МЎЙНОҚДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ШУКУҲИ юртлар оша таралмоқда


Ҳар бир туман ёки шаҳарга кираверишда унинг номи ёзилган бўлади. Мўйноқликлар туман номини ёзишда ҳам ўзига хос креативликни кўрсатибди. “Мўйноқ” ёзуви тепасида балиқ тасвири туширилган ва ёзув атрофи ялтироқ тангачалар билан қопланган, шамол эсган пайтда ундан сув овози эшитилади. Тунда бу тангачалар атрофга ажиб гўзаллик бахш этади.

Минг бор эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал, деган гап бор. Орол суви чекингач, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Мўйноқ тумани ­Президентимиз ташаббуси билан бутунлай янги қиёфага кирди. Қисқа вақтда Мўйноқда амалга оширилган кенг кўламли ободончилик, бунёдкорлик ишлари янги Ўзбекистонимизнинг қудратини яна бир бор дунёга кўз-кўзлади. Бугун бу янгиликларни кўриш учун нафақат юртдошларимиз, ҳатто яқин-йироқ давлатлар фуқаролари ҳам Мўйноқ томон интилмоқда.

Юртимизда бўлаётган улкан ўзга­ришлар барчамизга қувонч бағишлаб, келажакка умид уйғотади. Айниқса, Мўйноқдаги ислоҳотлар бизни яна ушбу файзли маконга чорлади.

Мўйноқ Нукусдан 220 километр узоқ­ликда жойлашгани боис, эрта тонг­дан ҳамкасбларимиз билан йўлга чиқдик. Борлиққа илиқлигини сочаётган қуёш нурларида туронғилларнинг сап-сариқ тангадай япроқлари олтиндай товлана­ди. Машина ойнасидан табиат мўъжи­заларига боқиб, узоқ ўйларга толасан…

Туман марказидан 70 километр узоқликда Сулаймон Боқирғоний ­мақбараси, халқ орасида Ҳаким ота номи билан машҳур зиёратгоҳ бор. Президентимизнинг ташаббуси би­лан бугун бу ерда қайта реконструк­ция ишлари бажарилмоқда.

Сулаймон Боқирғоний — башарият­ни руҳан поклик ва етуклик сари чор­лаган тасаввуф фалсафасининг энг йирик намояндаларидан бири, шоир, яссавия тариқатининг давомчиси. Ал­лома ҳаёти ҳақидаги маълумотлар тур­ли ривоятлар билан аралашиб кетган. Айтишларича, Ҳаким ота Яссавийга мурид бўлган, ўз иқтидори ва ­шеърий истеъдоди билан пирининг эътиборини қозонган.

Аллома Жанубий Орол бўйларида, ҳозирги Мўйноқ тумани яқинидаги ­Бо­қирғоний деган жойда 1122 йили та­валлуд топган ва 1180 йил вафот этган, ҳозирги Ҳаким ота қабристонига дафн этилган.

Айрим манбаларда кўрсатилишича, Сулаймон Боқирғоний мақбараси XII асрда 40 йил сув остида қолиб кетган. Мақбара 1978 йилда маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қайта қу­рилган.

Зиёратгоҳ Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Моддий-маданий мерос­нинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

— Бугунги кунда бу масканни Зан­гиота зиёратгоҳи намунасида қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш иш­лари бошланган, — дейди “Эл таъмир­лаш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Розумбой Худойбергенов. — 2019 йилда мақбара қайта қурилди. Унинг айвони тўлиқ тикланди ва атро­фи девор билан ўралди. Мақбара ичи­даги бобомиз қабри устига мармардан эсдалик тош ўрнатилди. Шунингдек, мажмуадаги чойхона янгидан бунёд этилди. Масжид ҳам тубдан таъмир­ланди.

Биз зиёратгоҳни кўздан кечириб, марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қил­дик. Усталар ишига омад тилаб, Мўй­ноққа сафаримизни бошладик.

