Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси тўғрисида ахборот


Шу йилнинг 23 октябрь куни Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Республикамизнинг шаҳар ва туманлари билан видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган сессияда  Олий Мажлис Сенати ва ҳукумат аъзолари, секторлар, соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари республика, шаҳар ва туман студияларидан иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Кун тартибида дастлаб Қорақалпоғистон Республикасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, иқтисодиётнинг барқарорлигини ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифамиздир.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, ҳар бир ҳудуд бўйича аҳолининг кейинги йилнинг май ойигача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ушбу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан сектор раҳбарларининг маҳаллий Кенгаш сессияларида ахборот бериши, уларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш лозимлиги ҳамда қисқа фурсатда ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармаларни ташкил этиш вазифаси белгиланди.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб “Озиқ-ов­қат хавфсизлигини таъминлаш” жамғармаси ташкил этилмоқда. Мазкур жамғарманинг ташкил этилиши аҳолини кундалик эҳтиёжлари учун талаб қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда, бозорларда ­нархларнинг барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тажиев сўзга чиқиб, ­Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор ­йиғилишида ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-навонинг барқарорлигини сақлаш бўйича муҳокама этилган масалаларнинг аҳамияти, унинг ижросини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Сессияда сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари А.Тажетдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори Ф.Алламбергенов, Ички ишлар вазири А.Темирханов, Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчанов, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқарма бошлиғи М.Юсупов сўзга чиқиб, ўзларига бириктирилган ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда баҳонинг барқарорлигини сақлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтишди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг айрим қўмиталари ва комиссияси таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги кейинги масала, “Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича Қўнғирот туманида амалга оширилаётган ишлар жараёни юзасидан туман ҳокимининг ахбороти тўғрисида”ги масала кўрилди. Бу борада Қўнғирот тумани ҳокими Қаллибек Халмуратовнинг ахбороти тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди. 

Депутатлар Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.