Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн еттинчи сессияси тўғрисида ахборот


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган сессияда Олий Мажлис Сенати ва ҳукумат аъзолари, секторлар, тегишли соҳалар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов кириш сўзи билан очди. Дастлаб депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибида дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларига юборилган депутатлик сўровларининг ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Бу бўйича регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича комиссияси раиси К.Каримов маъруза қилди.

Президентимиз ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги халқнинг муаммосини ечишда жонкуярлик кўрсатиши, халқнинг дардини тинглаши зарурлиги, шунда ўз сайловчиларига берган ваъдасининг устидан чиқиши, халқнинг ишончига эришишини таъкидлаган эди.

Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари халқнинг ишончига эришиш мақсадида ўз ваколатлари дои­расида сайловчилар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда қатнашишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, ўтган йили бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда депутатлар фаол иштирок этди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлик корпуси томонидан давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган давлат дастурларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган ишлар сезиларли даражада илгариламоқда.

Жўқорғи Кенгесда, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида депутатлар томонидан маҳаллий бюджетни тасдиқлаш, унинг бажарилишини назорат қилишдан бошлаб, ҳудудлардаги муҳим масалалар сессияларда кўриб чиқилиб ҳал этилмоқда. Шунингдек, сессияларда маҳаллий давлат бош­қаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини доимий тинглаб бориш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси депутатлар корпуси фаолиятини тубдан ўзгартириб қонунчиликда белгиланган ваколатларидан фойдаланиш самарадорлигини орттирмоқда.

Бироқ, депутатлар корпуси вакилларининг тўлиқ фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи айрим омиллар, жумладан парламент назоратининг зарур институтларидан бири ҳисобланган депутатлик сўровидан фойдаланиш, унинг кафолатларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий масалалар бўйича муаммолар мавжудлиги аниқланмоқда. Жумладан, мансабдор шахслар томонидан депутатлар олдидаги ўз вазифасини бажармаслик, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш, депутатлик сўровига юзаки қараш, уни кўрмасдан қолдириш, кўриб чиқиш муддатларини сабабсиз бузиш ёки нотўғри маълумотларни тақдим этиш ҳолатлари учрамоқда. Мазкур камчиликларни бартараф қилиш Жўқорғи Кенгес депутатларининг обрўсини ошириш ва давлат органларининг депутат сўровига бўлган нуқтаи назарини ўзгартириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига парламент сўрови юбориш маъқул деб топилди.

Депутатлар ва сиёсий партияларнинг Жўқорғи Кенгесдаги Фракциялари раҳбарлари бу муҳим масала бўйича ўзларининг фикрларини билдирди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, сессияда “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида олиб борилаётган чоралар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирининг ҳисоботи тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Маданият вазири К.Турдиев маъруза қилди. Кун тартибидаги масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилишди.

Шундан кейин “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг айрим қўмиталари таркибига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги масала кўриб чиқилди. Бошқа ишга ўтиши муносабати билан Шукурулла Атаниязовни Жўқорғи Кенгеснинг Аграр, сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг раиси лавозимидан озод қилиш бўйича депутатлар қарор қабул қилишди.

Жўқорғи Кенгеснинг Аграр, сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг раиси лавозимига 52-сонли “Қырантаў” сайлов округидан Жўқорғи Кенгес депутати Утамбетов Дуйсенбай Уснатдиновичнинг номзоди таклиф этилди.

Б.Утамбетов Аграр, сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг раиси лавозимига сайланди ва бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раисининг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала кўрилди. Ушбу лавозимга Шлимбетов Женисбай Қурбанбаевичнинг номзоди тавсия этилди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилишди.

Кун тартибидаги навбатдаги Қорақалпоғистон Республикаси Суди раисининг ўринбосарларини сайлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ, Адилов Абилай Ағитаевични Қорақалпоғистон Республикаси Суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари, Тарихов Камол Мақсетбаевични Қорақалпоғистон Республикаси Суди раисининг фуқаролик ишлар бўйича ўринбосари этиб сайлаш ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судялар Олий Кенгашининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган таклифи депутатларга билдирилди. Бу масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.

Депутатлар Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлади.

Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн еттинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.