“Дўстлик” овул фуқаролар йиғинида катта хурсандчилик устидан чиқдик. Бу ерда 2 қаватли, барча қулайликларга эга замонавий болалар боғчаси фой­даланишга топширилган экан. Муасса­сани ўз кўзимиз билан кўргимиз келди. Болаларнинг шодон овози эшитилди, улар қўшиқ куйлаб, рақс­га тушаётган­ди.

— Боғчамизда биринчи тантана — Ўзбек тили байрамини нишонладик. Чекка қишлоғимизда мана шундай қу­лайликларга эга таълим-тарбия муас­сасаси очилиши етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган, — дейди “Адолат” МТТ директори Бахитгул Қитайбекова. ­— Рос­тини айтганда, бу ҳудудимиздаги биринчи замонавий боғча. Овулдаги 29 фуқаро, жумладан, кўп йиллардан буён ишсиз ўтирган 27 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Суҳбат чоғида байрам тадбирига келган ота-оналар билан гаплашар эканмиз, улар ҳам фарзандларининг кичкиналигидан тил ўрганиб, мактабга тайёр ҳолда боришини хоҳлашини ва бу боғчанинг очилиши фарзандлари учун имконият эканини эътироф этди. Бу ердаги хурсандчилик кайфиятимиз­ни кўтарди, болажонлар билан хайрла­шиб, йўлимизни давом эттирдик.

Ҳамроҳларимиз билан неча йиллар­дан буён тузга, чанг-тўзонларга қалқон бўлиб турган кекса саксовуллар, олтин кузнинг гўзаллигини сариқ япроқлари­да намоён этган туронғиллар ва чўлга чидамли бошқа ўсимликларни кўриб, улар ҳақида гурунглашиб бордик.

Катта йўл бўйида икки кеманинг байроқлари шамолда пирпираб, тўл­қинларни писанд қилмай сузиб келаёт­гандек гўё. Бу яқиндагина ишга тушган “Оқ кема” болалар дам олиш оромгоҳи. Узоқдан қараган кишига худди ҳақиқий кема сузиб келаётганга ўхшар экан. Оромгоҳ катта кемани эслатади. Бунда Орол денгизига кемалар қайтди, ҳаёт қайта тикланди, деган рамзий маъно бор. 12 гектар майдонга эга соғлом­лаштириш марказида барча шароит­лар яратилган.

Орага 3 соат вақтни солиб, Мўйноқ ҳам кўриниб қолди…

Ҳар бир туман ёки шаҳарга кира­веришда унинг номи ёзилган бўлади. Мўйноқликлар туман номини ёзишда ҳам ўзига хос креативликни кўрсатиб­ди. “Мўйноқ” ёзуви тепасида балиқ тасвири туширилган ва ёзув атрофи ялтироқ тангачалар билан қопланган, шамол эсган пайтда ундан сув овози эшитилади. Тунда бу тангачалар ат­рофга ажиб гўзаллик бахш этади.

Мўйноқ тумани 1931 йили ташкил этилган. Бир вақтлар катта қисмини денгиз эгаллаган ҳудуд, чўл ва ярим даштликлардан иборат. Сўнгги маълу­мотларга қараганда, туманда 32 минг­дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Янгиланаётган ҳудудга чет давлатлар­га кўчиб кетган мўйноқликлар қайтиб келмоқда.

Бизни Мўйноқ тумани ҳокимлиги Ах­борот хизмати бошлиғи Дариға Аблае­ва кутиб олди. Шаҳар ичидаги дастлаб­ки объект “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонаси бўлди. Бу ерда ба­лиқлар қайта ишланиб, консервалана­ди. Таъкидлаш жоизки, тарихда Мўй­ноқ ўзининг консерваланган балиқлари билан донг таратган. Корхонанинг қай­та қурилиши мўйноқликлар кўнглини тоғдек кўтарди. Бир замонлар машҳур бўлган завод тарихини ота-оналаридан эшитган, лекин кўрмаган ёшлар бу кор­хонага ишга жойлашган.

