ЮРТИМИЗДА ЯНГИ ЙИЛ ТАРОВАТИ


Мана саноқли кунлардан сўнг биз орзиқиб кутган Янги йил байрами ҳам кириб келади. Янги йил шукуҳи аллақачон ўзининг ажиб, ёқимли ҳислари билан ҳар бир юртдошимиз қалбини чулғаб олгани айни ҳақиқат. Халқимиз Янги йилни ўзгача кайфиятда, қувноқ ва шодон кутиб олишга ҳаракат қилади. Зеро, Янги йилдаги хуш кайфият йил давомида инсонларга ҳамроҳ бўлади.

Янги йилнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу оилавий байрам саналиб, бу кунни ҳар бир юртдошимиз ўз оиласи даврасида яқинлари билан биргаликда нишонлайди.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига кўра Янги йил байрамини фуқаролар ўз оиласи даврасида ўтказишлари, вилоят, туман ва шаҳарлардаги байрам арчаларини очиқ осмон остида ўрнатиш тавсия этилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида Янги йил арчалари одамлар гавжум бўладиган майдонларда ўрнатилган. Мана шундай гўзал ва мафтункор арчалар пойтахтимиз Нукус шаҳрининг И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, “Корзинка”, “Мега” савдо марказлари ҳамда Нукус деҳқон бозори ёнида ҳам қад ростлаган. 

Бугун  бу масканлар аҳоли билан гавжум. Эътиборлиси, ҳар бир юртдошимизнинг қалбида эзгу ва гўзал тилаклар бисёр, уларнинг эртанги, яъни 2021 йилдан умид ва мақсадлари катта. Зеро, Янги йил янги умид ва орзулар билан эшик қоқмоқда, юксак марралар сари руҳлантирмоқда. 

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки,  байрамни гўзал ва хотиржамликда нишонлаш учун авваламбор жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобдан фойдаланиш, энг муҳими карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз лозим. 

Азиз юртдошлар, кириб келаётган Янги йилингиз муборак бўлсин. Оилавий бахт, сиҳат-саломатлик тилаймиз!