Ўзбек тили байрамига бағишланди


Шу йил 21 октябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ академик мусиқали театрида “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганининг 31 йиллиги ва Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин она тилим” шиори остида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбек тили байрами куни билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин қутлади.

Таъкидланганидек, халқимизда “Тил — миллат кўзгуси”, “Тил яшаса — миллат яшайди”, “Тил — миллатнинг бебаҳо бойлиги” деган ҳикматли иборалар бежиз айтилмаган.

Чунки, ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён этишида, жамиятнинг ривожланишида тилнинг ўрни ниҳоятда катта бўлиб, тил халқнинг тарихини, маданий меросини, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этадиган бебаҳо бойлик ҳисобланади.

Шу боисдан ҳам бу йилги байрам, “Қадринг баланд бўлсин она тилим” шиори остида ўтказилмоқда. Давлат тили бу — юртимизнинг ижтимоий сиёсий, маданий-маърифий ривожланишида алоҳида ўрин эгаллаб келаётган бебаҳо қадриятдир.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ ўзининг миллий манфаатларини таъминлаш, бу йўналишда энг аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини сақлаш ва ривожлантириш масаласига асосий эътиборини қаратиши табиий.

Бугун мамлакатимиз “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, бундан ҳам юқори босқичига кўтарилмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида юртимизда давлат тилини ривожлантириш, уни янада бойитиш ва келажак авлодга соф ҳолида етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада янги энциклопедия  ва луғатлар, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини нашр этиш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг ўтган йили 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Шу йилнинг 10 апрель куни “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун, куни кеча эса Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ўзбек тилининг нуфузи ва мақомини ошириш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилининг тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, юртимиздаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш муҳим ўрин тутади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 сессиясида тарихда биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлагани, турли даражадаги расмий учрашувларда ўзбек тилидан давлат тили сифатида кенг фойдаланилаётгани, чет эллардаги кўпгина ўқув юртлари ва илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилаётгани, ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг, давлат тилини ўрганишга қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолат беради. Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригини юртимизда яшаётган барча миллат вакиллари катта кўтаринкилик билан кутиб олди. Унда таъкидланганидек, «Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.

Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир».

Мажлисда бир гуруҳ фаолларига “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони, умумтаълим мактабларининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбирда  “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Ш.Аяпов, Нукус шаҳридаги 38-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Д.Халмуратова, “Дўстлик” ордени соҳиби Г.Давлетовалар сўзга чиқиб, ўзбек тилининг жамиятимиздаги ўрни ва аҳамиятига тўхталиб ўтдилар ва байрамга бағишланган шеърларини ўқидилар. Иштирокчиларга санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастурлари намойиш этилди.

Д.Абибуллаев.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.