ҲАҚҚОНИЙЛИК ВА ШАФФОФЛИК аттестация синовининг муҳим жиҳатидир


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармонининг 23-бандига  асосан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, «ФҲДЁ нинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш ва  ФҲДЁ  органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функцияларни юклаган ҳолда  ФҲДЁ  органлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги  тасарруфига ўтказилди.

Туман (шаҳар)  ФҲДЁ  бўлимлари Агентлик тизимига ўтиши муносабати билан уларнинг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 август кунги қарори билан Адлия вазирлиги томонидан навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилди.Бу аттестация соҳа фаолияти учун шаффофликни, ҳаққонийликни таъминловчи илк бора ўтказилаётган аттестация синови бўлиб, уни тўғридан тўғри интернет тармоқлари орқали кузатиб бориш имконияти яратилди. Бундай тарзда ўтказилган аттестация ҳар бир ходимни мунтазам равишда ўз устида ишлаши, фуқароларимизга малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши, билими қай даражада эканлигини яққол кўрсатиб беради.

Мазкур аттестация тизимда муносиб, малакали кадрлар борлигини исботлаб бера олди.

Жумладан, Амударё тумани ФҲДЁ бўлими 2-тоифали инспектори М.Эшмурадова ҳамда Қонликўл тумани ФҲДЁ бўлими мудираси П.Авезовалар ўзларининг чуқур билим ва тажрибага эга эканликларини намоён этдилар.

Дарҳақиқат, мана шундай хал­қимизга ҳалол хизмат қиладиган фидойи, билимли, ўз устида тинимсиз ишлайдиган ходимлар нафақат иш самарадорлигини ошириш балки соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

С.БЕКМУРАТОВА,

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот ходими.