Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн биринчи сессияси тўғрисида ахборот


Шу йилнинг 19 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб  Ўзбекистон Республикаси  Савдо-саноат палатаси  Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ташкил қилинган тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агент­лиги директори А.Ходжаев, Олий Мажлис Сенати, ҳукумат аъзолари, сектор, соҳа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.

Дастлаб депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 2 октябрь куни республикамизга ташрифи давомида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмуши билан боғлиқ муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Хусусан, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат ва кооперацияни ривожлантириш, ижтимоий ва бошқа соҳалар бўйича  аниқ вазифалар белгиланди.

Президентимизнинг жорий йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида уч  йиллик Дастур ишлаб чиқилди ва қатор муҳим  вазифалар белгиланди.

Ўтган 10 кун давомида Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессиялари ўтказилиб, ҳокимларнинг халққа мурожаати тингланди ва бу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Кун тартибидаги дастлабки масала, яъни 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва келгуси йилга белгиланган режалар тўғрисида Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариевнинг мурожаати тингланди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз пандемия шароитида янада қудратлироқ бўлиши ҳамда бу синовлардан кам талофат билан ўтиб олиши учун биздан бугун темир интизом, масъулият, сабр ва юксак тафаккур талаб этилиши ҳақидаги даъватлари ҳамда аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган фармон ва қарорлари асосида халқимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш, аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларининг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳолининг даромадларини ошириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, спорт, маданият ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ишлар олиб борилди. Айниқса, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада камбағалликни камайтириш хусусида тўхталиб, бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтган давр мобайнида пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари,  шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш ва бу орқали ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, пандемия даврида Қорақалпоғистон Республикасидаги 1968 та корхона ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди.

Давлатимиз раҳбари  томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан бирга  корхоналар кесимида  иш олиб борилди ва бугунги кунда барча корхоналарнинг фаолияти қайта тикланди. Бунинг натижасида, жорий йил  якуни билан  саноат ишлаб чиқариш  ҳажми  14,0 триллион  сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан  104  фоизга, истеъмол товарлари 105,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги 104,1 фоизга, хизматлар ҳажми 104,4 фоизга ошиши кутилмоқда.

Жорий йилда Президентимиз ташаббуси билан кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакилларига кенг кўламли қулайлик ва имкониятлар яратиб берилди. Хусусан, бугунги кунга қадар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 10991 та жисмоний ва юридик шахсга жами 385,6 миллиард сўм миқдорида имтиёз­ли кредит маблағи ажратилди. Жумладан “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури асосида  9901 та жисмоний ва юридик шахсга  318,4 миллиард сўм, “Фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан  62 та лойиҳага  3,7 миллиард сўм, ҳунармандчилик соҳасидаги 692 та лойи­ҳага  21,9  миллиард сўм,  хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан  207 та  лойиҳага  4,8 миллиард сўм,  “Yoshlar – kelajagimiz” дастури асосида  117 та  лойиҳага  36 миллиард сўм  имтиёз­ли банк кредити берилди. 

Шунингдек, 3519 нафар тадбиркорнинг 712  миллиард сўмлик кредити пролонгация қилинди, яъни тўлов муддати узайтирилди. Натижада, жорий йил якунига қадар 4409 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, ўтган йилга нисбатан 2 баробар ошади. 

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида импорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,0 фоизга, яъни 141 миллион долларга камайган бўлса, ҳудудий экспортёр корхоналар томонидан 2020 йилнинг январь-ноябрь ойларида 91,4 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, ўтган йилга солиштирганда 152 фоизга ошди. Ҳозирги кунда 141 тадан ортиқ экспортёр корхона дунёнинг 30 тадан ортиқ давлатига маҳсулот чиқармоқда. Олдин экспорт қилинмаган микротальк, мева шарбатлари, шиша идишлари, кир ювиш кукуни каби янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, йил бошидан янги экспортёр корхоналар сони 28 тага кўпайди.

Коронавирус пандемияси оқибатида нафақат кам таъминланган оилалар, балки кўплаб фуқароларимиз даромадини йўқотиб, ишсиз қолишди. Шу сабабли айниқса “темир дафтар”га  киритилган эҳтиёжманд аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йилнинг ўтган 11 ойида 94 минг 376 нафар фуқарога аҳоли бандлигини таъминлаш маркази томонидан хизматлар кўрсатилди. 

Эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам учун  маҳаллий бюджетлари даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жами 20 миллиард сўм маблағ ажратилди.  2020 йилнинг Инвестиция дастури асосида 398 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектида 747 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор чоралар кўрилди. Янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қаноатлантириш мақсадида ҳудудда 13 та ғаллачилик, 12 та мева-сабзавот, 6 та шоличилик ҳамда 10 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди.

Депутатлар мурожаат бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва бу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шундан сўнг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг (янги таҳрирда) лойиҳаси, “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси, Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга оид ишлар бўйича судлар раҳбарларининг ҳисоботи тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. Депутатлар ушбу масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўрилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси томонидан тавсия этилган Парахат Айтниязов Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси этиб сайланди ва бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

“Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат тўғрисида”ги  Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ  Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасига сайланганлар қасамёд қилиши белгиланган.  Шунга мувофиқ Конституциявий назорат қўмитаси раиси Парахат Айтниязов қасамёд қилди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг айрим қўмиталари ва комиссиялари таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Дастлаб Жўқорғи Кенгеснинг Регламент ва депутатлик одоби комиссияси раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, комиссия раиси сифатида 59-сонли “Тазғара” сайлов округидан Кенесбай Каримов сайланди ва депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилишди.

Шундан сўнг Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари қўмитасига аъзоликка сайлаш ҳамда Регламент ва депутатлик одоби комиссияси таркибидан чиқариш тўғрисидаги масала юзасидан қарор қабул қилинди.   

Депутатлар Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн биринчи сессияси ўз ишини якунлади.

* * *

Шу куни сессия доирасида Қорақалпоғстон Республикаси Вазирлар Кенгашида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида истиқболдаги вазифалар ва уларни амалга ошириш бўйича режалар юзасидан сектор раҳбарларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги