Президент қарори Қорақалпоғистондаги бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини оширишда дастуриламал бўлмоқда


Шу кунларда халқимиз қадимий ва навқирон байрамимиз Наврўзи олам олиб келган янги куннинг янги мақсадлари, юртимизнинг ойдин ва бахтли келажагига катта ишонч билан яшамоқдалар.

Айниқса, давлатимиз мус­тақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган тарихий ва улуғвор йилда биринчи марта нишонланган «Маҳалла тизими ходимлари куни» муносабати билан давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига йўллаган табриги ҳар биримизнинг кўнглимизда туғилиб ўсган ота маконга муҳаббат, бир-биримизга ҳурмат-иззат, халқимиз қадриятларига садоқат ҳиссини янада мустаҳкамлади.

Давлатимиз раҳбари ўз табригида «Маҳалла –  асрлар оша миллий урф одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда.

Биз маҳалла деганда, ­дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз» деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Юқоридаги фикрларни келтириб ўтишдан мақсадим шу кунларда ҳаммамизнинг фаолиятимиз маҳаллаларга кўчиб, иш услубимиз янгиланаётганини мамнуният билан кўрсатиб ўтишдир.

Чунки, бугунги кунда барча ҳудудларда, шаҳар ва туманларда ишлар «Маҳалла кесими» тизимида ташкил қилинган бўлиб, секторлар ва бошқа масъул ташкилотларнинг раҳбарлари фуқаролар йиғинларида аҳоли муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиб, иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш чоралари кўрилмоқда.

Яқинда мен ўзим депутат бўлиб сайланган Нукус шаҳридаги «Жийдали Бойсун» сайлов округида фуқаролар билан учрашганимда ҳар бир сайловчининг ҳаётга нуқтаи-назари, онг-тафаккури, юртимизда бўлаётган янгиланишларга дахлдорлиги нақадар ортганлигининг гувоҳи бўлдим.

Айниқса, улар давлатимиз раҳбарининг ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги халқнинг муаммосини ечишда жонкуярлик кўрсатиши, халқнинг дардини тинглаши зарурлиги, шунда ўз сайловчиларига берган ваъдасининг устидан чиқиши, халқнинг ишончига эришиши юзасидан белгилаб берган кўламли  вазифалари бугунги кун учун нақадар муҳимлигини қайта-қайта эътироф этдилар.

Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан «Маҳалла кесимида» ишлаш тизими ташкил қилинаётганлиги айни давр талаби эканлигини бу айниқса ҳар бир фуқаронинг яшаш шароитлари яхшиланиши, муаммолар тез ҳал қилинишида катта аҳамиятга эга эканлигини ҳар бир фуқаро ишонч билан қайд қилмоқда.

Аҳоли билан учрашиб, уларнинг бугунги турмуш тарзи, ­муаммолари тўғрисидаги фикрларини тинглар эканмиз, баъзида уларнинг ўз муаммолари атрофида фикр юритиб, республикада олиб борилаётган катта янги бунёдкорлик ишларидан бехабар қолаётганликлари сезилди.

Мен депутат бўлиб сайланган округ ҳудудида 2 та МФЙ жойлашган. 13 минг аҳоли яшайди. Жумладан, 1120 нафақахўр, 90 та боқувчисини йўқотган оилалар, 65 та кам таъминланган оилалар, 140 та моддий ёрдамга муҳтож оилалар бор. «Темир дафтар»га 960 фуқаро, «Аёллар дафтари»га 110  нафар аёллар киритилган. Ишсизлар сони 550 нафарни ташкил қилади.

Сайловчиларим маҳалла фуқаролар йиғинларида шароит бугунги давр талабига жавоб бермаслиги, компьютер ва ахборот технологиялари билан таъминланмаганлиги, уларнинг ўз идоралари йўқлиги боис, ҳудуддаги 2 та мактабда фаолият юритиши бу эса фуқароларнинг ўзаро йиғилиб кенгашлар ўтказиб туришда ноқулайликлар туғдираётганлигини айтдилар.

МФЙ ҳудудидаги инфратузилма ҳам замон талаблари даражасида эмас, ҳудудда 10 кмдан ортиқ йўллар ҳолати таъмир талаб, электр таъминоти тизимида ҳам нуқсонлар бор. Ичимлик суви тизимида 3,5 км сув қувурлари ва тармоқлари таъмирга муҳтож. Канализация тармоғи умуман йўқлиги тўғрисидаги муаммоларни ўртага ташладилар.

