ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИ – БАРКАМОЛЛИК МEЗОНИ


Республикамизнинг мустақилликка эришганига ўттиз йил бўлаяпти. Шу муддатда давлатимиз катта ютуқларни қўлга киритди. Халқ хўжалигининг бирор соҳаси йўқки, истиқлол нашидасидан баҳраманд бўлиб янгиланиш йўлига тушмаган, тараққиётнинг юксак чўққиларини эгаллаш учун интилмаган бўлсин. Иқтисод, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча тармоқларида салмоқли муваффақиятлар қўлга киритилди. Бу жараён сўнгги уч-тўрт йилда янада фаоллашди. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида жаҳоншумул ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги Ўзбекистонни дунё танияпти, тан олмоқда.  Муҳтарам Юртбошимизнинг “Одамларни рози қилиш керак” деган шиори ҳар бир хонадонга кириб борди,  ҳар бир фуқаро, ҳар бир масъул ходимнинг кундалик иш режасига айланганини кўриб турибмиз. Ёшлар сиёсати давлат сиёсатининг  устувор йўналишига айланди. Қатор фармонлар, қарорлар қабул қилиниб, тадбирлар ўтказилмоқда. Самарасидан халқимиз мамнун. Ёшларимизнинг илм-фан, спорт соҳасида эришган зафарларига жаҳон қойил қолаётгани ҳам ҳақиқат.

Айниқса, таълим-тарбия соҳасида туб бурилишлар рўй бермоқда. Мактабгача таълим тизими бутунлай янгиланди. Умумтаълим мактабларида ҳам ислоҳотлар қизғин давом этмоқда. Олий таълим ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Олий ўқув юртлари сонининг кўпаяётгани, қабул квоталарининг сезиларли даражада оширилганидан, кириш тестларининг шаффофлиги таъминланганидан халқимиз миннатдор.

Буларнинг барчасида ёшлар иштироки, роли муҳим бўлаётгани таҳсинга сазовор. Бу жараёнда маънавий-маърифий тарбиянинг роли алоҳидадир.

Биз Учинчи Ренессанс — уйғониш даври пойдеворини яратишга қадам қўяр эканмиз, бу масъулият кўпроқ ёшлар зиммасига юкланишини назарда тутсак, маънавий-маърифий тарбияни кучайтирмасдан, ёшларни шу улуғ ғоя билан қуроллантирмай туриб, мақсадга эришиб бўлмаслиги кундек равшан.

2021 йилнинг 19 январь куни муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Ва маънавий-маърифий тарбияни кучайтириш юзасидан амалий таклифлар, кўрсатмалар илгари сурилгани бежиз эмас.

Мазкур анжуманда Президентимизнинг «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» деган фикри маънавий тарбиянинг жамият ва инсон тақдиридаги аҳамияти нақадар юксак эканлигини англатади. Шундай экан, маънавий тарбия жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, ёшларнинг маънавий баркамол шахс, Учинчи Ренессанс пойдеворининг ижодкори бўлиб шаклланишида алоҳида аҳамиятга эгадир.

Дарҳақиқат, ёшлар ҳаётимизда катта куч, давлатимизнинг келажаги. Юртимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, комиллик сари интилаётган, ватан равнақи учун фидойи меҳнат қилиб бошқаларга ибрат бўлаётган йигит-қизлар жуда кўп.

Шу билан бирга, “шоли курмаксиз бўлмайди” деганларидек, бу шароитларнинг қадрига етмай, “ўқишга борсам етар, ­ингрансам куним ўтар” қабилида, вақтини бекорга ўтказаётган масъулиятсиз талаба ёшлар ҳам борлигидан, афсуски, кўз юмолмаймиз. Таълим-тарбияда, одобу ахлоқда, кийиниш маданиятида чегарадан чиқиб кетаётган ёшларнинг тез-тез учраб туриши ҳам аччиқ ҳақиқат. Умуман, талаба ёшлар маънавиятини бузадиган, одобу ахлоқига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар тобора кўпайиб бормоқда. Баъзи ёшларнинг миллий қадриятларимиздан узоқлашаётгани сезилаяпти.