— Заводга ишга келганимда, ўрга­на олмасам керак, деб ўйлаган эдим. Аммо кўз қўрқоқ, қўл ботир, деганлари­дек, устозларимизнинг йўл-йўриғи, мас­лаҳатлари билан ишни тўлиқ ўрганиб олдим. “Завод менинг иккинчи уйим, ажойиб ишхонам, аҳил жамоам бор”, деб қувониб келаман, — дейди Насиба Рейпназарова. — Бундан бир неча йил­лар олдин “Бу ерда тирикчилик тугай­ди, ҳамма нарса қуриб қолади, сизлар ҳам ҳали бизнинг орқамиздан бора­сизлар”, деб бошқа давлатларга кўчиб кетган қўшниларимиз, дугоналаримиз бугун Мўйноқнинг янгиланаётганини кў­риб, “Сабр қилсак бўларкан”, деб бизга ҳавас қилмоқда.

“Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонасига Рибачье, Судочье ва Жал­тирбас табиий сув ҳавзалари дои­мий фойдаланиш учун бириктирилган бў­либ, уларнинг майдони жами 39 минг 280 гектарни ташкил этади.

— Завод 9 миллион дона балиқ кон­серваси, 200 тонна дудланган балиқ, 780 тонна балиқ фарши, 400 тонна ба­лиқ филеси, жами 11 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга, — дейди корхона тасарруфидаги балиқни қайта ишлаш ва консервалаш заводи бош технологи Мурат Ўрозбоев. — Тайёр маҳсулотлар ички бозорда сотилмоқда. Россия, Қозоғистон ва Афғонистонга экспорт қилиш учун шартномалар ту­зилмоқда.

Келажакда завод учун 150 гектар майдонда сунъий сув ҳавзалари таш­кил этилади. Шунингдек, ўрдак ва қуён гўштидан консерва тайёрлаш лойиҳа­лари ҳам амалга оширилар экан.

Заводнинг қадоқлаш цехида Обид­жон оға Эсонов билан танишиб қол­дик. У 27 йил консерва заводининг қути ишлаб чиқариш цехида меҳнат қилган экан. 2002 йили эски завод ўз ишини тўхтатиб, Обиджон оға ишсиз қолган. 2019 йил ушбу завод ишга тушиши би­лан у яна севимли касби билан шуғул­лана бошлади.

Бугунги Мўйноқ кўчаларида юриб, бошқа шаҳарга келиб қолгандай ҳис этади киши ўзини. Шаҳарнинг бун­дан 3-4 йил олдинги қиёфаси тубдан ўзгарган. Кенг ва баланд иморатлар, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш шо­хобчалари, амфитеатр, курант, музей­лар, хуллас, барча иншоотлар савлат тўкиб турибди. Сайёҳлар энг кўп қадам ранжида қиладиган очиқ осмон ости­даги “Кемалар қабристони” музейида денгиз томон сузмоқчи бўлиб турган кемалар узоқ тарихдан сўзлаёт­гандек, унинг мавжли тўлқинларини соғиниб, узоқларга термулаёт­гандек, шўр қумга кўксини босиб, умид билан боқаётган­дек, гўё. Ҳа, албатта, денгиз қайтади. Яна мавж урган тўлқинларда суза бош­лайди бу кемалар. Ана шундай яхши ниятдаги туйғуларимни “айтганинг кел­син”, дегандек чағалайлар овози бўлиб юборди.

Атрофга боқаман. “Кемалар қаб­ристони” ёнида узоқларга хабар тарқа­тувчи маёқ қад ростлаган. Бу тарафда эса Орол денгизи тарихи музейи чирой очиб турибди. Музейни томоша қилиб, бундан 60-70 йил аввалги денгиз ҳаё­тини ҳис этдик.

