ИСЛОҲОТЛАР ЮРТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


Шу йилнинг 10 ноябрь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мазкур видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилаш, ривожланишдан ортда қолаётган туманлар ҳамда шароити оғир маҳалла ва овулларда саноатни ривожлантириш, лойиҳаларни амалга ошириш, бу борада тадбиркорларга имтиёзлар бериш, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантириш, ҳудудлар қиёфасини янгилаш, йўллар ва уй-жойлар қуриш каби бир қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, вазифалар белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикасининг мавжуд ижтимоий-иқтисодий шу жумладан, ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик-коммуникация ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузулмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини бар­қарор ривожлантириш шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 ноябрда «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар, кенг қамровли ислоҳотлар юртимиз тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, ҳудудни ривожлантириш ҳамда аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилаш мақсадида мавжуд 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб чиқилди. Натижада, Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Дастурга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларининг «ўсиш нуқта»лари -“драйвер” соҳалари белгиланди. Унга кўра,  Нукус шаҳрида қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати, Амударё туманида тўқимачилик саноати, боғдорчилик, Беруний туманида қурилиш материаллари саноати, чорвачилик,  Бўзатов туманида чорвачилик, иссиқхоналар ташкил қилиш, Кегейли туманида мева-сабзавотчилик, қоғоз ишлаб чиқариш, Қонликўл туманида ипакчилик, чорвачилик, Қораўзак туманида қурилиш материаллари саноати, чорвачилик, Қўнғирот туманида нефт-кимё саноати, чорвачилик, Мўйноқ туманида балиқчилик, чорвачилик, Нукус туманида иссиқхоналар ташкил қилиш, мева-сабзавотчилик, балиқчилик,  Тахиатош туманида озиқ-овқат саноати, иссиқхоналар ташкил қилиш, Тахтакўпир туманида чорвачилик, балиқчилик, Тўрткўл туманида шиша ва ойна ишлаб чиқариш, иссиқхоналар ташкил қилиш,  Хўжайли туманида чорвачилик, мева-сабзавотчилик, Чимбой туманида дон маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик, Шўманой туманида тўқимачилик саноати, кунжутни қайта ишлаш ҳамда Элликқалъа туманида иссиқхоналар ташкил қилиш ва туризмни ривожлантириш «ўсиш нуқта»си сифатида белгиланди ва масъуллар бириктирилди.

Эътиборлиси, мазкур 17 та туман ва шаҳарнинг ўзига хос “ўсиш­    нуқта”ларидан келиб чиқиб, 2020-2022 йилларда умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359  та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, қарийб 20  мингта янги иш ўринлари яратиш мўлжалланган. Шунингдек,  Тахтакўпир, Бўзатов, Шўманой туманларида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун 2021-2023 йилларда 409 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Шароити оғир 45   та маҳалла ва овулда умумий қиймати 2   триллион 340  миллиард сўм бўлган 150  та лойиҳа амалга оширилади.

Ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари берилди, шунингдек, ривожланишдан ортда қолаётган Тахтакўпир, Бўзатов, Шўманой туманлари ҳамда 45 та шароити оғир маҳалла ва овулларда саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида янги ташкил этилган корхоналар ҳам имтиёзларга эга бўлмоқда. Жумладан, туманларнинг ўзига хос “ўсиш нуқтаси ” деб белгиланган иқтисодий фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари 2024 йилнинг 1 январига қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи,  кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилинади. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш кўрсаткичи паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шўманой туманларида ҳам янгидан ташкил этиладиган саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари 2024 йилнинг 1 январига қадар юқорида келтирилган солиқлардан озод этилади. Шунингдек, фойда солиғи ва сув солиғи тўловини амалдаги белгиланган солиқ ставкаларининг 50 фоизи миқдорида амалга оширади.

— Нукус шаҳрининг 2020-2023 йиллардаги “ўсиш нуқта”си сифатида қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳалари белгиланган, — дейди Нукус шаҳар ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари П.Кудияров. — Мазкур соҳаларда янгидан ташкил этилаётган корхоналар 2024 йилнинг 1 январига қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилинади. Нукус шаҳрида 2020-2021 йилларда умумий баҳоси 882,6 млрд.сўмлик 181 та лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган. Натижада, 1 639 та янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, Нукус шаҳридаги шароити оғир 6 та маҳаллани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам амалий чоралар кўрилмоқда. Эътиборлиси, шароити оғир бўлган маҳалла ва овулларда янгидан ташкил этиладиган хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлик субъектларига 2026 йилнинг 1 январига қадар имтиёзлар берилиши назарда тутилган. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, юртимизда ёш авлод келажагига эътибор қаратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Мазкур қарорда ҳам илм-фанни ривожлантириш, мактаб таълимини такомиллаштириш, соҳага замонавий илғор ахборот технологиялари ва коммуникацияларни жорий этиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.

— Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Финляндиянинг таълим соҳасидаги ижобий тажрибасини, шу жумладан, ўқув дастурлари,  дарсликлар ва ўқитиш методикаларини Қорақалпоғистон Республикасидаги умумтаълим муассасаларининг таълим жараёнига татбиқ этиш, умумий ўрта таълимнинг сифатини ошириш, тизимдаги муассасаларнинг кўрсаткичларини юқори даражага олиб чиқиш ва моддий техника базасини мутаҳкамлаш, хусусий сектор раҳбарларини кенг жалб этиш, шунингдек, математика, кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш, уларни зарур ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, услубий адабиётлар ҳамда моддий техник ресурслар билан жиҳозлаш кўзда тутилган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Азат Худайбергенов. — 2020-2023 йилларда Халқ таълими соҳасида 372,5 млрд. сўмлик 108 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, 2021-2023 йилларда  республикамизнинг деярли барча туманларида дастурга киритилган мактабларда янгидан қурилиш,реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Дарҳақиқат, бу каби ислоҳотлар — мазкур ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Феруза Нуруллаева.