Масалан, биргина талаба ёшларнинг кийинишини олайлик. Бу гап, асосан, қизларга тегишли. Сир эмас, қизларнинг кийиниш одоби гоҳида жамоатчиликда норозилик уйғотмоқда. Кўча-кўйда, ўқув даргоҳларида баъзи қизларнинг калта юбка, тор шим ёки майкасифат кўйлак кийиб, очиқ-сочиқ юришлари ташвишли ҳолдир. Бу ҳаракат миллий қадриятларимизга қанчалик мос? Ота-оналар қизларининг бундай кийинишига нега йўл қўйди экан, деган фикр хаёлдан ўтади.  Кийим ҳам миллий қадрият белгиси. Ҳар бир миллат, агар у ўз миллатини ҳурмат қилса, қадриятларини ҳам эъзозлаши лозим эмасмикин?

Сўнгги йилларда бу масалада аёллар билан “мусобақалашадиган” эркаклар чиқиб қолди. Назаримда, улар гўё  “аёллар шимларимизни тортиб олди, навбат бизники”, деб гулли матолардан, атласлардан костюм-шим ёки гулли кўйлак киядиган бўлди.  Бу қиёфа кўпроқ “юлдузлик касали”га учраган ёш хонандаю созандаларда кўринмоқда. Бундай “санъаткорлар”нинг телеэкранларда тез-тез кўринаётгани кўпчиликнинг ҳавасини эмас, аксинча, ғашига тегаётганини наҳотки улар сезишмаса?  Тўғри, кимнинг қандай кийиниши ўз эркида. Уни тақиқлаб қўйиш учун ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган.

Лекин  бу масала маънавиятга даҳлдор экан, биз миллий қадриятларни ҳурмат қилиш, уни ҳаётга жорий этиш ҳақида гапирар эканмиз, бу “эркинлик”га қисман чегара қўйиш вақти етмадимикин?

Сўнгги йилларда талаба қизлар орасида кийинишнинг “антиқа” бир шакли ҳаётимизга кириб келди. У шимга ҳам ўхшамайди, жуда тор ва тиззагача келадиган калта ҳамда очиқ оёққа кийилган туфли. Бу кийим шакли, асосан, Ўзбекистон телеканалларида суҳбат уюштирадиган баъзи бошловчи қизларда намоён бўлмоқда. Айтайлик, суҳбатдош кийиниш бобида бекаму кўст.

Шундай экан мухбир ҳам суҳбатдошига мосроқ кийиниши керак эмасми? Борингки,  суҳбатга таклиф қилинган инсон ёши улуғроқ бўлса, мухбир унинг қаршисида ярим яланғоч шим кийиб, оёқларини қалаштириб  ўтириши миллий одобимизга қанчалик тўғри келади. Мазкур кийиниш модапараст ёш қизлар орасида оммалашаётгани, айниқса, олий ўқув юртларига ҳам кириб бораётгани ташвишли ҳол эмасмикан?

Узоқ йиллардан бери Олий ўқув юртида таълим-тарбия билан шуғулланиб келаман. Талабаларнинг юриш туриши, кийиниши,  муомала одобини кузатиб бораман.  Сабаби, вазифамиз фақат таълим беришдангина иборат бўлмай, тарбия билан ҳам шуғулланиш бизнинг зиммамизда. Жамоатчилик ёшларнинг кийинишидан қониқиш ҳосил қилмаётган бир паллада баъзи қизлар яна бир янгиликни “кашф” этишди. Сочни орқасига тўзғитиб, ёйиб қўйиш. Бетартиб соч толалари уларнинг  юз-кўзларини шундай қоплаб оладики,  баъзан талаба қизларни таниш ҳам қийин.

