ЯШАРИШ ВА ЯНГИЛАНИШ АЙЁМИ САЙЛЛАРИ


Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари  республикамизда ҳам яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўз сайиллари ўтказилди.

Нукус шаҳридаги И.Савицкий номли Қорақалпоқ давлат санъат музейи ва Ёшлар маркази олдидаги майдонларда «Нав­рўзинг – янги кунинг, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистон!» шиори остида театрлаштирилган бадиий мусиқали байрам тадбирлари  бўлиб ўтди.

Шу куни ушбу икки майдон ҳар доимгидан ҳам гўзал қиёфа касб этди. Атроф Наврўз байрамининг мазмун моҳиятига монанд безаклар ва шиорлар билан безатилган. Қора уйлар тикланиб, миллий буюмлар, мусиқа асбоблари ва миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилган.

Кўп йиллик тарихга эга бўлган Наврўз – ­­­­­шарқ халқларининг янги йили, янгиланиш ва яшариш айёмидир. У билан табиатнинг уйғониши она заминга, ҳар бир оилага кўклам нафасини олиб киради. Миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган бу кун халқимизга хос бағрикенг­лик, инсонийлик, меҳр-мурувват айёми ҳамдир. Баҳорнинг кириб келиши билан бободеҳқонларимиз, фермерларимиз катта ниятлар билан ерга уруғ қадайди.

Байрам концерт дастури Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими жамоаси ижросидаги «Хуш келдинг, Наврўз!»  композицияси билан бошланди. Фольклар жамоалари ижросидаги миллий қўшиқ ва рақслар тадбирга янада завқ бағишлади.

Келажагимиз бўлган болалар гуруҳлари ва юртимизни дунёга танитиб келаётган спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари қатнашчиларда ўзгача таассуротлар қолдирди.

Республикамизда турли миллат вакиллари аҳил ва ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Уларнинг ўз она тилида билим олиши, миллий урф-одатлари ва анъаларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилган. Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили 30-июль юртимизда «Халқлар дўстлиги куни» сифатида нишонланадиган бўлди. Байрам тадбирида намойиш этилган турли миллат вакиллари ижросидаги қўшиқ ва рақсларни халқимиз давомли қарсаклар билан томоша қилди.

Бердақ номидаги  Қорақалпоқ давлат университетининг «Ҳурлиман», Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг «Тўмарис», Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ҳамда ­бошқа таълим муассасалари жамоалари томонидан мамлакатимизда ёшларга яратилган шароитлар, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро қилинди.

Таниқли санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрамга бағишланган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Нукус шаҳрида ўтказилган Наврўз сайлларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев қатнашди.

Янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрамига бағишланган сайллар республикамизнинг барча туманларида бўлиб ўтди.  

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

М.Ҳабубллаев олган сурат.