Маълумки, сўнгги йилларда республикамизнинг турли ҳудудларида бўш турган давлат объектларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу йилнинг 5 апрель куни бу борада яна бир муҳим ҳужжат яъни, Президентимизнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қарори қабул қилинди.
Биз, мазкур қарор билан жорий қилинаётган янгиликлар ва республикамизда бўш турган давлат объектларидан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Бекзод Мадаминов билан суҳбатлашдик.
— Суҳбатимиз аввалида яқинда қабул қилинган Президентимиз қарори асосида киритилаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
— Президентимизнинг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулкка, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идорасининг талабномасига асосан электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқ эгасини ўзгартириш шаклида киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади.
2020 йилнинг 1 январидан бошлаб уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш учун уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар тижорат банклари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиалларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юборилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк объектини “E-IJRO AUKSION” Ягона электрон савдо майдончасида аукцион орқали сотиш (давлат активлари қисмида) ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш натижасида вужудга келадиган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар тегишлича Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларга ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юборилади.
— Кўпчиликка маълумки, олдинлари республикамизнинг фақат чекка ҳудудларида эмас, балки пойтахт Нукус шаҳрида ҳам фойдаланилмаётган, кўримсиз аҳволга келиб қолган бино ва иншоотларни кўришимиз мумкин эди. Лекин, сўнгги икки йилда бу борада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди ва пойтахтимизда фойдаланилмай турган катта бинолар деярли қолмади. Айтингчи, шу ўтган икки йилда республикамизда қанча объект “ноль” харид қийматида сотилди?
— Албатта, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, мазкур ҳужжатлар асосида бўш турган давлат объектларини тадбиркорларга сотиш йўли билан улардан самарали фойдаланиш тизими яратилди.
Жумладан, 2017 йилда 64 та объект 60,9 млрд.сўм инвестиция киритиш ҳамда 990 та янги иш ўрнини яратиш шарти билан «ноль» харид қийматида сотилди. Шунингдек, оммавий савдоларда 3 та объект 870,4 млн. сўмга тадбиркорларга сотилди.
Ўтган 2018 йил давомида эса, давлат мулки бўлган 68 та объект 50,9 млрд. сўм инвестиция киритиш ҳамда 830 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан «ноль» қийматда тадбиркорларга сотилди.
— Ҳозирги кунда ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда сотиладиган объектлар электрон савдо майдончасига жойлаштирилаётганидан хабаримиз бор. Ушбу электрон аукцион савдоларида сотилган объектлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги Фармони асосида объектларни «E-IJRO AUKSION» (e-auksion.uz) электрон савдо майдончасига электрон аукцион савдоларига чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2018 йил 11 октябрдаги 592-сонли қарори асосида 25 та объект 1 сўм бошланғич баҳода 12,9 млрд. сўмлик инвестиция киритиш ва 217 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан электрон аукцион савдоларига чиқарилди. Шундан 2018 йилда 11 та объект 98,0 млн.сўмга 2,6 млрд. сўм инвестиция киритиш ва 67 та янги иш ўрни яратиш шарти билан тадбиркорларга сотилди.
Жорий 2019 йилнинг ўтган даврида 4 та объект 6,0 млн. сўмга, 900 млн. сўм инвестиция киритиш ва 22 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан тадбиркорларга сотилган бўлса, яна 9 та объект электрон аукцион савдоларига чиқарилган.
— Шу ўринда бир савол туғилади: Савдога қўйилган объектларнинг сотилмагани ҳам учраяптими ва уларнинг сабаблари ўрганилганми?
— Савдоларда сотилмаётган объектларнинг сотилмаслик сабаблари ушбу объектларнинг чекка ҳудудларда жойлашганлиги, инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг юқорилиги, биноларнинг жуда эскирганлигидир.
Масалан, Тахтакўпир тумани, «Кўнғироткўл» ОФЙ ҳудудида жойлашган “Дўкон” биноси туман марказидан 40 км узоқликда жойлашган. Шунингдек, Тахтакўпир тумани, Дўстлик Гузари кўчасидаги “Омборхона” биносининг инвестиция мажбурияти 2,0 млрд қилиб белгиланган ва ушбу мажбурият билан олиш истагидаги талабгор бўлмади.
— Давлат мулкларини тадбиркорларга сотишдан кўзланган асосий мақсад бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни таъминлашдир. Айтингчи, хусусийлаштирилган объектларда мажбуриятларни бажариш мониторинг қилинаяптими?
— Албатта, бу борада тегишли ташкилотлар билан биргаликда сотилган объектларда мониторинг ишлари юритиб борилади. 2017-2019 йиллар мобайнида инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларини бажариш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилган 64 та давлат мулки объектлари бугунги кунга келиб ишга туширилган. Жумладан, Нукус шаҳри Тўрткўл гузари бўйида жойлашган “Тошкент” меҳмонхонаси иморати 3,2 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 27 та янги иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилган эди. Бугинги кунда 7,914 млрд. сўм миқдоридаги инвестиция киритилиб, натижада 27 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, Тўрткўл гузари кўчасида жойлашган, “NOKIS REMMASH” МЧЖ корхонасидаги 70,06 фоиз давлат улишини инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш 19,0 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 60 та янги иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилган бўлиб, бугунги кунда 41,2 млрд.сўм миқдоридаги инвестиция киритилди. Натижада ушбу объектда 65 та янги иш ўринлари яратилди.
— Айрим тадбиркорларга тегишли объектларнинг кўп қисми бўш турганлигини, ишлаб чиқаришни умумий майдонга нисбатан жуда кам қисмида ташкил қилганини кузатиш мумкин. Ана шундай қурилиши тугалланмаган ёки сотиб олинган объектлардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
— Бу борадаги ишларни назоратга олишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Мулкдорлар томонидан фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиши юзасидан назоратни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблар асосида бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлар мулкдорларига қайта хабарномалар (огоҳлантириш) юборилди. Бундан ташқари ушбу қарорнинг мазмун моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш мақсадида Идоралараро комиссия томонидан семинар ташкил қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасида аввал хусусийлаштирилган, бугунги кунда бўш турган жами 144 та объектлардан 84 та объект мулкдорлари томонидан 88 та инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Идоралараро комиссия томонидан йил бошидан буён лойиҳа тақдим этмаган ёки лойиҳани бажармаган 25 та мулкдорга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш юзасидан хулосалар қабул қилинган.
Эътиборлиси, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш тизими яратилди. Бу эса юзлаб янги иш ўринларини яратиш билан бирга республикамизнинг маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилаётир.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ
суҳбатлашди.