Қайсидир бир гуруҳда талабаларга маъруза ўқиётган эдим.  Бир талаба қизнинг ҳаракати диққатимни тортди. Эътибор бермасликнинг иложини топмадим. Талаба курсдош қизлари ўртасида ўтирарди. Қизнинг елкасига бетартиб ёйилган соч толалари тез-тез унинг юз-кўзига “бостириб”  келаверарди. Маъруза ёзишга ҳалақит бераётганини кўриб турардим. У эса бот-бот икки қўли билан сочларини силкитиб-силкитиб яна елкасига ташларди. Орқада ўтирган талабалар бу ҳаракатдан норозилигига у бефарқ эди. Икки ён томонида ўтирган курсдошларини ҳам безовта қилиб, диққатини чалғитаётганига у мутлақо эътибор бермасди. Қизлардан бири чидамади шекилли, қўл кўтарди: “Домла, илтимос орқа партага ўтиб ўтирсам майлими?”, — деди. Розилик билдирдим ва ўз ҳаракати билан бошқаларга ҳалақит бераётган қизни огоҳлантиришга мажбур бўлдим.  “Сочларингни тартибга сол, турмаклаб қўй”, дедим.

Дин вакилларидан бирининг телевидение орқали чиқишида  айтган бир фикри эсимда қолган эди. Аёллар қандай вазиятларда сочларини ёйиб, тўзғитиши мумкин, деган саволга у тахминан шундай жавоб берганди: “Агар аёл кишининг яқинларидан бири оламдан ўтса, марҳум ёки марҳумага садоқати ва меҳрини шу шаклда изҳор этиши  мумкин. Бу диний китобларда белгилаб қўйилган”.

Шундай экан, бугунги эркин ва фаровон ҳаётимизда ёш қизларнинг бу ҳаракатлари қанчалик  мантиқли? Миллий қадриятларимизга, ёшлар маънавиятига алоқаси қай даражада?

Ёшлар, маънавияти билан яна бир салбий ҳолатга тўхталмоқчиман. Бу телевидение кўрсатувлари билан боғлиқ ҳодиса. Ёшлар телеканалининг “Гаплашамиз” кўрсатувида бошловчи суҳбатдош ёш “юлдуз” хонандага савол бераяпти: “Устозларингиз борми? Улар кимлар?” Жавоб: “Менинг устозим йўқ, ҳаммага устоз бўлиши шарт эмас. Устоз сизни чегаралаб қўяди. Мен мустақилман. Нимага эришган бўлсам, фақат ўзим эришдим”. Хўш бу жавобга нима дейсиз?

Халқимиз, «устоз кўрмаган шогирд, ҳар мақомга йўрғалайди», «устоз отангдек улуғ» деб турганда, ёки ҳазрати Алишер Навоий устозларини улуғлаб шоҳ байтлар битган бир маҳалда, қанчадан қанча  буюк санъаткорлар устозларидан ибрат олиб буюклик шоҳсупаларига кўтарилганини эътироф этиб, уларни улуғлаб, таъзим қилиб турган бир пайтда, “ўзи бўлган Гўрўғли” ёш хонанданинг жавоби қанчалик ўринли? Келажакда устоз танлайман, устозлардан таълим олиб, катта саҳналарга чиқиб танилган санъаткор бўламан, деган орзуда юрган ёшларга бу фикр қанчалик таъсир кўрсатади? Бу гапнинг маънавиятга даҳлдорлиги борми? Шунга ўхшаган яна бир мисол. Бу ҳам “Гаплашамиз” кўрсатуви орқали эфирга берилди. Бу ердаги суҳбатдош ҳам ёш қўшиқчи. Унинг гапи: “Хонанда саҳнага чиққанда унинг кўриниши  муҳим эмас. Тингловчи фақат унинг қўшиғини эшитади”.  Менимча, биз ташқи кўриниш деганда, биринчи навбатда хонанданинг кийинишини тушунамиз.

Бу гапдан телеэкранда ёки саҳнадами хонанданинг миллийлигимизга ёт, ярим яланғоч кийимда чиқаверса бўлади, деган маъно чиқмайдими? Гапнинг рости, хонанда қўшиғини  кўзини юмиб эшитадиган томошабин  бўлмаса керак. Энг аввало, томошабин хонанданинг кийиниш маданиятига эътибор беради ва хаёлида баҳолайди.

Муаммонинг ачинарли томони шундаки, суҳбатни бошқараётган мухбир бу масалаларга ўз муносабатини билдирмайди, суҳбатдошининг фикрини мақуллаб қарсак чалиб ўтираверади. Бу сизга эриш туюлмайди? Бундай миллийлигимизга ёт кийимларда саҳнанинг икки томонига йўрғалаб қўшиқ айтадиганларга ҳавас қиладиган томошабинлар ҳам йўқ эмас албатта. Бу масалада телевидениенинг “ҳиссаси” жуда катта деб ҳисоблайман.

