Халқимизга Янги йил табриги


Қадрли ватандошлар!

Азиз дўстлар!

Барчангизни ўзида улуғ мақсад ва энг эзгу тилакларни мужассам этган, халқимизга ўзгача қувонч ва умид бағишлаб, юксак бунёдкорлик ишларига руҳлантираётган Янги йил байрами билан қизғин табриклайман.

Якунланаётган йил дунё халқ­лари, жумладан, юртдошларимиз учун ҳам коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келиши ва тарқалиши, унинг оқибатлари билан боғлиқ оғир ва синовли кунларни олиб келгани аччиқ ҳақиқатдир.

Бироқ, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев  томонидан бир қатор муҳим фармон ва қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши, аниқ вазифаларнинг белгиланиши, амалий чоралар кўрилиши, қолаверса, халқимизнинг оғзибирчилиги, меҳнатсеварлиги, фидойилиги боис юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида бир қатор натижаларга эришилди, десак хатолашмаймиз.

Бунинг амалий ифодасини энг аввало, инсонларнинг саломатлиги ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, пандемия сабабли даромадсиз қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш каби бир қатор йўналишларда амалга оширилган эзгу ишлар мисолида кўришимиз мумкин.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг йўлга қўйилгани, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”нинг жорий этилгани-инсонларнинг оғирини енгил қилиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бугун халқимиз тинч-тотув, эртанги кунга катта ишонч ва аниқ мақсадлар билан келажакка қадам ташламоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз керак, муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида республикамизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаётини таъминлаш бўйича белгилаб берган вазифалари катта бунёдкорлик ишларга кенг йўл очмоқда.

Мана шу асосда қабул қилинган махсус қарор бўйича барча шаҳар ва туманларимизнинг ўзига хос “ўсиш нуқта”ларидан келиб чиқиб, 2020-2022 йиллар давомида умумий баҳоси 12 триллион 292,7 миллиард сўмлик 1359 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлса, 2020-2023 йилларда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа йўналишдаги 1444 та объектда 8 триллион 917 миллиард сўмлик қурилиш – таъмирлаш ишларини амалга ошириш назарда тутилган. Қарор талабларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш натижасида халқимиз учун 45 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконияти пайдо бўлади.

Албатта, бундай кенг кўламли ишлар кўнгилларда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиши билан бирга инсонларни юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга ҳисса қўшишга руҳлантиради.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, якунланаётган йилнинг 29 декабрь куни муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ­халқимиз тақдири ва юртимиз келажаги билан боғлиқ жуда муҳим масалаларга эътибор қаратилганлиги, кечиктириб бўлмайдиган вазифаларнинг белгиланиши барчамиз учун катта дастуриламал сифатида хизмат қилади.

Жумладан, Орол денгизи инқирози оқибатида юзага келган экологик муаммоларнинг таъсирини юмшатишга йўналтирилган ҳаракатларнинг мунтазам давом эттирилиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларнинг янада кучайтирилиши юртимизнинг янги тарихида ўчмайдиган йирик ­воқеалардан саналади. 

Қадрли ватандошлар!

Кириб келаётган янги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили ўзида янада юксак мақсад ва вазифаларни мужассам этиб, барчани улуғ ишларга чорламоқда.

Юртимизда бошланаётган Янги йилда ҳам халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, айниқса, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш каби бир қатор масалалар асосий вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.

Бунёдкор халқимиз мана шундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшишига, юртимизнинг тақдири ва унинг келажаги йўлидаги эзгу ишларда фаол иштирок этишига қатъий ишонамиз.

Сизларни яна бир бор Янги йил байрами билан қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, ишларингизда жўшқин муваффақиятлар тилайман!

Илоҳим, кириб келаётган Янги йилда халқимизнинг насибаси мўл бўлиб, ҳар бир инсонга, ҳар бир оилага бахт, қувонч, шодлик ва давлат олиб келсин!

Янги йилингиз барчангизга қутлуғ муборак бўлсин, азиз ватандошлар!

М.Камалов, 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси