“Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди


Ўзбекистон бадиий акаде­мия­си Қорақалпоғистон бўлимида “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида эълон қилинган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ижодкор инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама имкониятлар яратиш ва уларнинг истеъдодларини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Танловда ёзувчи ва шоирлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, фотограф ва дизайнерларнинг ижодий ишлари ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилди.

Танлов якунида ёзувчи Бекназар Ерназаров, “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг масъул котиби Сағиндиқ Жаниев, Қорақалпо­ғистон телеканали хабар ва ахборот таҳлил таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Бахит Тўлепова, Қорақалпоғистон радиоканали муҳаррири ­Инкар Пиримбетова, “Beruniy-XABAR24” канали муҳаррири Лобархон Базарбаева ва бош­қалар ғолиб деб топилди.

— Интернет журналистикаси борасида танлов ғолиби бўлганимдан хурсандман, — дейди “Beruniy-XABAR24” канали муҳаррири Лобархон Базарбаева.  — Бу тадбир Халқаро журналистлар бирдамлиги кунида ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Бу эса ҳар биримизга ижодий фаолиятимизда янада масъулият юклайди. Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.