Айтайлик, ўхшовсиз, миллий диддан холи кийинган хонандаларни телеэкранда бугун кўрган ёшлар, бир ҳафтадан кейин, уларни  худди шундай кийимда кўчада ёки олийгоҳда кўрасиз. Таажжубли томони шундаки, бу “мода” олийгоҳларга ҳам кириб келмоқда, уларга тақлидчилар кўпайиб  боряпти.  Бу жамоатчиликда норозилик кайфиятини уйғотаётгани менимча, сир эмас. Телевидение кўрсатувларини миллионлар томоша қилади. Яхшими ёмонми ундан кўпроқ ёшлар ибрат олади, тақлид қилишга уринади.

Шундай экан, ёшлар тарбиясига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган бу хилдаги дас­турларни таҳрирсиз, қандай бўлса шундайлигича намойиш этавериш тўғри бўлармикин? Мавзу билан боғлиқ яна бир телекўрсатувдан жуда ранжидим. Мухбир суҳбатдоши, ёш бир таниқли аёл хонандага савол бераяпти.(Унинг замонавий кийинишига «гап йўқ!»): Ҳамиша сизнинг сумкангизда икки минг доллар юради. Хонанда мийиғида кулиб жавоб бермоқда: «Ҳа!» Хўш, бу савол қанчалик ўринли? Қайси ҳонанданинг сумкасида қанча доллар юришининг томошабинга қандай даҳли бор? Мухбир бу савол билан нима демоқчи? Бу масалага мухбирнинг муносабати бўлиши керак эмасми? Мухбир эса томошабин, жим. Бунинг ўрнига: сиз бойсиз, бадавлатсиз. Кимларга моддий ёрдам бердингиз? Ҳомийлик қилган оилаларингиз борми? Хайр-саховат қилганмисиз деб сўрагани маъқул эмасмикин? Бундай мисолларни давом эттиришим мумкин эди.

Афсуски, бу хилдаги «хотамтойликлар» тез-тез учраб турадики, бу ҳам маънавиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бири деб ҳисоблайман.

Ёшлар маънавиятига даҳлдор яна бир муаммо бор. Бу талабаларнинг қўл телефонларидан фойдаланиши  билан боғлиқ масала. Ҳозирда қўл телефонига эга бўлмаган талаба йўқ, ҳисоби. Энг қимматбаҳо қўл телефонлари айнан талабаларда, десам, фикримга қўшиларсиз. Майли, бу яхши. Иқтисодий таъминланганлик белгиси дейлик. Қўл телефонининг фойдали томонлари кўп. “Сотка” талабаларнинг дунё билан мулоқот қилиши, ижтимоий тармоқлардаги кундалик янгиликлар, интернет материаллари билан танишиб боришда қулай восита эканлигини ҳамма билади. “Сотка”га ҳеч ким қарши эмас. Қаршилик кўрсатишнинг имкони ҳам йўқ. Гап ҳозир бу ҳақда эмас.

Гап шундаки, танганинг икки томони бўлганидек, қўл телефонининг фойдали томони билан бирга зарарли томони ҳам бор. Ҳамма талаба ҳам танганинг фақат бир томонини кўриш билан чекланмайди. Талабага салбий таъсир кўрсатадиган танганинг иккинчи томонига ҳам назар ташлаб туради. Ғайриинсоний маълумотлар баъзи талабаларни тўғри йўлдан адаштираётгани, маънавий баркамолликка эмас, тубанликка тортиб кетаётгани сир бўлмай қолди. Республикамиздаги баъзи олий ўқув юртларидаги айрим талабалар  хориждаги бузғунчи гуруҳлар билан “сотка” орқали боғланиб, ҳамкорлик қилишга уринаётгани аниқланди.

