ХАЛҚАРО ТЕАТР КУНИГА БАҒИШЛАНДИ


Шу йили 27-март куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Халқаро театр кунига бағишланган тантанали  тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Қ.Турдиев ва бошқалар йиғилганларни Халқаро театр куни билан муборакбод этди.

Жорий йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деган эди.

Чиндан-да, биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, биринчи таянчимиз   бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият ҳисобланади. Бунда театрнинг ҳам ўрни беқиёсдир.

Март ойининг 27 санаси – Халқаро театр куни сифатида  кенг нишонланади. Президентимизнинг Ўзбекистон театр санъати ходимларига йўллаган байрам табриги  барчага катта ғурур ва ифтихор бағишламоқда.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, театр ҳақиқатан ҳам ибратхона, қутлуғ тарбия ва маърифат масканидир. Жаҳондаги энг оммавий ва таъсирчан санъат турларидан бири бўлган театр асрлар давомида одамларни инсонийлик ва эзгуликка чорлаб, уларнинг қалбида олижаноб фазилатлар, гўзал ҳис-туйғуларни камол топтиришга, жамият ҳаётида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, юксак ахлоқ ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Байрам муносабати билан бир гуруҳ соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг,  Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Нукус шаҳар  ҳокимлиги ва қатор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.