Хитойдаги элчихонанинг хайрия ёрдами


Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан келтирилган тиббий асбоб-ускуналарни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Саидов сўзга чиқиб, давлатларимиз ўртасидаги турли соҳалардаги алоқаларга тўхталиб ўтдилар.

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси даврида Хитой давлати томонидан Ўзбекистонга алоҳида ёрдам кўрсатилди. Мана шундай синовли кунларда бир гуруҳ хитойлик шифокорлар юртимизда бўлиб, касалликнинг олдини олиш ва беморларни даволашда ўзларининг амалий ёрдамларини кўрсатишди. Элчихона томонидан навбатдаги ижтимоий карвон коронавирус инфекциясига қарши курашга йўналтирилган юқори тиббий буюмлар яъни, 6 дона ногиронлик аравачаси, 5 дона кислород концентратори, 570 қути Ляньхуа препарати, 30 дона термометр, 20 минг дона ниқобдан иборат.

Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда,-дейди Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов. –Бу давлатга экспортга чиқарилаётган қизилмия экстратининг кўпчилик қисми Қорақалпоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада ҳамкорлик янада давом этади. Жумладан, 2020-2021 йилларда умумий баҳоси 210 миллион долларлик 7 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқдамиз.

Тадбир сўнггида элчихона томонидан келтирилган тиббий асбоб-ускуналар Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларига топширилди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.