Биз денгиз учун кўп қайғурдик. Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Бугун эса Орол ва Мўйноқда кўз кўриб, қулоқ эшитма­ган ишларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Одамнинг қўли гул, ҳар нарсага қодир, деб шуни айтишса керак-да. 2 миллион гектар ерда ўзига хос ҳимоя қилувчи янги ўсимлик майдонлари ва дарахт­зорлар яратилмоқда. Мўйноқда атиги 2 йилда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Орол муаммосига халқаро ҳамжамият эътиборини такрор ва такрор қаратмоқдамиз. Жумладан, 2017 йил сентябрда Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясида илгари сур­ган ташаббус асосида Оролбўйи мин­тақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилган эди. Ҳозирги кунгача ушбу фондга 26 миллион доллар жалб этилган бўлса, яқин 2 йилда яна 250 миллион доллар ўзлаштирилади. Ушбу маблағлар ичимлик сув, аҳоли соғлиғи, бандлик, тадбиркорлик, экология, ир­ригация ва мелиорация тизимларини яхшилаш лойиҳаларига йўналтирила­ди.

Кейинги манзилимиз туманнинг мар­казий кўчасида жойлашган IT марка­зи билан “Китоб-кафе” бўлди. Ёшлар бу ерда мутолаа қилиш имконига эга. 5000 донадан зиёд китоб, 2000 элект­рон ва 1000 аудио китоб жамғармасига эга масканга ҳар куни ўртача ҳисобда 40-50 ўқувчи келар экан. Иншоотнинг ички дизайни чиройли ва дид билан безатилган. Ташкилотчилар томонидан китобхон ўқувчилар орасида турли тан­ловлар тез-тез ўтказилиб, муносиблар тақдирланиб борилади. Бу, албатта, китобхон ёшларнинг сафи ортишига сабаб бўлади.

— Ҳар куни мактабдан сўнг “Китоб-кафе”га шошиб келаётган ўқувчи-ёш­ларга қараб қувонаман. Улар китоб ўқишга интилмоқда. Зеро, китоб ўқиган фарзанд фақат телевизор кўриб, ин­тернет оғушида катта бўлган тенгқур­ларидан устун, — дейди “Китоб-кафе” раҳбари Венера Саъдуллаева. — Улар билан суҳбатлашар эканмиз, дунёқара­шининг ҳам кун сайин кенгайиб бораёт­гани сезилади. Бизда китобхонлар ёши чекланмаган, барча ёшдагилар келиб, хизматларимиздан бемалол фойда­ланса бўлади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатига ҳам эътибор қара­тамиз. Яқинда янгича қаҳва тайёрлаш усулини ўйлаб топдик ва “Мўйноқ қаҳ­ва” деб номладик. У кўпчиликка манзур бўлмоқда.

“Китоб-кафе” ёнида ёшларни компь­ютер технологияларини ўргатувчи IT маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказ сўнгги русумдаги компьютерлар билан таъминланди, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технология­лари университети Нукус филиали ўқи­тувчилари томонидан ёшларга компью­тер сирлари ўргатилмоқда.

— Бу марказга келиб, ёшлардаги ин­тилишни кўриб, ҳайратга тушдим. Қизи­қувчилар сони кўп бўлгани боис, куни­га 3 марта дарс ўтишга тўғри келяпти. Улар билан ишлаш жуда мароқли. Мар­казимизга замонавий компьютерлар келтирилган, сўнгги авлод принтерла­рини кўриб, ўзимиз ҳам ҳаяжонландик. Оролбўйи ҳудуди болалари шундай шароитларда бепул ўқитилиши мам­лакатимизнинг ёшларга бўлган катта эътиборидан далолат, — дейди Шахан Абдиғаниев.

Президентимизнинг Мўйноқни ри­вожлантириш борасида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, улар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамла­моқда. Давлатимиз раҳбари маданият Мўйноқдан бошланади, деган эди. Дарҳақиқат, Мўйноқда қад кўтарган за­монавий иншоотлар, боғлар, Адиблар хиёбони, Ҳунармандлар аллеяси, му­зейлар, мусиқа ва санъат мактаби, хул­лас, том маънода маданият Мўйноқдан бошланаётганига ғурур билан жавоб бераётган инсонларнинг қалбига қулоқ солдик. Айниқса, ўзида миллийлик ва замонавийликни мужассам қилган ­Ҳу­нармандлар аллеяси эътиборимизни тортди.

