Қорақалпоғистон Республикасида ичимлик суви ва оқова сув тизимини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қарори

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПП-6074-сонли Фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳалари таклифлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиниши ва фақатгина уларнинг розилиги билан амалга оширилиши шарт деб кўрсатилган.

Шунингдек, ҳар бир инвестиция лойиҳанинг бажарилиши ҳолати мунтазам равишда тегишли маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказилиши белгиланган.

Бундан ташқари, мазкур Фармон билан  2020 йил 1 октябрдан бошлаб ҳудудларда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) бўйича дастлаб монополияга қарши курашиш ва нархларни (тарифларни) тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тасдиқланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги  “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПП-6074-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, аҳолига ичимлик сувини сифатли етказиб беришни янада яхшилаш бўйича тегишли соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари ва Қорақалпоғистн Республикаси Вазирлар Кенгаши, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлигининг хулосаларидан келиб чиқиб, билдирилган фикр-таклифларни инобатга олган ҳолда ҳамда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги  “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПП-6074-сонли Фармонида белгиланган талаблар ижро учун бошчиликка олинсин.

2. Қуйидагилар:

–сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Молия вазирлигининг ахборотлари;

— “2021-2023 йилларга белгиланган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини комплекс ривожлантириш дастури”га Қорақалпоғистон Республикаси бўйича киритилаётган лойиҳалар тўғрисида “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Қудайназаровнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қуйидагилар:

— Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2021-2023 йилларда “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш” фонди маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;

— Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2021-2023 йилларда “Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш” дастури асосида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2 –иловага мувофиқ;

— сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган сув таъминоти ва оқова сув хизматлари нархларига (тарифларига) ўзгартиришлар киритиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши таклифи ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги томонидан берилган хулосалари 3- иловага мувофиқ маъқуллансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Сариев) “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда:

— шаҳар ва туманларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимида амалга оширилиши белгиланган инвестиция лойиҳаларининг сифатли бажарилиши ва ҳукумат кафиллиги остида халқаро молия институтларидан олинган кредитларнинг қайтарилиши учун масъул эканлиги белгилаб қўйилсин;

— ичимлик суви таъминоти ­лойиҳаларида лойиҳа ташаббускорларининг ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар ҳисоблагичларнинг мажбурий равишда ўрнатилиши билан бир қаторда ичимлик суви уй хўжалигига қадар ўтказилишини назарда тутсин;

— шаҳар ва туманларда ичимлик суви ва оқова сув тизимини ривожлантириш бўйича тизимли ишларни ташкил қилсин ҳамда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасини бос­қичма-босқич ошириб борсин;

— ичимлик суви билан таъминланмаган аҳолига сувни ташиб етказиш ишларини янада такомиллаштириш ва махсус техникаларнинг етарлилиги, сувнинг сифатини назоратга олсин;

— ичимлик суви ва канализация тўловларининг ўз вақтида ундирилиб борилишини назоратга олсин ҳамда сув таъминоти корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чоралар кўрсин.

5.  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига (Е.Аташев) Молия вазирлиги (М.Содиқов), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (А.Досназаров), “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда:

— Вазирлар Кенгаши ҳузурида ишчи гуруҳ тузган ҳолда аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш ва унинг аниқ ҳисоб-китобларининг юритилиш жараёнини ўрганиб чиқиб, барча ҳудудлардаги ичимлик суви истеъмолчиларини тўлиқ қамраб олган ҳолда ҳисоблагичларнинг белгиланган тартибда ўрнатилиши бўйича аниқ чораларни кўриш ҳамда ушбу масалалар бўйича ташкилий жиҳатдан амалий ёрдамлар кўрсатиб бориш;

— Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2021-2023 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларни белгиланган тартибда ўз муддатларида молиялаштириш ҳамда ўз вақтида сифатли қуриб фойдаланишга топширилишини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўриш;

— ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимида амалга оширилиши белгиланган инвестиция лойиҳалари ижросининг мониторингини юритиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш ҳамда ишчи гуруҳлар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида белгиланган ­лойиҳаларнинг бажарилишини ­камида ҳар ойда бир маротаба йиғилишларда танқидий нуқтаи –назардан муҳокама қилиш;

— ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган инвестиция лойиҳалари бўйича масъул вазирлик, бошқарма ва ташкилот раҳбарларига тегишли чора кўриш бўйича таклифлар киритиш;

— шаҳар ва туманлардаги барча фуқаролар йиғини ва корхона, ташкилотларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тасдиқланган нархлар (тарифлар) бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш вазифалари юклансин.

6.Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига ичимлик суви ва оқова сув тизими бўйича амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳанинг сифатли бажарилишини жойларга чиққан ҳолда ўрганиб бориш ва мунтазам равишда назоратга олиш топширилсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Н.Ерлепесов, Е.Аташев), Адлия вазирлиги (С.Мамбетқадиров), Молия вазирлиги  (М.Содиқов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (З.Камалов), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (А.Досназаров), “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти (А.Қудайназаров) Ахборот ва ­оммавий коммуникациялар бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси билан биргаликда фуқароларга, тадбиркорлик субъектларига сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган сув таъминоти ва оқова сув хизматлари нархлари (тарифлари)га ўзгартириш киритилганлиги бўйича оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш топширилсин.

8. Бу қарор “Еркин Қарақалпақстан”, “Вести Каракалпакстана” ва “Qoraqalpog’iston tongi” газеталарида ёритилсин. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киритилсин.

9. Қарор ижросини назоратга олиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов зиммасига юклансин.

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси Раиси                                       М.Камалов.

Нукус шаҳри 28 декабрь 2020 йил.