ХАЛҚИМИЗНИ ЁРУҒ КЕЛАЖАККА ЧОРЛАЙДИ


«Менинг назаримда, инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи–маънавият чироғи бор. Бу чироқнинг бошқалардан фарқи шуки, у инсоннинг онги ва тафаккурини ёритади, қалби, виждонини уйғотади, фидоийлик ҳиссини кучайтиради».

Ш.М.Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобидан.

 

Яқиндагина нашрдан чиққан «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобини қўлимга олиб варақлар эканман, давлатимиз раҳбарининг она Ватанга бўлган чексиз муҳаббатини, халқимизга ғамхўрлиги, ёшларимизга оталарча меҳр-эътиборини, мамлакатимиз равнақи йўлидаги оламшумул изланишлари, фидоий ва бетиним меҳнатларини ҳис қилдим.

Бизнинг юртимизда «Давлат — инсон учун» тамойили ҳар биримизнинг онгу-шууримизга сингиб улгурган. Янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг дунё ҳамжамиятида нуфузи ортаётганлиги, кўпгина жаҳон халқлари юртимиздаги фаровонлик, ҳар бир фуқаронинг ҳаёти давлат муҳофазасида эканлигига ҳавас қилаётганлиги кўнглимизни кўтаради.

Китобнинг «Халқпарвар давлат», «Адолатли ижтимоий сиёсат», «Маънавий тараққиёт» бўлимларида айнан бу ҳақиқат ёрқин очиб берилган. Маънавий янгиланиш, имконият ва истиқболлар тўғрисида шундай ҳикматлар келтирилган. «Биз учун маънавият–инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир.

Бошқача айтганда маънавият–жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг  мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир». Булар албатта ҳаёт ҳақиқатлари.

Биламизки бизнинг аждодларимиз қолдирган бой мероси ва миллий қадриятларимизни улуғловчи кучли маънавияти бугунги  кунда ҳам инсон камолоти, ёшлар баркамоллиги учун хизмат қилмоқда.

Дунёда ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, урф-одат ва миллий қадриятлари мавжуд.

Мамлакатимизда мустақилликка эришгач халқимиз ўзининг бетакрор тарихи, маданияти, ўзига хос миллий қадриятлари–катта маънавий бойлик эканлигини чуқур англаб етди.

Ҳар бир инсоннинг ўз маънавий олами бор. Худди шундай ҳар бир миллат, халқ ҳам ўз миллий, қаҳрамонлари, улуғ адабиёт, санъат намоёндалари билан фахрланадилар. Мен ўзим улғайиб ўсган муҳитда ўзбек халқ эртаклари, қорақалпоқ халқ достонлари, кейинчалик мумтоз адабиётимиз мероси бўлиб қолган севимли китоблар онг-шууримиз, тафаккуримизни бойитди. Қорақалпоқ халқи ҳам эрк, озодлик, меҳр-оқибатни куйлаган бахши жировларининг юзлаган достонлари, Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа сингари буюк истеъдод эгалари бўлган, қорақалпоқ классик шоирларининг шеър ва ғазаллари моҳиятида–катта маънавият, маданият, маърифат ётганлигини чуқур таҳлил қила  бошладилар, англадилар, ўрганмоқдалар.

Қорақалпоқ халқининг бахши жировчилик мактаби орқали достонлар билан қадим тарих янги ҳаётга кириб кела бошлади. Буларни маънавият тушунчасининг бир қирраси деб тушунамиз. Мен қорақалпоқ халқига хос бўлган инсоний фазилатлар самимийлик, дўст-биродарлик, меҳмондўстлик, бағрикенгликни алоҳида айтиб ўтгим келади.

Бу фазилатлар ҳам–маънавиятдир. У халқимизнинг қон-жонига сингиб кетган. Қорақалпоғистонга бир келган киши бу юртдаги табиат билан ҳар бир инсон қалбининг уйғунлигини ҳис қилади.

«Биз ғурури, орияти, маънавияти баланд халқмиз,–дейилади китобда. Бу, ҳеч шубҳасиз, катта бойлик. Аждодларимиз асрлар давомида асраб-авайлаб келган бу бойликни йўқотиб қўйсак, келгуси авлодлар бизни асло кечирмайди. Аксинча–бу фазилатни халқимизни, миллатимизни бирлаштирадиган энг кучли тамойилга айлантиришимиз керак. Негаки, миллий ғурури баланд халқнинг қадр-қиммати ҳам баланд, маънавияти, иродаси кучли бўлади. Бундай халқ билан ҳар қандай буюк мақсадларга етиш мумкин».

Шу ўринда жамиятда маънавият, бу ҳар бир инсоннинг онг тафаккурида, энг аввало туғилиб ўсган юртига меҳри, тарбиялаб, ўстириб, улғайтирган ота-онага ҳурмат эҳтироми, биродарлик, дўстлик, бағрикенг­лик сингари инсоний фазилатларни қадрлаши ва амал қилиши билан мустаҳкамланади, деб айтиш мумкин.

Айниқса, бу масалада ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш муҳимлиги китобга алоҳида мазмун бахш этиб турибди.

Негаки, ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир.

Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Маълумки, Президентимиз ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари суриб, ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасида эътиборга олинди.

Янги Ўзбекистон тарихий босқичига қадам қўйилган илк кунлардан буён давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида ва узлуксиз эътибор берилаётган масала маънавият ва маърифат бўлгани ҳолда, бой ва ҳеч кимда йўқ тарихий-маданий меросимиз қадр-қимматини ўрнига қўйиш, уни чуқур ўрганиш, ундан таълим ва тарбиядек ўта зарур ва нозик соҳада унумли фойдаланишга алоҳида урғу бериб келинаётгани ҳам ҳақиқатдир.

«Янги Ўзбекистон стратегияси» китобининг ҳар бир бўлими юртимиз равнақи, халқимизнинг яратувчилик, бунёдкорлик меҳнати, янгиланишлар, жаҳон ҳамжамиятидаги Ватанимиз нуфузи ортаётгани бир сўз билан айтганда Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини ёрқин очиб берган.

Янги уйғониш даври асослари,  Ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасидаги вазифалари ҳар биримизни янада фидоий, ватанпарвар, ўз халқи ва элига садоқатли, юксак маънавиятли бўлишга чорлаб турибди.

Маънавий такомилга интилган инсон аввало ўзлигини англаб етади. Ўзликни англаш эса юртга фидоийлик, миллатга садоқат, унинг анъаналари ва урф-одатлари, тамойилларини ҳурмат қилишнинг асосий пойдеворидир.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

«Қорақалпоқ адабиёти» газетаси Бош муҳаррири,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.