Масалан, баъзи талабалар қонли тўқнашувлар давом этаётган Сурияга боришга, жиҳодчилик ҳаракатига қўшилишга қарор қилиб, жўнаймиз, деб турганда тегишли ташкилотлар ходимлари  томонидан тўхтатиб, қўлга олингани  тўғрисида теле экран орқали маълумот берилди. Ушланганларнинг интервьюларини эшитиб, ниҳоятда афсусландим.  Бахтиёр, гуллаб яшнаётган, озод ва эркин ватанини қандайдир қонли тўқнашувлар ўчоғига айланган бегона бир юртга алмаштиришга уринган талабаларга нисбатан кўнглимда норозилик туғилди. Бу, талабанинг “сотка”дан ғаразли мақсадда фойдаланишининг оқибати эмасми? Олий ўқув юртининг ҳар бир талабаси чўнтагида қўл телефони бор. Сўзнинг дангали, талаба “сотка”нинг қулига айланиб улгурди. Уни аудиторияга ҳам олиб киради. Талабаларга хонада қўл телефонларини ўчириб қўйиш топширилади.

Айрим масъулиятсиз талабалар уни ўчириб қўйишни баъзида унутиб қўяди, ёки бу топшириқ гўё унга алоқадор эмасдек. Оқибатда, дарс пайтида у ер, бу ердан “сотка”лар жиринглаб қолади. Фақат домланинг эмас, бошқа талабаларнинг ҳам диққати бўлинади. Аудиторияда айрим талабаларнинг  қўл телефонини ўйнаб ўтиргани, ёшларга тўғри келмайдиган ғайриахлоқий манбалар билан танишгач, “хаёл дунёси”га шўнғиб, паришонхотир ўтирганлари учраб туради. Бундай талабаларнинг билим даражаси, одобу ахлоқ бобидаги савияси ҳамин қадар. Уларнинг шу даражага тушиб қолишида “сотка”нинг “ҳиссаси” йўқ деб айта оласизми?  Шундай экан, ҳеч бўлмаганда талабанинг “сотка” билан Олий ўқув юрти биносига кириши мумкин эмаслиги тўғрисида бирор расмий ҳужжат қабул қилинса, бу кўнгилсизликларнинг олди олинган бўларди.

Талаба маънавияти билан боғлиқ яна бир масала бор. Бу Олий ўқув юртига талабалар қабул қилиниши билан боғлиқ жараён. Маълумки, ёшларнинг Ўзбекистондаги хоҳлаган Олий ўқув юртига кириб ўқиши учун шароит яратилди. Бир эмас, бирданига бир вақтнинг ўзида бир неча Олий ўқув юртига ҳужжат топшириш ҳуқуқи берилди. Бу яхши имконият.

Қорақалпоғистондаги барча Олий ўқув юртларида бошқа вилоятлардан келиб таълим олаёт­ган талабаларнинг йилдан йилга кўпайиб бораётгани ҳам ҳақиқат. Мен фаолият кўрсатаётган Нукус давлат педагогика институти ҳам шу рўйхатга киради. Институтимизда бошқа вилоятлардан, айниқса, хоразмлик талабалар жуда кўп.

Лекин бу жараённинг муаммоли бир жиҳати ҳам бор. Бош­қа вилоятлардан келган талабалар кўпинча биринчи курсни томомлаши биланоқ, ўқишни ўз вилоятларидаги ўқув юртларига кўчириб кетишади.

Масалан, НДПИ нинг ўзбек тили ва адабиёти йўналишининг биринчи курсига юз талаба қабул қилинган бўлса, шулардан қарийб ярми ўқув йили тугагач, таълимни иккинчи курсдан давом эттириш учун ўз вилоятларига қайтиб кетади. Қанчадан қанча ўрин бўшаб қолади. Қорақалпоғистонда таълим бошқа тилда олиб бориладиган мактабларда ўзбек тили давлат тили сифатида ўқитилади. Бу мактабларни ўзбек тили ўқитувчилари билан таъминлаш вазифаси Қорақалпоғистондаги шу йўналишдаги Олий ўқув юртлари зиммасига юкланган. Кўп мактабларда, айниқса, республиканинг чекка туманлари, масалан, Бўзотов, Мўйноқ, Тахтакўпир, Қўнғирот ва бошқа айрим туманлардаги мактабларда ўзбек тили ўқитувчиси етишмайди. Давлат тилини бошқа соҳа, айтайлик, жисмоний тарбия, биология, тарих ёки бошқа бир соҳа ўқитувчилари ўқитаётгани ҳам бор гап.

