Шарап УСНАТДИНОВ


Шу йилнинг 9 сентябрь куни  Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ ёзувчиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, таниқли журналист ва ёзувчи, давлат ва сиёсий арбоб Шарап Уснатдинов 78 ёшида вафот этди.

Ш.Уснатдинов 1942 йили Кегейли туманида туғилган. 1965 йили Тошкент давлат университетини, 1984 йили Тошкент Олий партия мактабини тамомлаган.

1965-1978 йиллар оралиғида “Қарақалпақстан жаслары” газетасида адабий ходим, масъул котиб, бош муҳаррир, “Еркин Қарақалпақстан” газетасида адабий ходим, бўлим бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилган.

Бундан сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Телерадио қўмитаси бошлиғи ўринбосари, Бердақ номидаги мусиқали театр директори, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси бош муҳаррири ўринбосари, бош муҳаррири, “Қарақалпақстан” нашриёти директори, Қорақалпоғистон Республикаси Ижроия қўмитасининг мафкура бўйича котиби лавозимларида самарали меҳнат қилган.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, яъни, ­1992-1994 йилларда Нукус шаҳри ҳокими лавозимида фаолият юритиб, пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўзининг салмоқли  ҳиссасини қўшди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси ­Коммунал хизмат кўрсатиш вазири, Қорақалпоғистон Республикаси коммунал фойдаланиш бирлашмаси директори, Қорақалпоғистон Республикаси коммунал “Ыссылық дЁреги” очиқ акциядорлик жамияти раҳбари лавозимларида ­фаолият юритди.

2007 йилдан кейинги даврда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати раҳбари-Вазирлар Кенгаши Раисининг матбуот котиби, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият тарғибот  маркази раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси бошлиғи, умрининг охирига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари лавозимларида самарали хизмат қилиши билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этди.

Ш.Уснатдинов қайси лавозимда ишласа ҳам ўзини меҳнатсевар, чуқур билимли, ишнинг кўзини биладиган моҳир ташкилотчи сифатида танита билди ва халқимиз орасида катта ҳурмат-эътибор қозонди. У миллий журналистикамизнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб, қатор шогирдлар тайёрлади.

Унинг кундалик ҳаётнинг муҳим масалаларига бағишланган публицистик, ижодий ишлари ва кўпгина бадиий асарлари халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди.

Ш.Уснатдиновнинг серқирра хизматлари юксак баҳоланиб, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист”, “Қорақалпоғистон Республикаси Халқ ёзувчиси” фахрий унвонлари ҳамда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Халқимиз манфаати йўлида тинимсиз меҳнат қилган қадрли инсон, таниқли журналист ва ёзувчи, кучли нотиқ ва сиёсатчи, намунали устоз Шарап Уснатдиновнинг ёрқин хотираси халқимиз ёдида узоқ сақланиб қолади.

Қ.Сариев, А.Давлетов, Д.Қурбаниязов, С.Турманов, К.Каримов, П.Торешов.