Элликқалъада янги савдо мажмуаси


Элликқалъа туманининг Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Ipak yo’li» савдо мажмуаси қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими Сейдамат Авезов ва бошқалар ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

«Бўстон мега строй» масъулияти чекланган жамиятига қарашли уч қаватли савдо мажмуаси 1 миллиард 600 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига қуриб битказилди. Бу ерда харидорлар Aux, Shivaki, Indesit, Avalon, Samsung, Аrtel сингари фирмаларнинг уй-рўзғор буюмлари, маиший техникалар, мебеллар ва бошқа кундалик эҳтиёж молларини харид қилиши мумкин. Унинг фойдаланишга топширилиши билан 16 нафар маҳаллий ёш доимий иш билан таъминланди.

— Ҳозирги синовли кунларга қарамасдан давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилмоқда ва биз бундан жудаям мамнунмиз, — дейди «Бўстон мега строй» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Юсупов. — Аҳолининг мушкулини осон, узоғини яқин қилиш мақсадида ушбу савдо марказини очдик.

Ёш бўлса ҳам ишнинг кўзини биладиган тадбиркор хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш борасида доимо изланишда. Келажакда мебель, акфа эшик-дераза, темир панжара эшиклар ва бошқа цехлар очишни режалаштирмоқда.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.