Ёшлар марказида Нукус шаҳридаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчи ва ўқувчилари орасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев, “Беруний китоб дунёси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Ахунджанов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларни китоб ўқишга қизиқтириш, маънавий-маърифий, бадиий эстетик талабларга мос китобларни нашр этиш ва уни етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтишди.
Жорий йилнинг 15 февралидан 4 апрелига қадар ўтказилган китоб ярмаркасида 2500 нафар ўқитувчи ва 50 минг нафардан зиёд ўқувчилар иштирок этиб, уларга 1100 номдаги китоблар тақдим этилди.
Тадбирда “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 37-сонли мактаб 1 миллион сўмлик, иккинчи ўринни эгаллаган 14, 32, 39-сонли мактаблар 800 минг сўмлик, учинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг ҳар бири эса 500 минг сўмлик сертификат ва турли номдаги китоблар билан тақдирланди.