Янги Ўзбекистон билимли ва бунёдкор ёшларга таянади


Янги йил арафасида мамлакатимиз ҳаётида жуда катта янгиланишлар, изчил ислоҳотларга замин яратадиган муҳим ташаббуслар амалга оширилаётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқи, бутун ўзбекистонлик ёшлар қатори қорақалпоғистонлик ёшларни ҳам руҳлантириб, янги марралар сари чорламоқда. 

Мен Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиб, қорақалпоқ ёшлари номидан нутқ сўзлаганимдан жуда бахтиёрман. Айниқса, 253 нафар қорақалпоғистонлик талабанинг бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилиши бу ёшлар учун жуда катта шараф ва айни дамда масъулиятдир. Юртимиз ёшларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан бутун қорақалпоқ ёшлари миннатдор бўлмоқда.  Шуни ҳам алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истардимки, Президентимиз Ёшлар форумида Ўзбекистон чемпиони, бўзатовлик Гулсанем Уразбаевани Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлашини, 2021 йилда Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ушбу мукофотни топширишини айтганларида нафақат қорақалпоғистонликлар, балки бутун юртимиз ёшлари катта ҳурсандчилик билан қабул қилишди.

Биз давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқини жуда катта эътибор, ҳаяжон билан қабул қилаётган бир пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳам халқимизни чексиз қувонтириб, куч қувват бағишлагани айни ҳақиқат.

Шуни алоҳида мамнуният билан таъкидлаш керакки, ушбу Мурожаатнома мамлакатимиздаги барча соҳаларни янги босқичга кўтариш баробарида, юртимиз тараққиётининг пойдевори бўлган ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз томонидан 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилди. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи ­Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши лозим” — деди.

Мурожаатномада ёшлар ҳаётига боғлиқ бир қатор масалаларга эътибор қаратилди. Маълумки, яқинда ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилиб, бунда ёшлар муаммолари, таклиф ва истаклари “маҳаллабай” ўрганилиб, уларнинг ечимлари юзасидан манзилли дастурлар ишлаб чиқилди ҳамда бу ташаббус бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг жорий этилмоқда. Ўйлаймизки, бу ёшлар ҳаётига янада чуқурроқ кириб бориш имконини беради.

Шунингдек, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида Савдо-саноат палатасининг ҳудудий ўқув марказларида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этиш, уюшмаган қатлам билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш, изланувчан йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар технопарклари” қурилишини давом эттириш, икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш, кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент грантини жорий этиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратилди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилиши, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши бу юртимизда  ёшларга қаратилаётган юксак эътибор намунасидир.

Ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар ажратилиши, бундан ташқари, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилиши ёшлар учун жуда катта имконият саналади.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш ва қайта тайёрлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларнинг лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Лекин шундай бўлса ҳам бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришимиз, янгича руҳ, шижоат билан ишлашимиз, масъулиятимизни оширишимиз кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

А.Данияров,

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор.