ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ РИВОЖЛАНИШИДА ЯНГИ ҚЎШНИЧИЛИК АЛОҚАЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ


XXI аср глобал тенденцияларининг мамлакатимиз ташқи сиёсати устувор йўналишларига таъсири муҳим масала бўлиб, шубҳасиз, у Ўзбекистон дипломатиясининг кун тартибида доимо долзарбдир. Албатта, дунёдаги жараёнлар мамлакатимиз раҳбарияти томонидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий курсини белгилаш ва амалга оширишда чуқур таҳлил қилинмоқда ҳамда инобатга олинмоқда. Халқаро майдондаги вазият ва юзага келаётган ҳар қандай таҳликадан қатъий назар, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитети, хавфсизлиги ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда барча фуқароларимиз фаровонлиги ишончли тарзда таъминланиши зарур.

Мамлакат ички ҳаётида кузатилаётган очиқлик, инновация ва янгиланишлар, шунингдек, иқтисодий либераллаштириш, бозорни ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, рақамлаштириш, янги технологияларни жорий қилиш, таълим ва маърифат, фуқаролар фаоллиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясига эътибор – буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатимизнинг ташқи сиёсатига таъсир этмоқда.

Хорижий давлатлар, халқаро экспертлар Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари фаоллашганини Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти сифатида иш  бошлаган давр билан боғлашади. Бу жараёнда Ўзбекистон етакчисининг амалий ҳаракатлари ва  ташаббуслари муҳим аҳамият касб этаётгани эътироф этилади.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида юритаётган ташқи сиёсати, аввало, минтақада барқарорлик ва  хавфсизликни таъминлади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон, шунингдек, минтақамизнинг инвестицион жозибадорлигига йўл очди.

Давлат етакчиси ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва  яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш алоҳида эътиборда бўлишини таъкидлади.

Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ҳамда Ҳинд-Ганг йўли орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк хоқонлиги, ­азнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида 2021 йили 16 июль куни “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтиб, унда Президентимиз тарихий вазият тақозоси билан ўн тўққизинчи асрда икки қўшни минтақанинг алоқалари узилиб қолганини таъкидлаб, «Ўзаро зиддиятлар кучайиб, кескин можароларга айланиши туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўсиқлар пайдо бўлиб, чегаралар ёпилди. Ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даври тугаб, унинг ўрнини қарама-қаршилик ҳамда ишончсизлик муҳити эгаллади.  Бунинг салбий оқибатларини биз ҳозирги вақтда самарали трансчегаравий йўллар мавжуд эмаслиги, савдо-иқтисодий алоқалар яхши ривожланмагани ҳамда маданий-гуманитар муносабатлар салоҳияти тўлиқ ишга солинмагани мисолида ҳам сезиб, ҳис этиб турибмиз», деди.

Сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидалари турмушга фаол татбиқ этилмоқда, бу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари миллатидан қатъи назар Ўзбекистон халқини ташкил этишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини эълон қилади ва кафолатлайди. Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини юритмоқда ҳамда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатини изчил амалга ошириб келмоқда. 2020 йили 23 сентябрда Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессиясидаги нутқида «Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир» деб таъкидлади.

Маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Айнан шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Йиғилишда бугунги куннинг долзарб масалалари муҳокама қилинар экан, давлатимиз раҳбари “Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият” – дея таъкидлади.

Хулоса ўрнида қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон юритаётган очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик сиёсати Марказий Осиё мамлакатларида қўллаб-қувватланмоқда. Қўшни давлатлар Ўзбекистоннинг ишонч ва яқин қўшнилик муҳитини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳоламоқда, Марказий Осиё давлатлари минтақани барқарор, хавфсиз, ҳамкорликда гуллаб-яшнаган маконга айлантиришга тайёрликларини изҳор қилмоқда. Бу  эса минтақа давлатлари иқтисодиётларнинг тезкор тараққиётига ёрдам беради.

К.ЮСУПОВ,

Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали

директор ўринбосари.