Тўғри, бундай муаммолар ҳаётимизда ҳали кўплаб учраб туради. Бу дегани ҳудудда муаммолар ўз ечимини топмаяпти дегани эмас. Ҳаёт янгиланаяпти. Мамлакатимизда босқичма босқич олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини ҳар қадамда намоён қилиб турибди.

Мен тилга олаётган «Жийдали Бойсун» фуқаролар йиғини ҳудудида  2021 йилда инвестиция дастури асосида 4 км узунликда янги ичимлик суви тармоғини қуриш, 2 та кўчада электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида трансформаторларни янгилаш режалаштирилиб, ишлар бошлаб юборилган.

Шунингдек, «Қият қалъа», «Қият қалъа ўткали» ва «Геологлар» кўчасида 450 метр ерга шағал ётқизилди, «Жийдали Бойсун» гузарида 2 та автомобил ювиш шохобчаси, «Наўпир жағис» кўчасида дорихона очилди, «Бахт» кўчасида халққа хизмат кўрсатиш ва савдо-сотиқ маркази, «Дулдул отлаган» кўчада нонвойхона ташкил этилди.

«Амударё» фуқаролар йиғини ҳудудида 24-сонли мактаб ва 39-сонли мактабгача таълим ташкилоти тўла таъмирдан чиқарилди, 7 та кўча текисланиб ракушка тўшалди, 3 та кўчада сув тармоғи, 2 трансформатор пункти таъмирланиб, 6 та кўчанинг газ трубалари алмаштирилди.

Булар бир маҳаллада олиб борилаётган ишлар. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида Президентимизнинг «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган чора-тадбирлар асосида республикада  кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлиги тўғрисида сайловчиларга тўлиқ маълумотлар келтириб ўтганимизда улар ўзлари кўтариб чиқаётган муаммолар ҳам албатта ҳал бўлишига ишончлари ­ортди.

Яъни, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган жами 1359 та инвестиция лойиҳасидан 734 таси ишга туширилиб, 4535 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, 2021 йилнинг I чорагида 45 та лойиҳа, йил якунига қадар 711 та лойиҳа ишга туширилиб, 22 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган Бўзатов, Тахткўпир ва Шўманой туманларида 105 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 750 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Қорақалпоғистон Республикасида шароити оғир тоифадаги 45та маҳаллада 302 та оила «Темир дафтар»га, 3261 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га, 3 минг 464 нафар ёшлар «Ёшлар дафтари»га  киритилган.

Мазкур маҳаллалар учун қарийб 3 трлн. сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, бугунги кунда 437та объектда иш олиб борилмоқда. Хотин-қизларнинг 296 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди, 198 нафарининг бандлиги таъминланди, 50 нафари касб-ҳунарга ўқитилди ҳамда 69 нафарига тадбиркорлик учун кредит ажратилди.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташаббуси билан Тахтакўпир туманидаги шароити оғир тоифага киритилган «Қўнғиротовул» ҳудудида қиймати 1 млрд. 200 млн. сўмлик соатига 5 куб метр сувни тозалайдиган ва чучуклаштирадиган сув иншооти ўрнатилди.

Бундай ижобий ишлар натижасида албатта, юртимизда камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, уй-жой таъминотини яхшилаш, сув, газ, тармоқларини кенгайтириш ҳар бир кўча, хонадонларнинг обод ва эркин, фаровон турмуш кечиришларига замин яратилиши сўзсиздир.

Халқимиз давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистоннинг келажаги, унинг равнақига катта эътибори, қорақалпоқ халқига меҳри ва ғамхўрлигини ҳамиша сезиб, ишониб яшамоқдалар.   

Президентимизнинг «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарори асосида  Қорақалпоғистонда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш доирасидаги  барча фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистонда Президентимиз имзо қўйган юқорида қайд қилинган қарор ижроси учун ҳаммамиз масъулмиз.

Мен депутат ва Сенатор сифатида ўтган давр мобайнида 11 марта сайловчилар билан учрашувлар, оилаларда, ёшлар орасида суҳбатлар ўтказдим. 43 та ёзма ва оғзаки мурожаатлардаги муаммоларни ўрганиб уларни ҳал қилиш  юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Қарорда белгилаб берилган вазифаларни бажаришда барчамиз якдиллик билан иштирок этсак, тараққиётнинг янги марраларига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлидаги ишларимиз янада самарали бўлишига ишончимиз комил.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.