ТОШКЕНТДАГИ ЯНГИЛИК НУКУСГА КЕЛАДИ…


Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари ташкилий сессиясида иштирок этиб сўзлаган нутқини халқимиз қизғин кутиб олиб, катта эътибор билан тингладилар.

Президентимизнинг ҳар бир ташрифи қорақалпоқ юртида янги бунёдкорликлар, халқ фаровонлиги ортишининг янги истиқболларини олиб келади. Буларга гувоҳ бўлар эканмиз, ҳар биримиз Ўзбекис­тоннинг бой солномасига зарҳал ҳарфлар билан битилаётган янгиланган юртимизнинг янги тарихига гувоҳ бўлишдек бахтга ­муяссар бўлаётганимиздан фахрланамиз.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган меҳри ва эътибори, ғамхўр­ликлари алоҳида. Буни юрак-юракдан ҳис қилган ҳар бир қорақалпоғистонликнинг Президентимизга бўлган ишончи янада мус­таҳкамланмоқда.

Яқиндагина  Давлатимиз раҳбари яна бир марта БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессия­сида Орол инқирози оқибатларини тугатиш муаммоларига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратгани, бу борадаги қимматли таклиф ва тавсиялари БМТ томонидан маъқулланганлиги фикримизнинг исботидир.

Бугун Қорақалпоғистоннинг янгиланган келбати, фаровон ва бахтли ҳаётига қараб туриб узоқ ва яқин тарихни кўз олдимизга келтирамиз.

Ерназар Алакўз, Аллаяр Дўстназаров сингари халқ етакчилари озод ва обод ҳаётни орзу қилган эдилар. Ажиниёз бобомиз «Ер ҳам эл биландир, эл ҳам ер билан…», «Хўш омон бўл биздан қолдинг, Бўзатов…»  дея куйлаган армонлари мустақиллик йилларида рўёбга чиққанлигини, Мўйноқ янгилангани, Бўзатов тумани қайта ташкил қилиниб фаровон бир ҳудудга айланаётгани мисолида кўришимиз мумкин.

Қорақалпоғистонга узоқ йиллар раҳбарлик қилиб ­фидойилик, халққа садоқат намуналарини кўрсатиб, қорақалпоқ диёрини янгилаган элсевар раҳбар, мар­ҳум Муса Ерниязов меҳнатлари бахтли ва фаровон ҳаётимизда яққол намоён бўлиб турибди.

Жўқорғи Кенгес сессияси чин маънода тарихий санага айланди. Республиканинг янги раҳбари сайланди.

– Бугун қорақалпоқ элини, тупроғини, имкониятларини яхши билган, халқ ­таниган, турли масалаларни ҳал қила оладиган етакчини сайлаб олишимиз керак. Бердақ бобомизнинг доно сўзлари билан айтганда:

“Халқнинг ғамини ўйлаган,

Юрт ғамхўри керак менга, – деди  давлатимиз раҳбари.

Президент ҳозирги мураккаб пайтда раҳбар бўлиш осон эмаслигини, Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар 2-3 карра кўпайтириб давом эттирилишини таъкидлади.

Ҳақиқатда ҳам бу лавозимга тавсия қилинаётган Мурат Камалов Халқ Отаси деган мақомга эга бўлган ХХ аср ўрталарида бу элнинг пойдеворини қўйган Қ.Камаловнинг фарзанди. Депутатлар оталар ерига меҳр қўйган, ватанпарвар, фидойи  Мурат Камалов номзодини бир овоздан маъқулладилар.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистоннинг ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан равнақ топтириш режаларини белгилаб берар экан, 16 туманда «ўсиш нуқталари» бўйича тадбиркорлик субъект­лари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилишини таъкидлади.

Айниқса  Тахтакўпир, Бўзатов ва Шўманой туманларида янги ташкил этиладиган саноат корхоналарига ҳам 3 йил муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари белгиланди.

Давлатимиз раҳбари қорақалпоқ юртида балиқчилик, чорвачиликда оилавий кооперцияларни йўлга қўйиб, паррандаларни кўпайтириб, гўшт нархини арзонлаштириш чораларини кўриш юзасидан ҳам қатор вазифалар белгилаб берди.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонда маданият, санъат, адабиёт йўналишларида белгилаб берган устивор вазифалари биз ижодкорларни янада тўлқинлантирди.

Келгуси йили Қорақалпоғистонда Ёшлар фестивалини ташкил этиш, Бўзатов туманида Ўзбекистон шоир ва ёзувчиларининг анжуманини ўтказиш, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адиб Тўлепберген Қайпбергеновнинг уй — музейини ташкил қилиш бўйича берилган баҳоли топшириқлар маънавиятимизни янада бойитишига хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

Эндиликда, Нукус шаҳрида барпо этилган опера ва бахшичилик мактаб-интернати ҳузурида бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳам ташкил этилади. Бу каби хайрли ишлар аждодларимиз асрлар давомида эъзозлаб келган ноёб санъатни дунёга кенг тараннум этиш, ёшларимизнинг унга қизиқишини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Халқимиз Нукус шаҳрини Ўзбекистоннинг иккинчи пойтахти деб севади. Давлатимиз раҳбари пойтахтимизни янада кўркам, обод, замонавий қиёфа касб этиши юзасидан аниқ кўрсатмалар берди.

– Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак, – деди Президент. – Янгича ишламасак, замон қабул қилмайди.

Шу билан бирга ­Президентимиз ҳар бир депутатнинг, сенаторнинг халқ олдидаги масъулиятини яна бир бор орттирди. Сенатга Орол инқирози муаммоларини бартараф қилишга қаратилган барча масалалар ижросини назорат қилиш бўйича Қўмита тузиш вазифасини қўйди. Қўмита раҳбарлиги шахсан Сенат раиси зиммасида бўлиши, бу ишга барча сенаторлар, депутатлар ҳам жалб қилиниши белгиланди. Бу Оролнинг қуриган ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, хал­қаро ташкилотлар билан ишлаш, давлатимиз томонидан ишлаб чиқилган барча лойиҳалар ўз вақтида бажарилишини назорат қилишда катта аҳамиятга эгадир.

Биз депутатлар, сенаторлар ҳам албатта ­Президентимиз талаб қилаётганидек халқ дарди ва муаммолари билан яшашимиз, уларнинг ҳал қилинишида Давлатимиз раҳбарига камарбаста бўлишимиз керак.

Гулистон Аннақиличева,

Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиСенати аъзоси.