Нуфузи ортиб бораётган «Ҳурлиман»


Талаба-ёшларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиши билан бир қаторда ўз истеъдодларини намоён қилиш имкониятлари ҳам мавжуд. Айниқса, бу борада ўқув даргоҳларида ташкил этилган турли хил тўгараклар ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватловчи клублар, жамоалар фаолияти қўл келмоқда. Мана шундай  масканлардан бири Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талаба-ёшлар иштирокида ташкил этилган “Ҳурлиман” халқ ансамблидир. Университет жамоаси ҳамда талаба-ёшларининг фахрига айланган “Ҳурлиман” ансамблининг фаолият бошлаганига бу йил 51 йил тўлаяпти. Қорақалпоқ халқининг классик шоири Бердақ бобомизнинг бахши қизи Ҳурлиман номи билан аталган ушбу ансамбль бугунги кунга қадар олий ўқув юртлари, қолаверса, мамлакат миқёсида ўтказиб келинаётган жуда кўп тадбирларда муносиб иштирок этиб келмоқда.

Ансамбль жамоасининг асосий мақсади талаба-ёшларнинг истеъдодларини  юзага чиқариш, қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, Ватанга, ота-онага, оилага ҳурмат, меҳр-муҳаббат туйғуларини мадҳ этишдан иборат.

Шуни алоҳида таъкидлаш ­жоизки, «Ҳурлиман» халқ ­ансамбли талаба-ёшларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, миллий маданиятимиз ва ­санъатимизни ривожлантириш, ёшларни комил инсон сифатида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Айниқса, истиқлол ­йилларида «Ҳурлиман» ансамбли фаолиятига эътибор янада кучайди. ­Ансамбль аъзолари хорео­график, этнографик, қўшиқчилик ва бош­қа йўналишларда ўз ижоди билан ­халққа танила бошлади. ­Ансамблда халқимизнинг таниқли  ҳамда тажрибали устозлари, қўшиқчилар, балетмейстерлар, композиторлар, режиссёрлар ­фаолият олиб боришди. «Ҳурлиман» ансамблининг бугунги нуфуз ва мавқеига эришишида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мукофоти совриндори, Қорақалпоғистон ва ­Ўзбекистон халқ артисти Н.Ансатбаев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, «Эл-юрт ҳурмати», «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, бастакор Н.Муҳаммеддинов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Қ.Заретдинов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Б.Муродов, Ў.Муродова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ёшлар устози, балетмейстер З.Пирлепесова, режиссёр ­А.Елмуратов ва бошқаларнинг муносиб ҳиссаси бор.

«Ҳурлиман» ансамбли ­анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ягонамсан,  муқаддас Ватан”, “Ўзбекис­тон Ватаним менинг” кўрик-танловларида сов­ринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Эътиборлиси, “Ягонамсан, муқаддас ­Ватан” республика кўрик-танловида тўрт йил давомида биринчиликни қўлдан бермади. Бундан ташқари, ансамбль жамоаси 2002 йили АҚШ да ўтказилган “Буюк ипак йўли” фестивалида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Шунингдек, 2003 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро “Шарқ тароналари” фольклор мусиқа фестивалида “Офарин” мукофоти билан тақдирланди. 2010 йили университет талабалари Л.Муҳаммеддинова ҳамда Ж.Пиязовлар “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлишди. Мана шундай муваффақиятлари натижасида 2014 йили Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан “Халқ ансамбли” унвони берилди.

Бугунги кунда «Ҳурлиман» ансамбли репертуарида халқимизнинг 50 дан ортиқ миллий ва бошқа ­халқларнингқўшиқ ва рақс­лари мавжуд. Ансамблга 1968 йили асос солинган бўлиб, бугунги кунга қадар жуда кўплаб устоз санъаткорлар раҳбарлик қилган ва ҳамкорликда фаолият юритган. Айниқса, 40 йилдан ортиқ давр мобайнида Ўрингул Муродова ушбу ансамблга бадиий раҳбар сифатида унинг ҳар томонлама ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.

— Университетда талабалар фақатгина билим олмасдан, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, айниқса, истеъдодларини юзага чиқариш имконига ҳам эга бўлишади, — дейди «Ҳурлиман» халқ ансамбли бадиий раҳбари, Қорақалпо­ғистонда хизмат кўрсатган артист Султон Дуйсенбаев.

— Бу борада талаба ёшлар таркибидан тузилган «Ҳурлиман» халқ ансамблининг ҳиссаси катта. Шу кунга қадар Ўзбекистон халқ бахшиси Т.Қаллиев, Қорақалпоғистон халқ бахшиси Г.Алламбергенова, Қорақалпоғистон халқ жирови Б.Сиримбетов,  Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Б.Темирбаев каби жуда кўплаб санъат соҳаси вакиллари етишиб чиқди. Жамоанинг Наврўз байрами, мустақиллик, Конституция кунлари муносабати билан ўтказиладиган турли тадбирлардаги чиқишлари томошабинлар томонидан юксак баҳоланиб келинмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қорақалпоқ миллий ўйинларини саҳналаштириб, томошабинлар эътиборига ҳавола этишда ансамбль жамоасининг либосларига алоҳида эътибор қаратилади. Биласизми, 2016 йили қорақалпоқ хотин-қизларининг миллий кийимларидан саналган “Кўк кўйлак” саҳна либосининг бир донаси учун 1 миллион 106 минг 730 сўм пул маблағи сарфланди. Шу йили 20 дона қизлар ва 20 дона эркаклар  либосларини тиктирганмиз, кейинчалик ҳам ансамблнинг моддий-техник базасини янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Демоқчиманки, мана шундай юксак натижаларга эришишда албатта, университет раҳбариятининг хизмати катта. Яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар ёшларнинг ижодий салоҳиятини янада юксалтирмоқда.

Мухтасар айтганда, «Ҳурлиман» халқ ансамбли университет талаба-ёшларининг, қолаверса республикамизнинг ҳам севимли жамоаларидан бири. Мазкур ансамбль таркибида қанчадан-қанча истеъдодли ёшлар ўз ташаббус ва иқтидорларини намоён қилиб, юксак марралар сари парвоз қилмоқда. Зеро, «Ҳурлиман» халқ ансамбли истеъдодли ёшларга қанот бағишлаб, халқ санъати ва маданиятини бойитиб бораверади.

Феруза Нуруллаева.