— Ўттиз йилдан буён бош кийим ти­киш билан шуғулланаман. Болалари­мизни қўл меҳнатим орқасидан боқяп­ман, — дейди бизни ­табассум билан кутиб олган ҳунарманд оғамиз Жусип Амиров. — Бугун Мўйноқни кўриш учун ҳатто чел эллардан келаётган сайёҳ­лар кўпаяётгани бизни қувонтиради. Улар ҳунармандчилик ишларимизни қизиқиб томоша қилади, буюмларимиз­ни сотиб олади. Бизлар учун Ҳунар­мандлар аллеяси ташкил қилиниб, ҳар биримизга битта дўкон ва ўзимизга ке­ракли анжомлар бепул берилди. Ҳозир иш ўринлари кўпайгани боис, ёшлари­миз ҳам ўзимизда ишлашни хоҳлаяпти. Шогирдларимиз кўпаймоқда.

Ҳунармандлар аллеясида қорақал­поқнинг миллий бош кийими — сауке­ле, бешпент, кўк кўйлакларни тикувчи ҳунарманд Гулнора Ўрозбоева, ёғочга ишлов бериб, санъат асари яратувчи Анвар Саимбетов, таксодермист, яъни ҳайвон ва қушларни қотириш билан шуғулланадиган Генжебай Утемуратов, кигиз босувчи Қалжан Баубекованинг ижод намуналарини томоша қилдик.

— Мўйноққа ўтган йили 5,5 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилда 150 сайёҳ келди, холос, — дей­ди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республи­каси ҳудудий бошқармасининг Мўйноқ тумани вакили Ҳурмат Жалимбетов. — Бунга сабаб коронавирус пандемияси. Бу, албатта, вақтинчалик ҳолат. Ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади. Келинг, мен сизларни “Бухоро гиламлари” ги­лам тўқиш марказига олиб бораман.

Марказга Бухоро вилоятидан гилам тўқийдиган 18 ускуна келтирилган. Бу ерда хотин-қизларни гилам тўқишга ўргатиб, махсус курс битирувчилари бандлиги таъминланар экан. Ҳунар ўр­ганаётган қизларга барча шароитлар бор. Уйи олис қизлар учун марказнинг иккинчи қаватида ётоқхона, овқатла­ниш хонаси ва бошқа қулайликлар яра­тилган. Стипендия ҳам берилар экан.

Қизиқишимиз устун келиб, битта ги­лам қанча вақтда тўқилишини сўрадик. Энг тези бир ойда тўқилар экан. Ана сизга сабр-тоқат ва маҳорат, мураккаб қўл меҳнатини талаб қиладиган касб.

— Ёшлигимдан гилам тўқиш билан шуғулланиб, уйда турли байрамларга, туғилган кунга буюртмалар олиб гилам тўқирдим. Ўтган йили ҳокимлик томони­дан Бухоро вилоятига 17 нафар хотин-қиз бориб, гилам тўқиш сирларини ўр­ганиб келиш таклифи билдирилганда, қувондик. Бухоро гиламлари ўзининг гўзаллиги билан дунёга машҳур. Бухо­рода 3 ой ўқидик. Қайтиб келиб шу цех­ни ишга туширдик, — дейди Гулчеҳра Сапарниязова. — Гилам тўқиш сабр-тоқатни талаб қилади. Қизларимизнинг тез вақт ичида қўллари келишиб қол­ди. Бошқа туманлардаги қизларни ҳам ўқитмоқчимиз. Шу мақсадда яқинда Қораўзак тумани билан шартнома туз­дик. Бу туман қизлари ҳунар ўрганиши ва яшаши учун барча шароитларимиз етарли.

