ЭЛ АРДОҒИДАГИ ИНСОН


Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейида таниқли давлат ва жамоат арбоби,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Қаллибек Камаловнинг 95 ёшга тўлиши муносабати билан “Халқимиз ардоқлаган давлат арбоби” мавзусида учрашув кечаси ўтказилди.

Унга  олий таълим муассасалари  талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари  қатнашди. Тадбир иштирокчилари дастлаб, музей фондида  сақланаётган Қ.Камаловнинг мемуар асарлари ва фотосуратлари асосида тайёрланган кўргазмани томоша қилишди.

Шундан сўнг қатнашчиларга Қ.Камаловнинг ҳаёти ва узоқ йиллар давомида республика раҳбари сифатида юртимиз равнақи йўлида амалга оширган эзгу ишлари ҳақида тайёрлаган видеоролик намойиш қилинди.

Учрашув кечасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,Қорақалпоғис­тон  халқ шоири Г.Аннақличева, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси М.Низанов, Нукус шаҳар “Нуроний” жамғармаси раиси К.Қалендеров ва бошқалар сўзга чиқиб, Қ.Камаловнинг  республикамизга раҳбарлик қилган даврида  иқтисодиётнинг барча соҳаларида олиб борган самарали фаолияти хусусида батафсил  тўхталиб ўтишди.

–  Ҳар бир элнинг ўзига хос тарихи бор. Тарих саҳифаларини очар эканмиз,шу даврнинг қаҳрамонлари кўз олдимизда гавдаланади. ХХ асрнинг эллигинчи йиллари ҳақида ўйласак  Қаллибек Камаловнинг республикамизнинг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, маданий  ривожланишидаги буюк хизматлари, самарали меҳнатларини кўришимиз мумкин, -дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири Г.Аннақличева. Оқсоқол ўзининг “Эл хизматида” китобида ўз ҳаёт йўли,замондошлари, касбдошлари,шогирдларини тўлиб-тошиб тилга олади, халқимизни улуғлайди. Унинг эзгу ишлари бугунги кунда келажак авлод учун жуда катта  ибрат мактаби бўлиб  хизмат қилмоқда.

Тадбирда талаба-ёшлар ўзларини  қизиқтирган саволларга жавоблар олинди ва музей экспонатларини томоша қилишди.

Т.Сейтназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.