«Хошамет – 2020» ғолиблари тақдирланди


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Хошамет-2020” йилнинг энг фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини орттиришга қаратилган ишларни янада такомиллаштириш, ёш авлодни маънавий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда барча соҳаларда тенгдошларига ўз билими, фаолияти ва ташаббуслари билан ўрнак бўлаётган ёшларга мамлакатимиз тараққиётининг келажаги сифатида қаралмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан маданият, санъат, адабиёт, журналистика, спорт соҳалари ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида ютуқларга эришган энг фидойиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Хошамет” мукофотини тантанали топшириш маросими 2017 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур мукофот билан асосан, кундалик ҳаётимизнинг барча соҳа ва йўналишларида фидойилик кўрсатаётган ёшлар, шу жумладан, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ўрнак бўлаётган давлат ва жамият бошқаруви органлари рағбатлантирилади.

“Ёшлар фестивали” доирасида ўтказилган тадбирда 20 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан,  “Йилнинг энг фаол ёшлар устози”,  “Йил фаоли”,  “Йилнинг энг фаол туман ва шаҳар Сардорлар Кенгаши”, “Йилнинг энг фаол ҳамкор ташкилоти”, “Йилнинг энг фаол ёшлар ишлари агентлиги шаҳар, туман бўлими” “Йилнинг энг фаол ҳокими”, “Йил фидойиси”,“Ёшлар ҳаётини ёритишдаги фаоллиги учун”,  “Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси”, “Йил кўнгиллиси”, “Йилнинг энг қувноқ ва зукко ёшлари”  ва бошқа номинациялар ғолиблари тақдирланди.

— “Йил ғояси” номинацияси ғолиби бўлганимдан хурсандман, — дейди Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали талабаси Рустамжон Мадреймов. —  Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (БАА) билан ҳамкорликда эълон қилинган «Орол денгизи шўрланган ерларида инновацион стартап лойиҳалари танлови»да менинг “Саксовул уруғини экиш учун қуёш энергияси билан ишлайдиган қурилма ишлаб чиқиш” стартап лойиҳам ғолиб бўлди ва  338,2 миллион сўм миқдорида молиялаштирилиши белгиланди.

Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.