ИСТИҚЛОЛДА ЎТГАН ЙИЛЛАР асрларга татигулик аҳамиятга эга тарихий даврдир


Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами ҳам яқинлашиб қолди. Албатта, бу йиллар тарих мезонида жуда қисқа муддат. Лекин неча ўн йиллар асоратда яшаган мамлакат, халқимиз ушбу истиқлолда ўтган йиллар асрларга татигулик аҳамиятга эга тарихий даврдир.

Бизнинг Ўзбекистон шу йиллар ичида улкан муваффақиятларга эришгани ҳеч кимга сир эмас. Ватанимиз жамоли кўз ўнгимизда тубдан ўзгариб бораётир. Давлатимиз, энг аввало, ўзининг мустаҳкам сиёсий ва иқтисодий барқарорлиги билан ажралиб турибди. Чунки тинчлик, осойишталик, хотиржамлик биз учун жуда муҳим омиллардир. Иккинчидан юртимизнинг ҳар бир шаҳрида, ҳар бир қишлоқ ва гузарида қурилиш ишлари кетяпти. Неча-неча завод ва фабрикалар, катта-ю кичик корхоналар кетма-кет ишга тушмоқда. Барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида музейлар, меҳмонхоналар, оромгоҳлар қурилгани ҳам сир эмас.

Ҳа, биз ўз ватанимиз Ўзбекистон ҳақида қанча гапирсак ҳам оз. ­урур билан шуни айтмоқчимиз-ки, «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз». Шу сўзлардан кейин улуғ ва буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг фикрлари ёдга тушади: «Ўзбек меҳнаткашларининг мамлакат учун қилган ишларини айтаверсак, булар бари бошимизни қуйи эгиб, таъзим этишга сазовордир. Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини Кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ва совет даврида ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз-у, юзимиз бўлиб келган.

Йўқ, ўзбек халқининг тоза чеҳрасига ҳеч нарса доғ сололмайди»-деб ёзган эди…

Биз ўз Юртбошимиз билан янги давлат қурдик. Айни пайтда ҳаммамизнинг дунёқарашимиз ўзгаряпти, мустақиллик нечоғли азиз эканини тобора теранроқ англаб етаяпмиз.

Ўтиш даврида турли-туман қийинчиликларга дуч келганимиз ҳам ҳеч кимга сир эмас. Лекин, шуниси қувонарлики, мустақилликнинг асл самарасини кўраяпмиз ва чин дилдан ҳис қилмоқдамиз! Мана шу ишончнинг ўзи бизга битмас-туганмас куч-қувват бераётир. Ахир, ота-боболаримиз айнан мустақиллик учун азиз жонларини фидо этмаганларми? Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов айтганидек: «Биз уларнинг муқаддас руҳи-поклари олдида қарздор эмасмизми?… Улуғ мақсад  йўлида қурбон бўлган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати учун, келгуси авлодларимиз мағрур, тўкин фаровон яшашлари учун биз мустақиллигимизни авайлаб-асрашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир».

Мустақиллик байрами барчангизга муборак бўлсин!

Фурқат Юсуф,

«Хўжайли ҳақиқати» газетаси бош муҳаррир ўринбосари,

«Шуҳрат» медали соҳиби.