Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига байрам табриги


Ҳурматли шифокорлар ва тиббиёт соҳаси ­ходимлари!

Аввало, ўз ҳаётини халқимиз саломатлигини асрашга бағишлаб, бу йўлда садоқат ва фидойилик намуналарини кўрсатаётган Сизларни касб байрамингиз — Тиббиёт ходимлари куни билан қизғин табриклаймиз.

Юртимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва даволаш масканларини кўпайтириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларини зарур дори воситалари ва жиҳозлар билан таъминлаш, бирламчи тиббий санитария ёрдам кўрсатиш фаолиятини тубдан яхшилаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Бунда албатта, муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага оид бир қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги байрам олдидан муҳтарам Президентимизнинг соҳа ­ходимларига йўллаган табригида ва яқиндагина ўтказилган видеоселектор йиғилишида тиббиёт ходимларига юксак ишонч билдирилиши билан бирга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш фаолиятини тубдан янгилаш, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини ривожлантириш, бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш шифокорларига муносиб турмуш шароитини яратиш, соҳада кадрлар салоҳиятини кучайтириш билан боғлиқ бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Қадрли дўстлар!

Жорий йилги дунёда кенг тарқалган коронавирус инфекцияси барчамизга инсон саломатлиги ва ҳаётини сақлашда тиббиёт ходимларининг хизматлари қанчалик даражада бебаҳо эканлигини яна бир бор исботламоқда.

 Ўз ҳаётини ва соғлигини хавф остига қўйиб, бор билим ва тажрибасини халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, беморларни даволашда мардлик намуналарини кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг улкан машаққатли ва эгзу ишларини юксак баҳолаймиз.

Ўзингизга маълумки, юртимизда ҳар йили тиббиёт соҳасининг моддий –техник базасини мустаҳкамлаш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш, оналик ва ­болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларга тиббий -ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Жорий йилда инвестиция дастурига мувофиқ ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 18 та соғлиқни сақлаш объектида 38 миллиард сўмга яқин қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, тиббиёт муассасаларини зарур асбоб-ускуналар ва дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 23 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

Айниқса, коронавирус пандемияси халқимиз саломатлигига хавф солган жорий йилда тиббиёт муассасаларига янгидан ­сунъий нафас ва кислород бериш аппаратлари, кислород концентраторлари ва кислород баллонлари сотиб олинди. Бу эзгу ишда халқимиз фидойилари ва тадбиркорларимиз ҳам беминнат ҳисса қўшаётганини алоҳида мамнуният билан эътироф этамиз.

Албатта, буларнинг барчаси юртимизда катта бойлик бўлган-инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, коронавирус инфекциясидан қисқа вақт ичида халос бўлиш, халқимизнинг ҳаёт фаровонлиги таъминлаш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам ­этади.

Ҳурматли тиббиёт соҳаси ходимлари!

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга омонлик, халқ манфаати йўлидаги улкан масъулиятли, машаққатли ва ­шарафли ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз!

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши