Сайловларда фуқароларимиз фаоллиги Давлатимиз ва халқимиз келажагининг муҳим омили


Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, яратувчанлик руҳида яшаши ҳаёт тақозоси, ижтимоий заруратга айланиб улгурди. Бугунги кунда фуқароларимиз нафақат ислоҳотлар иштирокчиси, балки ташаббускорига айланиб бормоқда.

Сайловлар мана шундай фаол фуқаролик позициясини намоён қилишнинг муҳим воситаси, демократик тизимнинг устунларидан бири ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этади, давлат органларини демократик тарзда шакллантиришга ўз хоҳиш иродаларини билдириш орқали қатнашади.

Маълумки, жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа –  Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги   Қонун қабул қилинди.  Мазкур Қонун билан нафақат бир қатор қонунларга, балки Бош қомусимиз ҳисобланган Конституциямизга  ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Унга мувофиқ, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови,   Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов   уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи эмас,  балки октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакати­миз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Чунки, бу давлат раҳбари – Президентни сайлаш билан боғлиқ ўта масъулиятли жараёндир. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демокра­тик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оши­рилади.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ масалалар алоҳида ҳуқуқий тартибга солинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари Сайлов кодексининг 12-бобида белгиланган бўлиб, қуйидаги нормалардан иборат: Ўзбекистон Республика­си Президентлигига номзодга қўйиладиган талаблар (61-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи (62-модда); Ўзбекистон Республикаси Президенти сай­ловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар (63-модда); Ўзбекистон Республика­си Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби (64-модда); Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш (65-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддати­дан илгариги сайлов (66-модда).

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиб, ўз сиёсий ғояси, дастури ва сайловолди платформаси асосида сайлов жараёнида кураш олиб борадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига биноан, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фа­милиялари сайловчилар рўйхатига киритилади. Ҳар бир сайлов­чи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Сайловчилар рўйхати участка сайлов комиссиялари томо­нидан тузилади. Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили қайд этилади.

Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотла­ри асосида тузилади.

Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхонала­ри ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Шу бўйича Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Кодекс  янги  — яъни чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритишга бағишланган 271-модда   билан тўлдирилиб, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Бундан ташқари, чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади. Шунингдек, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкинлигининг белгиланиши албатта  сайловчиларнинг, хусусан имконияти чекланган фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун қулай бўлиши ва уларнинг бевосита манфаатларига хизмат қилиши табиий.

Давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан дўстона, яқин муносабатларга киришиши ва халқаро нуфузи ошиб бораётганлиги, қонунларимизнинг халқаро умумэътироф этилган нормаларга мувофиқлаштирилиб борилаётганлигининг тасдиғи сифатида, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида ҳам бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар жумладан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилиши ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилишида кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилди.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланиши белгилаб қўйилди.

Умумий тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Пре­зиденти сайлови фуқароларнинг овоз беришига асосланади. Овоз бериш – ҳар бир фуқаронинг давлат раҳбарини сайлаш­дек конституциявий ҳуқуқини реализация қилишнинг шакли­дир. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги Сайлов кодекси билан кафолатланади.

Сайлов кодексининг 57-моддасига киритилган қўшимчага кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайло­вида муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан эмас, балки Марказий сай­лов комиссияси томонидан белгиланади.

Мамлакатимизда 2021 йил 24 октябрда ўтказиладиган Пре­зидент сайловида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Умуман олганда, сайловларда қатнашаётган сайловчиларнинг доимий равишда ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириб бориши уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштироки, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет тармоғи орқали доимий ёритилаётган сайлов жараёни билан боғлиқ янгиликларга бепарво бўлмаслиги давлатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубхасиз. Шунинг учун давлатимизнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизни, сайлов жараёнларида фаол иштирок этишга чақириб қоламиз.

К.Юсупов,

Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали

директор ўринбосари.