Тўғри, улар Қорақалпоғистондаги ўқитувчилар малакасини ошириш институтида ўзбек тили бўйича бир ёки икки ой, балки ундан ортиқроқ муддат ўқиб “ўзбек тили ўқитувчиси” деган гувоҳнома олишади. Бу қанчалик тўғри? Шу муддатда у ҳақиқий ўзбек тили ўқитувчиси касбига эришиши мумкинми?

Бу масаланинг талаба маънавиятига қандай алоқаси бор, деган фикр хаёлингиздан ўтган бўлиши шубҳасиз. Бирор ёш олий ўқув юртига қадам қўяр экан, энг аввало, ўзи истиқомат қилаётган ҳудудга хизмат қилишни, маънавий-маърифий ҳаёти ривожига ҳисса қўшишни ният қилса керак. Бу чинакам элпарварлик, ватанпарварлик белгиси, албатта. Бу ҳаракат таҳсинга лойиқ. Шундай бўлса-да, катта орзулар билан олийгоҳимизга кириб келган ёшлар ўқув юртини тугатгач, қарийб тўрт йил нону тузидан баҳраманд бўлган, таълим-тарбия масканини унутмай унга ҳам хизмат қилишни фарзандлик бурчларидан бири ҳисоблашларини жуда-жуда хоҳлаган бўлардик. Бу ҳам, менимча, талабанинг юксак маданияти, маънавий баркамоллигидан дарак берадиган фазилатдир.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланган, бошқа ҳудудлардаги олис мактабга бориб дарс берадиган ўқитувчилар учун қўшимча имтиёзлар яратилиши бу муаммонинг самарали ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Давлат тили” ҳақидаги қонун”нинг мавжудлиги, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ва унда миллий тилимиз сиёсатига доир илгари сурилган ғоялар, таклиф ва вазифалар, қолаверса, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳеч бир фуқарони бефарқ қолдирмайди.

Чунки, бу тадбирларнинг ҳар бири ўзбек тили тараққиёти учун ғамхўрлик қилишга, ҳаётимизга, амалий фаолиятимизга тўлақонли жорий этишга йўналтириши тайин. Мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юрти ходимлари тил сиёсати соҳасида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишда фаоллик кўрсатишлари, ўз-ўзидан аёнки, бу қоидаларни амалиётга тадбиқ этиш, биринчи навбатда, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари мазкур соҳани келажакда ўз касбига айлантиришга қарор қилган талабалар учун ҳам қарз ҳам фарздир. Ўз она тилини чин дилдан севган, унинг қоидаларига тўла амал қилган инсон қайси касб эгаси бўлишига қарамай, маънавияти комил шахс саналади ва улар зиёлилар қатламида жуда кўп.

Тақдирини ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисидек  шарафли касбга бағишлашга қарор қилган талаба ёшларимиз, албатта, илғор зиёлилар қатламида бўлишларини хоҳлаган бўлардик.

Ёшлар маънавиятининг яна бир оғриқли нуқтаси бор. Бу – коррупция билан боғлиқ муаммо. Талаба маънавияти тўғрисида гапирганда  бу масалани четлаб ўтишни лозим топмадим. Сир эмас, коррупция атамаси тилга олиниши биланоқ, биринчилар қаторида, Олий ўқув юртлари кўз олдимизга келади.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Яқин-яқинларгача бу иллат олий таълим тизимида авж олгани кўпчиликка маълум. Ўқишга киришдан тортиб, то битиргунга қадар  бу иллат баъзи Олий ўқув юртларида “ҳаракат”да бўлганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Бу иллат таълим-тарбия сифатига зарар етказгани, бир қатор нохушликларни келтириб чиқарганини халқимиз ҳали унутгани йўқ. Баъзи ота-оналарнинг коррупция йўли билан  фарзандларини ўқишга киритгани, уларнинг кўпчилиги таниш-билишчилик, порахўрлик “механизм”ини ишга солиб, бир амаллаб олий маълумотли  дипломга эга бўлганлигини  жамоатчилик билади. Бу ёшлар маънавиятига берилган зарба эди. Кейинги уч-тўрт йилда бу иллатдан қутулиш чоралари кўрилди.

