ЯНГИЛАНАЁТГАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОННИНГ ЯНГИ РАВНАҚИ


Она юртимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида, эришилган ютуқ ва натижалар хусусида сўз юритар эканмиз, албатта энг аввало, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалардаги юксак марралар, ўзгариш ва янгиланишларни ғурур билан эътироф этамиз.

Шу кунларда халқимиз озод ва обод ҳаётимизни таъминлаб берган шонли мустақилликнинг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш учун тайёргарликлар кўрмоқда. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ўтаётган турли тадбирлар, ёшлар ­фестиваллари янги ҳаётимизнинг янги мазмун моҳиятида намоён бўлмоқда.

Шундай дориломон кунларда юртимизда кейинги уч-тўрт йил ичида рўй берган ўзгаришларни, мислсиз бунёдкорликларни, обод овул ва қишлоқлар қиёфасини, халқимизнинг асрлик орзулари рўёбга чиқаётганини қайта-қайта эътироф этгинг келади.

Янгиланган Қорақалпоғистоннинг юртимизнинг узоқ-узоқ кенгликлари, қўй-қўзиларга тўла яйловлари, яшнаб турган боғ-роғлари, полизлари, ер ости, ер усти маъданларидан ишга тушган корхона, завод-фабрикалари…

Буларнинг ҳамма-ҳаммасида биз Президентимизнинг қорақалпоқ халқига, бу қадим ота-маконга меҳри, эътибори, ғамхўрликларини ҳис қилиб турибмиз.

Миллий маданият, маънавият, адабиёт, санъат барча халқлар сингари қорақалпоқ халқини ҳам ҳамиша бахт­ли ва фаровон ҳаётга руҳлантириб келмоқда.

Қорақалпоғистон халқининг халқ оғзаки ижодидан бошланган жиров, бахшилик санъати бугунги кунга келиб жаҳон саҳналарида миллий симфоник оркестр иштирокида ижро этиладиган етук санъат асарларига айланди. Бунда халқ ҳофизлари, театр актёрлари, опера ижрочилари, эстрада жамоалари, ёш томошабинлар, қўғирчоқ театри актёрларининг ижодий фаолияти ҳам катта аҳамиятга эга.

Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий маданияти, санъати адабиёти ҳамиша давлатимиз раҳбари эътиборидадир.

Нукусда давлат санъат ва маданият институти, опера ва бахшичилик санъати мактаби фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Давлат Консерваторияси филиали ташкил қилинди, Бердақ номидаги қорақалпоқ академик мусиқали театри, ёш томошабинлар театри қайта таъмирланди.

“Ажиниёз”, “Гулойим”, “Тўмарис” опералари саҳнага чиқди.

Қатор мусиқали, драмалар,балетлар яратилди.

Қорақалпоқ адабиёти тўғрисида сўз юритишдан олдин Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтиш лозим деб ўйлайман.

“Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”.

Ҳақиқатан ҳам қорақалпоқ адабиёти намоёндалари қолдирган бой миллий-маънавий мерос халқ достончилигидан тортиб то 21 асргача бойиб, маънавият, адабиёт, санъат ­хазинасини тўлдириб келмоқда.

Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа, Аббос Дабилов, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов, Тиловберген Жумамуратов, Шаудирбай Сейитов сингари ўнлаган адабиёт намоёндаларининг ижоди туркий халқлар адабиётидан муносиб ўрин олиб улгурган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар ҳиёбонида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов сиймолари ҳам янги ёдгорлик мажмуалари қаторида қад ростлаган.

Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов ҳайкалларини ўрнатиш орқали халқимизнинг улуғ шоир хотирасига, у орқали қорақалпоқ адабиёти ва халқига алоҳида эҳтироми ҳам намоён этилди.

Қорақалпоқ адабиётининг сўнмас юлдузи, Қорақалпоғистон Республикаси мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов асарлари кўплаб халқлар, хорижий давлатлар ижод аҳлининг, айниқса, ёш авлоднинг кўнглидан чуқур жой олган. Сабаби, Ибройим Юсупов чинакам юрт фарзанди, қорақалпоқ адабиётининг атоқли вакили. Нукусда Ибройим Юсупов ҳайкали ва унинг номидаги ижод мактаби очилгани бежиз эмас.

Ибройим Юсуповнинг адабиётда тутган ўрнига баҳо берган буюк ёзувчи ва шоирлардан Расул Ҳамзатов, уни “қалбларни даволовчи шоир” дейди, Чингиз Айтматов унинг шеъриятини кишини “ҳайратга солувчи” шеърият сифатида баҳолайди, Қайсин Кулиев шоирни туркийзабон халқларнинг улкан адиби даражасида кўради.

Бугунги кунда Ўзбекистон, Қорақалпоғистон халқ ёзувчи ва шоирлари Ўрозбой Абдураҳмонов, Жийенбай Избасқанов, Кенгесбой Каримов, Набира Торешовалар тўлиб тошиб ижод қилмоқдалар.

“Қарақалпақ Ёдебияты” газетаси чиқа бошлаганига бу йил 10 йил бўлди. Газетамиз 4 – қорақалпоқ, ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп қилинади. Интернет тармоғида ҳам “Қарақалпақ Ёдебияты” портали ишлаб турибди. Қорақалпоқ, ўзбек  адиблари ижоди рус, инглиз тилларда, дунё шеърияти, жаҳон адабиёти намоёндалари асарларини ўзбек, қорақалпоқ тилларида ўқувчиларга етказиб бермоқдамиз.

