, деган шарафга сазовор бўлди. Осиё  ўйинлари финалчиси, дунё рейтингида 3-ўринда  бораёт­ган хитойлик, тажрибали спортчини мағлуб этганида мен жуда мағрурландим, шунинг ўзи ғалаба. Мен ишонаман Зайнаб қизим, келгуси Олимпиа ўйинларида ўзининг тиришқоқлиги билан Ўзбекистонга албатта ва албатта олтин медал олиб келишига мен ишонаман,  — деди Президентимиз.

Бу сўзлардан куч олмаслик, ғурурланмаслик навбатдаги спорт мусобақасида ҳақиқий жасорат намунасини кўрсатмаслик, мумкинми ахир. Ушбу Олимпиадада мен энг ёш иштирокчи сифатида иштирок қилсамда ­дунёдаги саккизта қиличбоз қизлар орасидан жой олиб қайтдим. Бу албатта, юртимизда спортга қаратилаётган эътибор ва Президентимизнинг хотин-қизлар спортини ривожлантириш бўйича алоҳида ғамхўрлигининг самарасидир.

Ўтган мусобақада хитойлик, япониялик ва кореялик рақиб қизларни ҳам енгдим. Аммо, ярим финалда венгрия­лик рақибимга ҳали ёшлигим ва тажрибасизлигим сабаб ютқазиб қўйдим. Лекин, ушбу мусобақа мен учун катта тажриба бўлди.

Давлатимиз раҳбари билдирган ишончни оқлаш учун ўз устимда янада ишлаб, ­Парижда бўлиб ўтадиган нав­батдаги Олимпиада мусобақасида Ватанимизга албатта олтин медал билан қайтишга ҳаракат қиламан.

Бизнинг Барчиной момоларимиз қиличи билан хал­қимизни душманлардан ҳимоя қилишган бўлса, мен қиличим билан жаҳон спортида рақибларимни ютиб, Ватаним шаънини муносиб ҳимоя қиламан.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар ҳар биримизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Биз ёшлар ҳар бир соҳада ўз билимимиз, фаоллигимиз, шижоатимиз билан Янги Ўзбекистоннинг истиқболи учун муносиб ҳисса қўшамиз.

Зайнаб Дайибекова,

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси,

“Жасорат” медали соҳиби.