Мўйноқнинг кенг кўчаларига назар солиб, чиройли иморатлар ўз-ўзидан тикланиб, ободонлаштириш ишлари осонлик билан амалга ошмаганини се­засиз. Бунда халқимизнинг тинимсиз меҳнати мужассам. Навбатдаги суҳбат­дошимиз Нукус шаҳридан келиб, қури­лиш ишларига ҳисса қўшаёт­ган Асай Усмонов бўлди.

— Мўйноқдаги қурилишларга қў­лимиздан келганча ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпмиз. Амфитеатр, Ҳунар­мандлар аллеяси, Адиблар хиёбони ва шунга ўхшаш объектларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини да­вом ­эттиряпмиз, — дейди “Qoraqalpoq windows” МЧЖ иш бошқарувчиси А.Ус­монов. — Албатта, барча соҳанинг ўз қийинчиликлари бор. Лекин халқнинг “раҳмат” деган бир сўзи барча машақ­қат ва чарчоғингни аритади.

Яқинда Мўйноқ аэропортига даст­лабки AIRBUS A-320 самолёти келиб қўнганидан кўпчиликнинг хабари бор. Сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун вертолёт қўниш майдончаси ҳам қу­рилган. Вертолёт орқали Орол денги­зи акваторияси, “Қизилжар” ОФЙдаги иссиқхоналар, Қозоқдарё қишлоғидаги чорвачилик комплексига саёҳат қилиш имконияти мавжуд. Келаси сафар, ал­батта, вертолётда парвоз қилиб, гўзал Мўйноқ манзараларини томоша қила­миз.

Биз Мўйноқнинг кексалари ва ёш­лари билан ҳамсуҳбат бўлар эканмиз, кўзларида қувонч ва ишончни кўрдик. Бу баландпарвоз гап эмас, ҳақиқатан ҳам шундай. Сафаримиз сўнгида кекса ҳунарманднинг гапи бизни руҳлантир­ди: “Биласизми, ҳар қандай машаққат­нинг ортида ҳикмат бор. Сабрнинг таги сариқ олтин, деб бекор айтилмаган. Тузли шамолларни ютиб, сувсизлик­дан қийналсак ҳам яхши кунларга умид қилиб яшадик ва сабримизга яраша мукофотини олдик. Бугун тузли ша­молларни йўқ қилиш учун Орол ден­гизи ўрни яшил майдонга, ўрмонзорга айлантирилмоқда. Сув келиб, балиқ етиштирувчи кўллар кўпаймоқда, турли дарахтлар, экинлар экилмоқда. Мана шу янгиликлардан биз янада яшариб, ёшларга йўл кўрсатмоқдамиз, илоҳим, юртимиздаги янгиланишларга кўз тег­масин!”.

Ҳаётдан розилик инсоннинг юзидан ҳам билинади. Биз сафаримиз давоми­да ўзимиз истагандек кўп одамлар би­лан суҳбатлашишга улгурмаган бўлсак-да, уларнинг кенг ва кўркам кўчаларда мамнун қиёфада юрганини кўриб, бун­га амин бўлдик ва улардаги кайфият бизга ҳам ўтди. Албатта, ўзини шу юртнинг фарзандиман, деган ҳар бир киши амалга оширилаётган ишлардан фахрланади, ғурурланади ва эътироф этади.

Мўйноқдаги курант бонг урди. Кечки соат олти бўлибди. Эртага янги тонг отади ва янги иш куни бошланади. Са­фаримиз ҳам қарий бошлади. Мўйноқ таассуротларини яна кўп йиллар эслаб юриш учун расмга тушдик.

Нукусга қайтар эканмиз, ҳаммамиз­нинг кўнглимиз чоғ эди. Радиода эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мақсет Утемуратовнинг “Қарақалпа­ғым” қўшиғи янграмоқда:

“Қарақалпағым келешегин уллы се­нин…”.

Минажатдин Қутлимуратов,

«Янги Ўзбекистон» мухбири. 

(«Янги Ўзбекистон» газетасидан олинди).