Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг олтинчи сессияси тўғрисида ахборот


Шу йил 18 август куни Нукусда  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг олтинчи сессияси бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, шаҳар ва туманлар билан  видеоконференция шаклида ўтган сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутатлари, сенаторлар, ҳукумат аъзолари, сектор раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сессияни Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари  А.Давлетов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Таъкидланганидек, дунё халқларини хавотирга солаётган коронавирус пандемияси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу эса давлатимиз иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиши билан бирга, инсонларни ҳаётдан олиб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Сессия иштирокчилари таниқли давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерния­зовнинг хотирасига бир дақиқа сукут сақлаб, ҳурмат кўрсатди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

 Барчамизга маълум, Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 12 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария хизматлари сифатини тубдан яхшилаш, бу борада олиб борилаётган ишларга масъулият ва жавобгарлик билан қараш юзасидан соғлиқни сақлаш тизимидаги масъулларнинг аҳолига мурожаатини йўллаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Юртимизда коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш,  кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган вақт мобайнида мазкур йўналишда қабул қилинган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар  тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратишда, аҳоли турмуш тарзини яхшилашда ва  уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ турлари бўйича жами 282,4 миллиард сўмлик имтиёз берилиб, ушбу маблағларни тадбиркорларнинг ўзларида қолишига имконият яратилди. Шунингдек, барча турдаги кредитларга проланга­цияларнинг берилганлиги натижасида 1 триллион 201 миллиард сўмлик кредитларнинг тўлаш муддати узайтирилди. 

Бугунги кунда аҳоли банд­лигини таъминлаш ҳамда даромадини орттириш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг махсус фармони асосида жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб пенсияларнинг миқдори 10 фоизга ошиши белгиланди. 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши ва 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар 6 ой муддатга чўзилди. Бугунги кунда жами 2522 нафар тиббиёт ходимларига 10,2 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари берилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Қурбон Ҳайити байрами муносабати билан «Темир дафтар»га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 14 минг 596 оилага жами 14 миллиард 155,2 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари берилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ташкил этилган махсус жамғармага ҳомийлар ҳисобидан 6,8 миллиард сўм миқдорида маблағ келиб тушган бўлса, шундан ёрдамга муҳтож  26 минг 257 нафар оилага 4,4 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов сўзга чиқиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг эл-юрт олдидаги хизматларига юксак баҳо берди. Коронавирус пандемияси қанчалик қийин ҳолатни юзага келтирмасин, тўғри йўл тутилганлиги боис, юртимизнинг ижтимоий-сиёсий соҳаларида ислоҳотлар самарали давом эттирилганлигини, барча соҳа ва тармоқ фаолияти карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади ва ўз таклифларини билдирди. 

Билдирилган таклифларда аҳолига юқори сифатли ва ўз вақтида бирламчи тиббий санитария ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратиш, жамоат жойларида, аҳоли гавжум ерларда, айниқса оилавий тадбирлар, тўй-ҳашамларни ўтказишда фуқароларнинг санитария қоидаларига қатъий амал қилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратни кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Депутатлар сайловчилар билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб, оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб гапиришлари, тарғибот ишларини олиб бориши, шаҳар ва туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарларининг аҳолига мурожаат йўллашлари мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, пандемия даврида ҳолатнинг ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда, телемедицинани ривожлантириш, шу орқали аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳажмини кенгайтириш, фуқароларнинг уй шароитида даволаниши бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби  муҳим масалалар билдирилди.

Бундан сўнг, карантин чоралари босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатъий риоя этишлари зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамнинг юқори сифатли ва ўз вақтида кўрсатилиши юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мурожаати тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.Мурожаатни Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Қ.Қудайбергенов ўқиб эшиттирди.

 Депутатлар томонидан билдирилган  фикр ва таклифларни ҳисобга олган ҳолда мурожаатни қабул қилиш бўйича қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси  тўғрисида Жўқорғи Кенгеснинг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси З.Реймова маъруза қилди. Ушбу масала бўйича 48-сонли “Жи¦ишке” сайлов округидан депутат Ш.Отемисов сўзга чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди. 

Сессияда республикамизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала бўйича Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ф.Алламбергеновнинг ахбороти тингланди. Бу бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги 2020 йилнинг биринчи ярмида ҳуқуқий тарғибот ва маънавий-маърифий ишларнинг ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири С.Мамбет­қадировнинг ахбороти тинг­ланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Депутатлар Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш ҳақидаги қарорни қабул қилди.

Шу билан Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг олтинчи сессияси ўз ишини якунлади.

 Сессияда Қорақалпо­ғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ­Қ.Сариев иштирок этди. 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.