ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАФОЛАТИ


Конституция — ҳар бир давлат ва миллатнинг бугуни ва келажагини белгиловчи олий ­даражадаги ҳуқуқий ­ҳужжатдир.

Конституциямизнинг ҳар бир бандида асрлар давомида шаклланган муқаддас қадриятларимиз, миллий ва умуминсоний қоидалар ўз ифодасини топган.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси чин маънода демократик конституциядир. У энг равожланган давлатларнинг конституциявий тажрибасига суянган ҳолда яратилган. ­Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида «Инсон ҳуқуқлари бутунжаҳон Декларация»сининг барча асосий ғояларини ўзида мужассам этган.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида: «Давлат халқ иродасини ифода этиб унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар» дейилган. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигининг конституциявий кафолатидир. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, обрўси, қадр-қиммати ҳамда бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари муқаддас бўлиб, улар давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Инсон ва унинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш азалдан ­халқимизнинг табиатига хос бўлган сифатлардандир. Конс­титуциянинг 14-моддасида ҳам «Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва  қонунийлик принциплари асосида амалга оширади», деб белгиланган. Бу орқали ушбу моддада: «Инсон – жамият – давлат» муносабатларида инсоннинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари устунлиги тан олинган.

Конституцияда кўп партиявийлик, фикрлар хилма-хиллиги (плюрализм) мустаҳкамланади. Ҳар бир одам фикрлаш, сўз ва ишонч эркинлигига эга, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Бу масалаларнинг самарали ҳал қилиниши жамиятимиз ва мамлакатимизнинг  демократик тамойиллар асосида ривожланишига замин яратади.

Асосий Қонунимизнинг 19-моддасида фуқароларнинг Конституция ва  қонунларда мустаҳкамлаб  қўйилган  ҳуқуқ  ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд  қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб  қўйишга  ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, 20-моддасида фуқаролар ўз  ҳуқуқ  ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг  қонуний манфаатлари,  ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги кўрсатилган. Бу ўз навбатида «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун» деган ғояни ўзида  жамлаган.

Конституцияда фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятига оид нормалар ҳам ўз ифодасини топган. Унга мувофиқ, барча фуқароларга Конституция ва қонунларга сўзсиз амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, обрўси ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурияти юкланган. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши, энг аввало, тарбия ва атроф-муҳит билан бевосита боғлиқдир. Бунинг учун Конституциянинг ҳар бир моддаси биз учун қўлланмага, ҳаётимизнинг қоидасига айланиши зарур. Шу мақсадда 2019 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Шу фармонга мувофиқ,  унинг Концепцияси қабул этилди. Концепцияда Конституцияни умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида, махалла фуқаролар йиғинлари ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш бўйича чора-тадбирлар дастури белгиланди.

2019 йил — «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номланиб, унинг асосий мақсади – халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашдир.

Муҳтарам Президентимизнинг «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», «Халқимиз биздан рози бўлиши керак» деган сўзларида катта мақсад мужассам эканлиги барчамизга маълум.

Бугунги кунда миллий демократик институт сифатида ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизда,  фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ўз ўрнини эгаллагани сир эмас. Фуқаролар йиғинлари мамлакатимиздаги энг кўп сонли фуқаролик жамияти институтидир.

Асосий Қонунимизнинг 99-моддасида маҳалла институтининг конституцион ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган.

Барчамизга маълум, жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсақоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсақоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги фуқаролар йиғинлари раислари (оқсақоллари) сайловини ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси таркиби, шунингдек, сайловни ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ушбу қарорнинг ижроси бўйича тегишли ишлар бошлаб юборилди.

Жорий йилнинг 27 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма бешинчи сессиясида «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсақоли) сайлови тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни тасдиқланди. Ушбу қонунга мувофиқ, мазкур сайлов 2019 йилнинг май ойида бўлиб ўтади.

Хулоса қилиб айтганда, жамият ривожланиб боргани сайин инсонларнинг асосий қонунга бўлган зарурати ошиб боради. Сабаби, асосий қонун эркинлик кафолати ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, қонунга мувофиқ ҳаракат қилган инсон бировнинг манфаатларига зарар етказмай ўз мақсадига эришади. Ҳуқуқий давлатнинг қуроли  ҳам, сўзи ҳам, қалқони ҳам — қонундир.

Сағиндиқ ТУРМАНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси.