Томорқачилар тажриба алишмоқда


Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва водий вилоятлари Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорлигида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида илмий-амалий ўқув машғулоти ўтказилмоқда.

Шу мақсадда Фарғона ва Андижондан бир гуруҳ фермер ва томорқачилар Қорақалпоғистон Республикасига малака ошириш ва янги тажрибаларни ўртоқлашиш мақсадида келишди.

Дастлаб учрашув иштирокчилари Беруний туманидаги «Бўстон» маҳалласида ташкил этилган «Дала дўкони» ва унинг ёнидаги иссиқхона фаолияти билан  танишди.

Ташриф давомида шунингдек, 25 йилдан буён иссиқхонада лимон етиштириб, даромадига бир қатор қишлоқ хўжалиги техникалари ва микроавтобуслар харид қилган томорқачи билан мулоқот ўтказилди.

— Иккита иссиқхона қуриб,  ундан фойдаланиб турибмиз, — дейди Тўла Бекимбетов. — Биттасига лимон кўчатлари экканмиз, ҳар йили яхшигина ҳосил олмоқдамиз. Яна биттасига эса бодринг, саримсоқпиёз, кўкатларни пешма-пеш етиштирмоқдамиз. Олтиариқдан келган томорқачилар билан бодринг етиштириш борасида суҳбатлашдик. Биз 90х40 шаклида камроқ кўчат экиб, кўп ҳосил оламиз. Улар эса 90х30 тарзида етиштирар экан. Мен қўллаган усул уларга ҳам маъқул келди.

Илмий-амалий ўқув машғулотининг самарасини янада ошириш, кўпроқ тажриба алмашишга шароит яратиш учун водийдан келган фермер ва томорқачилар гуруҳларга бўлиниб, Қорақалпоғистоннинг ўн олти туманида иш ўргандилар.

Кегейли туманидаги узум етиштирувчилар олтиариқлик томорқачиларининг ток шохларига ишлов бериш, кесиш, узумни қишда ҳам сақлаш борасидаги маҳорат дарсларида иштирок этишди. Яна бир гуруҳ иштирокчилар гулчиларнинг хонадонларида бўлишди.

— Биз етиштираётган 70 хилдаги гуллар ва уларнинг кўчатларини кўриб, нархларини сўрашди, — дейди Давлат Сапоев. — Йигирма йилдан буён оилавий гулчилик билан шуғулланамиз. Ҳозир кўчатхонамизда 40 минг дона гул кўчати бор, уларнинг ҳар бирини икки минг сўмдан сотамиз. Бухоро, Хоразм тарафлардан келиб, биздан кўчат олиб кетишади. Тайёр гулларимиз ҳам ҳам бор. Оиламизнинг кунлик харажатларидан ташқари соф фойдамиз йилига 40 миллиондан ошади.

Учрашувларда асосий эътибор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни экспорт қилиш, бу борада кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларни аҳоли, айниқса, деҳқон фермерларга етказиш, фермер хўжалиги раҳбарларининг касбий билим ва кўникмасини ошириш, кўп тажрибага эга фермер ва тадбиркорларнинг тажрибаларини тарғиб қилишга қаратилмоқда.

— Биз кўпгина хонадонларда бўлдик, — дейди фарғоналик Малик Нўмонов. — Тўғриси, бизнинг юмшоқ иқлим билан бу ердаги об-ҳавонинг анчагина фарқи бор. Сув кам, иссиқ бўлсада, ер билан тиллашган инсон ҳамма жойда ҳам яхши ҳосил олишига гувоҳ бўлдик.

Қорақалпоғистон Республикаси ва водий вилоятлари фермер, томорқачиларининг учрашувлари давом этмоқда.

ЎзА. .