«ОҚСОҚОЛ» ФИЛЬМИ ТАҚДИМОТИ


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Қорақалпоқфильм” киностудияси томонидан тасвирга олинган “Оқсоқол” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Сценарий муаллифи Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси М.Низанов, “Ўзбекфильм” киностудияси режиссёри, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими А.­аниевлардан иборат ижодий жамоа томонидан тасвирга олинган ушбу фильм меҳнат фахрийси, давлат ва жамоат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Қаллибек Камаловнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига бағишланади. Фильм республикамиздан ташқари Тошкент ва Москва шаҳарларида ҳам тасвирга олинган.

Халқим, элим деб, хизмат қилган инсоннинг меҳнати ҳеч қачон унутилмайди, орадан вақт ўтгани сайин унга бўлган ҳурмат-эҳтиром ошиб бораверади. 1926 йили Қораўзак туманида туғилиб ўсган Қаллибек Камалов қайси лавозимда ишласа ҳам ўз билими, талабчанлиги, ташкилотчилик қобилияти билан кўзга тушди. Шундан бўлса керак, унга катта ишонч билдирилиб,1963 йили Қорақалпоғистон области партия қўмитасининг биринчи секретари бўлиб сайланди ва республикамизнинг гуллаб-яшнаши  йўлида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Қисқа вақт ичида асосий бойлигимиз бўлган пахта етиштиришда Ўзбекистонда биринчилар қаторидан ўрин олди. Шоли етиштириш, чорвачилик ва бошқа соҳалар ривожланди. Нукус шаҳри ҳамда туман марказларида замонавий бинолар бўй тиклади. Жумладан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Тахиатош гидроэлектр станцияси, Бердақ номидаги Қорақалпоқ  давлат академик мусиқали театри, Нукус шаҳри Бердақ гузари бўйидаги кўп қаватли турар жойлар ва бошқа кўпгина биноларни қайд этишимиз мумкин. Қорақалпоғистонга темир йўл келиши халқимиз ҳаётидаги тарихий воқеаларининг бири бўлди. Республикамизнинг шаҳар ва туман марказларидан ташқари , энг чекка овуллари ҳам табиий газ, электр энергияси ҳамда ичимлик суви билан таъминланди.

— Халқимизнинг узоқ йиллик тарихига назар ташласак, ҳар бир асрда яшаб ўтган тарихий сиймолари билан фахрланади, — дейди фильм сценарий муаллифи Муратбой Низанов. — Улардан XVIII асрда Маман бий,  XIX асрда Айдос бий, Ерназар бий, XX асрнинг биринчи ярмида Алляр Досназаров бўлса, иккинчи ярмида республикамизни чорак асрга яқин бошқарган Қаллибек Камаловни таъкидлаш мумкин. Шу нуқтаи-назардан ушбу ҳужжатли фильм барчамиз учун ардоқли эл оғасининг ҳаёти ва меҳнат фаолиятигагина эмас, балки, Қорақалпоғистон Республикасининг янги тарихига бағишланган, десак тўғри      айтган бўламиз.

Премьерадан сўнг “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Ш.Уснатдинов, меҳнат фахрийси А.Тажиев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли бастакор Н.Мухамеддинов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири Г.Аннақиличева сўзга чиқиб, Қаллибек Камаловнинг республикамизни ҳар томонлама ривожлантириш, кадрлар тайёрлашдаги меҳнатлари ҳамда фильм ҳақидаги ўз фикрларини билдиришди.

Ўз навбатида фахрий оқсоқолимиз Қорақалпоғистон Республикаси халқига, хусусан, нуронийларга кўрсатаётган ғамхўрлиги ва алоҳида эътибори учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдирди.

Йиғилганларга республикамиз санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Д.Абибуллаев.