Муҳтарам Юртбошимиз коррупцияга қарши кураш олиб бориш бўйича бир неча қарорлар қабул қилди. Қарор ҳаётга жорий қилинмоқда. Самаралари ҳам кўринаяпти. Олий ўқув юртига кириш тестларининг адолатлилиги, шаффофлиги таъминланди. Ҳақиқий билимли ёшларнинг ўқишга кириши учун шароит яратилди. Коррупциянинг олди олинди. Энди кимларнингдир ҳомийлиги, таниш-билишчилик, пора бериб ўқишга кириш “тажриба”си деярли тугатилди. Таълим тизимининг бошқа соҳаларида ҳам шаффофлик, адолат билан иш кўриш бош мезонга айланди.

Масалан, ўзим фаолият кўрсатаётган Олий ўқув юртида коррупцияга қарши жиддий кураш бошланди. Нафақат тарғибот, назорат ҳам кучайтирилди. Ҳар бир профессор-ўқитувчининг фаолияти, бу иллатга муносабати ўрганиб чиқилди, таъмагир ёки таъмагир эмаслиги талабалардан сўровномалар орқали аниқланди, чоралар кўрилди.

Лекин бу билан мен бу  иллат юз фоиз тугатилди, деб айтсам, нотўғри гапирган бўламан. Ҳали ҳам виждонини жиғилдонига айлантирган, талаба чўнтагига кўз олайтирадиган домлалар йўқ деб хулоса чиқаришга эртароқ.

Ҳурматли ўқувчи! Мақолада талаба маънавияти билан алоқадор, кўп йиллардан бери мени ўйлантириб юрган, ёшларнинг миллий-маънавий қадриятлардан узоқлашишига сабаб бўлаётган баъзи салбий ҳолатларга шахсий мулоҳаза тарзида муносабат билдирдим. Баъзи талабаларнинг кийиниш маданияти, одобу ахлоқи, она тилига муносабатидаги нуқсонлар, қўл телефонидан фойдаланишдаги “ўзбошимчалиги”, таълимга қизиқишнинг пастлиги, коррупция ва талаба  маънавияти, таълим-тарбияга тегишли, бошқа ёқимсиз ҳаракатлар, четдан қараганда, аҳамиятсиз, майда-чуйда масалалардек кўриниши мумкин. Аслида, менимча, ундай эмас. Бу ҳаракатлар,  бевосита талаба маънавияти билан боғлиқ экан, унга юзаки қараб бўлмайди. Уни назорат қилиш, керак бўлса чора кўриб бориш лозим. Қандай талабани комил инсон қиёфасида кўра оламиз? Маънавияти юксак, илм-билимга чанқоқ, изланувчан, мустақил фикрига эга, одобу ахлоқ, юриш-туришда бошқаларга намуна, миллий қадриятларни асраб-авайлаб, уни бойитишга астойдил ҳаракат қиладиган талаба, сўзсиз, маънавий баркамол шахс саналади. Ҳавас қилса арзигулик бундай ёшлар, талабалар кўп. Мақолада талабалар, ёшлар маънавияти билан боғлиқ тилга олинган салбий ҳолатлар эса ёшларни комилликка эмас, маънавий қашшоқликка етаклайдиган, миллий ўзлигини унуттиришга “хизмат” қиладиган яроқсиз омиллардир. Бу жараёнга бефарқ қараш нотўғри. Талаба маънавияти баркамоллик мезонларидан бири экан, уни ҳар хил келгинди “оммавий маданият” шиори остида ҳаётимизга кириб келаётган бизга мутлақо ёт унсурлардан ҳимоя қилиш, миллий анъаналаримиз руҳида тарбиялаш, ўз миллий қадриятларидан фахрланиш, ғурурланиш туйғуларини шакллантириш, наинки, ота-она, таълим-тарбия тизими ходимлари, балки кўпчиликнинг ҳам масъулиятли вазифаларидан бири бўлиши керак.

Янги Ўзбекистон миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қизғин киришган бир даврда, бу вазифани амалга ошириш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Каримбой Қурамбоев,

Филология фанлари доктори,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти профессори.