Қорақалпоғистонлик ёш ижодкорлар тўғрисида ҳам фахр билан айтса арзийди. Гулнара Нурлепесова, Гулистон Давлетова, Назира Матё­қубова, Сағинбой Ибрагимов, Қумар Бекниязова, Аллаяр Дарменов, Бахтли Сарибаев, ­айрат Алламуратов сингари ёш шоир ва ёзувчиларнинг асарлари “Қарақалпақ Ёдебияты” газетаси саҳифаларида тез-тез нашр қилинмоқда.

Бугунги кунда янги Ўзбекистон қиёфасида янги Қорақалпоғистон шаклланмоқда десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бунга ёрқин мисол сифатида кўп марта айтилган бўлса ҳам Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан Мўйноқ туманида кейинги йилларда амалга оширилган ишларни келтириб ўтиш кифоя. Хусусан, туманда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди, 100 километр масофадан ичимлик сув олиб келинди. Кўплаб корхоналар, ижтимоий объектлар ишга туширилди ва янгиларини барпо этиш давом этмоқда. “Мўйноқ аэропорти” янги лойиҳа асосида қайтадан қурилди. “Оқ кема” болалар оромгоҳида фарзандларимиз яйраб хордиқ чиқармоқда.

Президентимизнинг Қорақалпо­ғистон Республикасига ҳар бир ташрифидан сўнг ушбу элда халқимизнинг асрлик орзулари амалга ошмоқда. Бўзатов тумани янги қиёфада ташкил этилди. Нафақат ташкил этилди, балки бир йил ичида бутунлай ўзгача кўринишда намоён бўлди. Замонавий иморатлар, спорт иншоотлари, равон йўллар — Бўзатов халқи учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Бу ерда республика ёш ижодкорларининг танловлари бўлиб ўтмоқда. Янги сиҳатгоҳлар қурилмоқда. Шунингдек, энг олис ва чекка Тахтакўпир туманида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳудуд янги қиёфа касб этмоқда. Сув муаммолари ҳам ҳал бўлаётир.

Айниқса, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда экологик иқтисодий демографик вазиятни яхшилашга қаратилган устувор йўналишлар ижроси ўз самарасини бермоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Президентимиз томонидан илгари сурилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинди.

Бу резолюция Орол денгизи ин­қирози оқибатларини тугатиш, бу ҳудудда экологик вазиятни янада яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, Оролбўйи минтақаси учун ҳамкорлар билан “Траст” фондининг ташкил этилганлиги ва кўплаб жамғармалар, дастурларнинг янада самарали бўлиши учун хизмат қилади.

Резолюция сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқилиши, инвести­циялар жалб этилиши, айниқса Экотуризмнинг ривожланиши, экологик миграцияни олдини олиш сингари зарур рағбатлантирувчи омиллар амалга ошиши учун кенг йўл очиб беради.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизни рози қилиш, турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган  барча устувор вазифалари ҳар бир оиланинг, онанинг, ўсиб келаётган баркамол авлоднинг келажаги янада ойдин бўлишига замин яратмоқда. Булар ҳаммаси янги Ўзбекистоннинг янги ва бахтли келажагидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон ёшларининг ташаббуслари ҳам ҳамиша қўллаб-қувватланмоқда.

Қорақалпоғистонда 29 та мактабни қуриш-таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан катта маблағлар ажратилмоқда, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 15 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

Нукус шаҳрида 16 қаватли “IT-PARK” фойдаланишга топширилади. Бу ерда, ёшларнинг кўплаб лойиҳалари амалга оширилади, ахборот-коммуникация технологиялари музейи, кўргазма ва ўқиш хоналари ташкил этилади ҳамда 1 мингдан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантиришда Президентимизнинг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тарихий ҳужжат бўлди. Мазкур қарор билан халқнинг ҳаётини яхшилаш ҳамда барча шаҳар ва туманларни, соҳаларни жадал ривожлантиришга хизмат қиладиган келгуси уч йилга мўлжалланган 3 минг­га яқин лойиҳани ўз ичига қамраб олган дастур белгилаб олинди.

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида Қорақалпоғистон Республикасида 75 та банддан иборат ҳудудий дастур тасдиқланди. Дастур ижроси таъминланиб, жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот 104,5 фоизга, жумладан, саноат 109,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги 102,9 фоизга, қурилиш 101,6 фоизга, хизмат кўрсатиш 106,9 фоизга ўсиши таъминланди.

2021 йил якунига қадар умумий қиймати 5 триллион 323 миллиард сўм бўлган 593 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ва 10 минг 588 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Айни пайтгача қиймати 437,9 миллиард сўмлик 207 та лойиҳани ишга туширишга ва 2 883  та янги иш ўрни яратишга эришилди.

Саноат соҳасида жорий йилда 158 та лойиҳа бўйича 3 триллион 366 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 4 573 та янги иш ўрни яратилади. Биринчи июнь ҳолатига қиймати 152,1 миллиард сўмлик 51 та лойиҳа ишга туширилди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам Оролбўйида яшовчи бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга замин яратадиган муҳим ҳужжат бўлди. Айни чоғда, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланувчи кластер ва фермерларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириб, янги марраларга руҳлантирди. Негаки, сув — барча ҳудудларда ҳам ҳаёт манбаи ҳисобланади. Лекин Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистон учун, таъбир жоиз бўлса, сув ҳаёт-мамот масаласидир.

Президентимизнинг Қорақалпо­ғистон Республикасидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга, барча соҳаларни ривожлантиришга ажратилган муҳим қарорлари, қорақалпоғистонликларнинг кўнглини кўтармоқда. Эртанги кунга бўлган ишончини, меҳнат қилишга бўлган шижоатини янада юксалтирмоқда.

Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида бу ютуқ ва муваффақиятларни қайта-қайта эътироф этамиз ва бу шонли байрамни кўтаринкилик билан кутиб оламиз.

Гулистон АННАҚЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси.

“Қарақалпақ Ёдебияты” газетаси бош муҳаррири.