Янги қурилишларда хавфсизликни таъминлайлик!


Янгиланиб бораётган она юртимизнинг барча ҳудудларида янги бинолар бўй тикламоқда. Жумладан, Хўжайли туманида ҳам кўплаб янгиланишлар амалга оширилмоқда. Албатта, янги барпо қилинган бинолар давлатимиз ривожланаётганлигидан далолат беради, халқимизни ғурурлантиради, кўрган кўзни қувонтиради.

Масалан, туманимиз ҳудудида ўтган йили йигирмадан ортиқ бинолар фойдаланишга топширилиб, улар орасида мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, тадбиркорларга ва халқимизга турли хизматларни кўрсатувчи иморатлар бор.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, қурилиш ишлари давомида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фойдаланишга қабул қилиш вақтида ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилинганлиги бўйича туман Фавқулодда вазиятлар бўлими Норматив-техник бўлинмаси мутахассислари томонидан назорат ишлари ташкиллаштирилмоқда. Қурилиш ишларини олиб бораётган қурувчилар билан техника ва ёнғин хавфсизлиги бўйича кенг турда профилактика тадбирлари олиб борилиб, уларга энг асосийси соғлиқ ва хавфсизлик эканлиги тушунтирилиб келинмоқда. Шундай тадбирлар туман ҳудудидаги қурилиш ишлари олиб борилаётган объектларда ҳаттоки тунги вақтларда  ҳам ўтказилмоқда.

Боиси янги қурилишларимиз кўркам ва мустаҳкам бўлиши билан биргаликда хафвсиз бўлиши ҳам муҳимдир. Зеро, уларда инсонлар яшайди, меҳнат қилади.

Шу боисдан қурилиш ташкилотлари бу масалага алоҳида эътибор қаратиши керак.

Ш.Турсунбаев,

Хўжайли тумани ФВБ бўлинма бошлиғи, катта лейтенант.