Янги Ўзбекистон келажагини биргаликда қурамиз


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасида халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, янгиланишлар ва ислоҳотлар батафсил кўрсатиб ўтилди. Айниқса, таълим тизимида кутилаётган ўзгаришлар биз таълим соҳаси ходимларини ниҳоятда қувонтирди.

Маълумки, боғча таълимини кўрган боланинг дунё­қараши уйда қолган боланикидан анча фарқ қилади, боғчада тарбия топган бола мус­тақил фикрловчи, ўзига ишонган, дадил бўлади. 2021 йил давомида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 65 фоизга кўтарилади. 2000 та хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил қилиниб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етади ва 2023 йил охиригача қамраб олиш кўрсаткичи 75 фоизга етказилади. Шу мақсадда давлат бюджетидан 600 миллиард сўмлик маблағ ажратилади.        

Мактабларда бошланғич синфлар учун Давлат таълим стандартлари ўрнига Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилади. Дастур болани ижодий фикрлашга, креативликка ундашга қаратилади, боладан ортиқча юклама талаб қилмайди. 240 мингдан ортиқ синф раҳбарларига тўланадиган ҳақлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 миллиард сўмлик маблағ сарфланади. Олис туманларга бориб ишловчи ўқитувчилар ойлик маошларига 50 фоиз устамалар, бош­қа вилоятнинг олис ҳудудига бориб ишлаган ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 100 фоиз устамалар қўшиб берилади. Бу ўқитувчилар учун яратилган имконият бўлса, чекка ҳудудларда яшовчи ўқувчиларнинг шаҳар болалари каби замонавий билимларни мукаммал ўрганишлари учун шароит яратади. Янги, замонавий дарсликлар тўплами ишлаб чиқилади.                             

Хотин-қизлар учун алоҳида имтиёзлар яратилиши, айниқса, ОТМларда қизлар учун 2 мингта ўрин ажратилиши, аълочи талабалар учун махсус стипендиялар жорий қилиниши кам таъминланган оила фарзандлари бўлган қизлар учун алоҳида имкониятдир.  ОТМларнинг 30 тасига молиявий мустақиллик берилиши, уларнинг ўқув дас­турлари ва қабул квотасини ўзлари белгилаши, давлатнинг хусусий олий таълим муассасаларига кадрларга буюртма бера бошлаши ўқишни истаган ёшларга берилган имкониятдир. Мактаб ўқувчилари халқаро фанлар олимпиадасида ғолиб чиқса, ўқувчи ҳам, уни олимпиадага тайёрлаган ўқитувчи ҳам моддий ва маънавий рағбатлантирилади. Олдинлари уларга фақат вазирлик томонидан «Фахрий ёрлиқ» бериларди холос. Энди ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам моддий манфаатдор бўлиши олимпиадаларнинг нуфузини оширади, унга бўлган қизиқишни кучайтиради.

Ўзим ишлаётган 40-сонли умумий ўрта таълим мактабида 1300 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб биносида маҳаллий бюджетнинг иқтисод қилинган маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 700 миллион сўмлик  таъмирлаш ишлари бажарилди. Синф хоналари шинам, ёруғ, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. Мактабда спорт зали, кутубхона, ошхона, фан кабинетлари, замонавий компьютерлар мавжуд бўлиб, билим олиш учун ҳамма имкониятлар яратилган. Мактабимиз PISA хал­қаро баҳолаш дастурига ­тайёргарлик бўйича таянч мактаби ҳисобланади.

Яқинда ўтказилган фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси   босқичида 11нафар ўқувчиларимиз қатнашиб,улардан 2 нафари рус тили ва ҳуқуқ фанларидан ғолибликка эришдилар. Математика ўқитувчиси Аширов Шерзод математика фанидан, Раҳимова Меҳрибон эса биология фанидан ўқитувчилар орасида ўтказилган танловларнинг республика босқичи ғолиби бўлдилар.

Ютуқларимиз кўп,албатта. Лекин баъзи ота-оналарнинг фарзандларини қариндошларига топшириб, хорижда юришлари, ўқитувчига нисбатан беҳурматлик билан муносабатда бўлишлари, бола тарбиясига бефарқлиги кўнгилни хира қилади.

Бу ҳолатларга  қарши биргаликда курашишимиз, жамоатчиликнинг фаоллигига эришимиз зарур.

Муҳтарам Президентимиз «… жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур», — деб таъкидладилар.

Кўп йиллар соҳада хизмат қилган таълим фидойиси сифатида ўзим ҳам, ҳамкасбларим ҳам илм-маърифат орқали, самарали таълим орқали Янги Ўзбекистоннинг пойдевори яратилишига ишонаман.

Санобар Хўжамуратова,

Амударё туманидаги 40-сонли мактаб директори. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.Қорақалпоғистон халқ ўқитувчиси.